Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Радован Каражич умрбод қамоқ жазосини Британияда ўтайди
Расмий Лондон Серб Республикасининг биринчи президенти, собиқ Югославиядаги уруш вақтида Босниянинг мусулмон аҳолисини оммавий қиришда айбланган Радован Каражич унга чиқарилган умрбод қамоқ жазосининг қолган қисмини Британиядаги турмада ўтказишига рози бўлди.
75 ёшли Каражич 1995 йилда Сребреница шаҳрида босниялик мусулмонларнинг оммавий ўлдирилишида, ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятларда айбланиб, 2019 йилда умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган.
Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб Каражич «геноцидда айбдор деб топилганлар саноқли одамлардан бири» эканини айтган. «У Сребреницадаги геноцид вақтида эркаклар, аёллар ва болаларнинг оммавий ўлдирилиши учун жавобгар бўлган ва тинч аҳолига қарши ўзининг шафқатсиз ҳужумлари билан Сараевони қамал қилишда ёрдам берган», деб айтилган Британия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Ҳаагадаги халқаро трибунал Каражични 13 йил давомида қидирган ва 2008 йилдагина қўлга олишга муваффақ бўлган. У 2016 йил мартида 11та айблов бандидан 10тасида айбдор деб топилиб, 40 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бироқ кейинроқ Ҳаага суди бу жазони «жуда юмшоқ» деб топиб, Каражични умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилган. Каражич адвокатларидан бири Горан Петрониевичнинг таъкидлашича, ҳукм чиқарилгандан кейин Каражич БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Ҳаагадаги трибунал билан судланганларни сақлаш бўйича келишув тузган давлатлардан биридаги турмага ўтказилиши керак бўлган. Бундай давлатлар орасида Британиядан ташқари, Австрия, Бельгия, Германия, Дания, Испания, Италия, Финландия, Франция, Швеция бўлган. Шунингдек, Сербия адлия вазирлиги Ҳаага трибунали билан Каражич қамоқ жазосини Белграддаги турмалардан бирида ўташи бўйича келишишга ҳаракат қилган.
1995 йил июлда Сребреницада босниялик серблар армияси томонидан 8 мингга яқин мусулмон ўлдирилган. Бу қатлиом Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европадаги энг йирик оммавий қотиллик ҳисобланади.
Мавзуга оид
15:20 / 13.06.2026
Эски сандиқдан топилган британча сурат: Дулси хоним излаган Боқижон Акрамов Бухоро ва Қашқадарёдан топилди
09:31 / 28.03.2026
Ўзбекистонлик талабалар Британия дипломини ҳам олиши мумкин
15:26 / 04.03.2026
Тошкентдаги янги музей мажмуаси BBC’нинг энг муҳим лойиҳалар рўйхатига киритилди
13:31 / 13.02.2026