Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг ЖЧдаги асосий либоси ESPN рейтингида охирги учталикка кирди
АҚШнинг ESPN телеканали 2026 йилги мундиал иштирокчиларининг уй ва сафар либосларини ўрганиб, уларнинг рейтингини тузди. Ўзбекистон миллий жамоасининг оқ рангли асосий либоси 105 та форма орасида 103-ўринда, кўк рангли сафар формаси эса 84-ўринда қайд этилди.
Спорт соҳасида жаҳондаги энг нуфузли медиалардан бири – ESPN футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати иштирокчиларининг экипировкалари дизайнига баҳо бериб, мундиал либослари рейтингини тузди.
Телеканал барча 48 та миллий жамоанинг уй ва сафар либослари, шунингдек, яна 9 та жамоанинг учинчи даражали либосларини кўриб чиққан.
Рейтингда Ўзбекистон миллий жамоасининг 7Saber бренди томонидан ишлаб чиқилган оқ рангли асосий формаси 105 та форма орасида 103-ўринда, кўк рангли сафар формаси эса 84-ўринда қайд этилган.

“Ўзбекистон миллий жамоасининг уй учрашувлари учун мўлжалланган формаси асосан оқ рангда ишланган бўлиб, унда тўқ кўк рангли нозик безак чизиқлари қўлланган. Йўл-йўл ёқа қисмида мамлакат байроғи ранглари акс этган. Матода эса анъанавий сўзана каштачилиги ва тўқимачилик санъатидан илҳомланган мозаикасимон нақшлар жой олган”, – дейилади мақолада.
ESPN Ўзбекистоннинг асосий формасига қараганда сафар либосига юқорироқ баҳо берганини изоҳларкан, матодаги сўзана нақшлари ва ёқа қисмига туширилган байроқ ранглари оқдан кўра, кўк фонга кўпроқ мос тушганини қайд этган.

Рейтингда биринчи ўрин, яъни журналистлар нигоҳида мундиалнинг энг чиройли либоси мақоми Уругвай миллий жамоасининг меҳмондаги ўйинлар формасига насиб этган. Муаллифлар Nike томонидан индиго ва тўқ кўк ранглар уйғунлигида ишланган бу экипировкани “ғоятда ўзига хос” дея таърифлаган.
Форма 1930 йилги илк жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан Уругвай терма жамоасига бағишланган. Либосдаги товланувчи безаклар қадимги маҳаллий халқларнинг зирҳини эслатади. Бу элемент 2026 йилги жамоанинг аждодларидан мерос бўлиб келаётган чемпионлик тахтини ҳимоя қилиш истагининг рамзий ифодаси сифатида талқин қилинган.

2-ўрин – Adidas томонидан Япония учун ишлаб чиқилган сафар ўйинлари либосига берилган. Унинг дизайни ретро бейсбол формаларидан илҳомланиб яратилган. Оқиш фонга туширилган 12 та ранг-баранг ингичка вертикал чизиқлардан 11 таси майдондаги футболчиларни ифодаласа, марказдаги қизил чизиқ япон футболининг кенг жамоатчилиги ва бутун футбол оиласини англатади.
“Форма сотувга чиқиши биланоқ тезда тугаб кетди ва бунинг сабабини тушуниш қийин эмас: у ҳам ғояси, ҳам ижроси жиҳатидан ҳақиқатан ҳам ажралиб туради”, – дея ёзади ESPN.

Юқори учликни Франция миллий жамоасининг Nike муаллифлигидаги меҳмон-формаси якунлаб беради. Либос миснинг табиий эскириши натижасида ҳосил бўладиган оч яшилсимон тусда бўлиб, Франция томонидан АҚШга совға қилинган ва 1886 йилда икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар рамзи сифатида очилган “Озодлик” ҳайкалининг мис қопламаси бу рангнинг илҳом манбайи бўлиб хизмат қилган.
Французлар формасидаги нафис металлсимон мис рангли логотиплар ва енг учларидаги ихчам уч рангли безак дизайнга сўнгги мукаммал нуқталарни қўйган. Натижада тарихий рамзлар ва замонавий услубни ўзида уйғунлаштирган, пухта ўйланган ва кўзга хуш кўринадиган форма яратилган.
ESNP журналистлари юқори ўринлардаги формаларнинг аксарияти – жамоаларнинг сафар либослари эканини қуйидагича изоҳлаган: дизайнерлар уй формаларидаги қатъий анъанавий ранглар ва шаблонлар чекловидан чиқиб, меҳмон-формаларда ўз ижодий ғояларини эркинроқ намоён этиш имконига эга бўлишган.
Натижада турли илҳом манбалари асосида яратилган футболкалар пайдо бўлган: халқ амалий санъати, машҳур архитектура намуналари, маҳаллий маданият, давлат байроқлари, тўқимачилик анъаналари, ҳайвонот дунёси ва ҳатто сюрреалист рассомлар ижодидан илҳомланган дизайнлар.
“Формаларнинг аксариятини Nike, Adidas ва Puma каби бозор етакчилари бўлмиш саноқли йирик брендлар тақдим этмоқда. Шу билан бирга, бир қатор камтаргина спорт брендлари ҳам борки, уларнинг ишларига энди глобал саҳнада миллионлаб томошабинлар томонидан жиддий баҳо берилади”, – дейилади мақолада.
Мавзуга оид
22:32 / 09.06.2026
Нидерландия билан ўйин ишонч берди: Ўзбекистон ЖЧга тайёр экан!
19:24 / 09.06.2026
Ўзбекистон ва Сенегал вакиллари АҚШда қаттиқ текширувдан ўтказилди
10:10 / 09.06.2026
Жаҳон чемпионати ҳаками АҚШга киритилмади
19:11 / 08.06.2026