Жамият | 00:03 / 12.05.2021
2392
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ёнидан наркотик чиққан шахс ИИБ ходимига 2 000 доллар пора бераётганда ушланди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида тезкор ходимга 2 000 доллар пулларни пора сифатида бермоқчи бўлган шахсга жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 10 май куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ тезкор ходими Қорасув маскани Баҳодир Ялангтуш маҳалласида ўзини шубҳали тутган А.Ю.ни холислар иштирокида тинтувдан ўтказганда, унинг чўнтагида 2,16 грамм оғирликдаги марихуана борлиги аниқланиб расмийлаштирилган.

Шундан сўнг мазкур фуқаро ўзига нисбатан тўпланган ҳужжатларни рўйхатдан ўтказмаслик ва тергов органи томонидан қонуний чора кўрмаслик эвазига тезкор ходимга 2 000 долларни пора сифатида таклиф қилган.

Ходим унга бир неча маротаба бу иш жиноят эканини тушунтиришига қарамасдан, у пора таклиф қилишда давом этган. Тезкор ходим ҳолат юзасидан вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.

Қайд этилишича, ходимнинг билдиргисига асосан, 11 май куни ИИВ ЎХБ Самарқанд вилояти бўйича бўлими, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ, Самарқанд шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Каттақўрғон шаҳар А.Темур кўчасида яшовчи 1987 йилда туғилган А.Ю. ИИБ ходимига 2 000 долларни пора тариқасида берган вақтда далилий ашёлар билан ушланган.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан А.Ю.га нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

 

Мавзуга оид