23:33 / 14.05.2021
26549

Абдусалом Азизов клублар раҳбарияти ва мураббийлар билан йиғилиш ўтказди. Тартибсизликлар танқид қилиниб, мураббийлар огоҳлантирилди

14 май куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов бошчилигида ижроқўм йиғилиши ўтказилди.

Фото: ЎФА

Йиғилишда қилинган ишлар ҳисоботи тингланди, дея хабар бермоқда ЎФА матбуот хизмати.

«Шунингдек, терма жамоаларнинг масъулиятли ўйинлар олдидан тайёргарлик режаси кўриб чиқилди. Ўзбекистон мезбонлик қиладиган ОФК таснифидаги йирик турнирларга юқори савияда тайёргарлик кўриш масаласи илгари сурилди. Терма жамоалар учун замонавий инфратузилма қурилиши жараёни бўйича маълумот берилди. 

Шундан сўнг Абдусалом Абдумавлонович барча клублар раҳбарлари ва бош мураббийлари билан йиғилиш ўтказди. Унда ЎФА раҳбарияти томонидан ҳар бир жамоада мавжуд муаммолар тингланди. Уларни моддий ва ташкилий масалаларда қўллаб-қувватлаш мавзуси кўтарилди. Шунингдек, сўнгги пайтларда чемпионатларда кўп учраётган тартибсизликлар танқид қилинди. Мураббийлар келишилган ўйинлар каби иллатларга аралашмаслик борасида жиддий огоҳлантирилди.

Клублар вакиллари томонидан кўтарилган муаммоли масалаларда ЎФА масъулларига топшириқлар берилди. Тренерлар малакасини ошириш, клубда раҳбар ва мураббий ваколатларини тартибга келтириш, ёш футболчилар етиштиришга янада жиддий эътибор қаратиш, савиясиз легионерлар муаммосини бартараф этиш, VAR тизимини такомиллаштириш ҳамда стадионларнинг ёритиш ускуналарини жаҳон стандартларига мослаш каби масалаларда вазифалар белгиланди», – дейилади ЎФА хабарида.

Top