Жаҳон | 08:26 / 11.05.2021
21037
2 дақиқада ўқилади

Исроил Фаластинга ҳаво зарбаларини берди, 9 киши ҳалок бўлди

Душанба куни тунда Исроил армияси Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳига тегишли ҳарбий объектларга зарба берди. Олдинроқ ҲАМАС Ақсо масжиди олдидаги куч ишлатишлар учун Исроил томонга ракета зарбаларини амалга оширганди. Исроилнинг зарбалари айнан шу ҳаракатлар учун жавоб бўлгани айтилди.

Исроил армиясига кўра, ҳаво зарбалари иккита ракета бўлинмалари, иккита ҳарбий пост, ҲАМАСга тегишли туннеллар ва унга бўйсунувчи бошқа гуруҳлар объектларига берилган. Олдинроқ Ғазо секторидан Исроил томонга 150 та ракета учирилганди. Улардан аксари очиқ жойларга ташланган ёки ҳаво ҳужумидан ҳимоя техникалари ёрдамида ушлаб қолинган. Бинямин Нетаняҳу бу зарбалар жавобсиз қолмаслигини айтганди ва чиндан жавоб ўзини узоқ куттирмади.

ҲАМАС Исроил томон зарбалар берганини тан олди. Исроилнинг жавоб зарбалари оқибатида 9 нафар фаластинлик, жумладан, 2 ўсмир ҳалок бўлган. Бу ракета зарбалари алмашинуви Ақсо масжиди атрофидаги можаролар сабаб содир бўлди. Исроил полицияси рамазонда ислом олами учун муқаддас бўлган Ақсо масжидига ибодат қилиш учун борган мусулмонларга қарши қурол ишлатган. Бу охирги йиллардаги энг кескин тўқнашув бўлди. Тўқнашувлар Исроил Қуддусдан бир неча фаластинлик оилани чиқариб юборишни хоҳлаётгани сабаб бошланганди, кейин эса мусулмонларни Ақсо масжидига киритишмагач, яна авж олди.

Исроил полицияси масжид ичида ва атрофида бўлган мусулмонларга қарши кўздан ёш чиқарувчи газ ишлатди. Исроилликлар душанбани Иерусалим куни (Қуддус) сифатида нишонлаши кутилганди. 1967 йилги олти кунлик урушдан кейин Исроил Қуддусни ўз назоратига олгач, шундай кун пайдо бўлган. Шу куни яҳудийлар Қуддуснинг мусулмонлар яшайдиган маҳаллаларидан тўп-тўп бўлиб ўтишади ва одатда уруш чиқади. Бу йил яҳудийлар нишонловчи байрам рамазон ойига тўғри келгани учун Исроил полицияси Ақсо масжиди олдидан марш бўлиб юришни тақиқлади.

Халқаро ҳамжамиятда Исроил ва Фаластин ўртасидаги навбатдаги можарога муносабат билдиришди. Ражаб Эрдўған ва Рамзан Қодиров каби сиёсатчилар Исроилни зўравонликда айблади. БМТ эса ҳолатни хавфсизлик кенгашида муҳокама қилишини маълум қилди.

Мавзуга оид