Жамият | 19:30
2130
5 дақиқада ўқилади

Мундиал учун ЎФАга берилган имтиёзли чипталар каррасига қиммат нархда пулланганми?

Ўзбекистон миллий жамоаси мундиалдаги иштирокини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди. Учала ўйиндаги мағлубият атрофидаги қизғин муҳокамалар тўхтаётган бир пайтда, тармоқларда янги можаро бўй кўрсатди. Америкада яшаётган ватандошлар иддаосича, ФИФА томонидан Ўзбекистон футбол ассоциациясига ажратилган имтиёзли чипталар мухлисларга асл нархидан бир неча баробар қимматга пулланган.

Танқидга қолаётган блогерлар Абдураҳмон Фозилов ва Отабек Жўраев фан-клубга ажратилган чипталарнинг сотилишига алоқаси йўқлигини айтиб чиқишди. ЎФА эса ҳолатга ҳозирча муносабат билдирмади.

Instagram'нинг Икромжон Абдуллаев исмли фойдаланувчисига кўра, ЎФАга имтиёзли равишда тақдим этилган чиптани унга 450 доллардан, иккитасини 900 долларга сотишган.

Шунингдек, Икромжон Абдуллаев iwash бренди билан танилган Отабек Жўраевнинг ўзига тегишли чиптани сотиб, “фан-клуб билан қўшилиб кираман” деган гапларидан ҳам жиғибийрон бўлган.

Instagram'даги evilwox юзернейми эгаси Шохруҳ Азизовнинг айтишича, 200, 300, 400 долларлик чипталар 900 доллардан 1500 долларгача нархларда сотилган. Нархлар қимматлиги сабаб юзлаб мухлислар стадионга кира олмай, ташқарида қолиб кетган.

АҚШда яшовчи яна бир ҳамюртимиз Низомиддин Аҳмаджонов ҳам ҳолат юзасидан кескин фикр билдириб, арзон чипталар берилганда кўплаб ўзбекистонликлар ўйинларга бориши мумкин бўлганига урғу берди.

Ижтимоий тармоқлардаги танқидлар фонида Абдураҳмон Фозилов ҳам видеомурожаат билан чиқди ва на либослар, на чипта билан боғлиқ вазиятга аралашмаганини билдирди.

“Футболка, билет, меҳмонхона, умуман Америкадаги ташкилий ишларнинг бирортасига мен аралашганим йўқ. Барчасига жавобгар мутасадди вакиллар бор. Мен биламан, “Аср маркет” оригинал футболкаларни сотди ва илтимос қилишганига реклама қилиб бердим. Билетга келсак, фан-клубнинг 700 та чиптасини Абдураҳмон Фозилов 1000-1500 доллардан сотибди, эмиш. Азизлар, 700 та билет 1000 доллардан бўлса, 700 минг доллар бўлади. Бирорта ҳам фан-клубнинг билетига мен аралашганим йўқ. Чипталарни ваколатли шахслар фан-клубга берди, қолганини кимга тарқатди, менинг ишим эмас”, деди Фозилов.

Отабек Жўраев эса унга ҳомийлари томонидан бир нечта чипта совға қилингани, ўз эҳтиёжларидан ошиқчасини сотганини айтди. Аммо у “фан-клуб таркибига кириб оламан”, деган гапига изоҳ бермаган.

“Америкада яшайдиган ватандошларимиз билет можарасига дуч келиб, қийин аҳволга тушиб қолишибди. Яъни билетни вақтида олишмаган, вақтлироқ ҳаракат қилишмаган, кўчага чиқиб оламан деса, нархлар ошиб кетган. Сайтда ҳам чипта қолмаган, кассага бориб ололмайди, чунки масофалар жуда узоқ. Личкамга роса ёзишади, ака, билет топиб беринг, деб. Ҳомийлар томонидан 2-3 та компания менга иккитадан билет совға қилган. Менда билет бор, керакмас дедим. Биттаси Хитойдан келди, биттасини Америкадаги акамиз совға қилди. Энди билетни текинга бервориш ёки совға қилиш менинг қўлимда. У нарса нотўғри ҳисобланмайди. Ҳаром ҳам бўлиб қолмайди. Ёнимда ўғлим бор эди, унга бердим. Яқинларим сўради, уларга бердим. Қолганини сотдим. Қанақа сотдим, бозор қанақа нарх талаб қилса, шунақа нархда сотдим. Буни ҳар қандай бизнесмен тушунади”, дейди Отабек Жўраев.

Имтиёзли чипталар

ФИФА 2026 йилги Жаҳон чемпионатида миллий футбол федерациялари ва уларнинг расмий фан-клубларига текин чипталар бермаган, лекин аввалги мундиалларда бўлгани каби, айнан содиқ мухлислар учун мўлжалланган махсус арзонлаштирилган чипталар квотаси мавжуд. Бу тоифадаги чипталар нархи барча ўйинлар учун қатъий – 60 доллар этиб белгиланган.

Қоидаларга кўра, ҳар бир иштирокчи федерацияга ўз ўйинлари учун стадион сиғимининг 8 фоиз қисми кафолатланган ҳолда ажратилади. Ушбу 8 фоиз квотанинг 10 фоиз қисми айнан 60 долларлик арзон чипталардан иборат бўлади. Бундай чипталар очиқ савдоларда сотилмайди, уларни кимга ва қандай тақсимлашни федерацияларнинг ўзи ҳал қилади.

Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, Колумбия қарши “Ацтека” стадионидаги ўйин учун ЎФАга 6640 та чипта тақдим этилган, шундан 664 таси имтиёзли 60 долларлик чипталар бўлган. Бу кўрсаткич Ҳюстондаги Португалияга қарши ўйинда мос равишда 5465 тага 546 тани, Атлантадаги Конго ДРга қарши учрашувда эса 5459 тага 546 тани ташкил этган.

Регламент бўйича, гуруҳ босқичидаги учта ўйин учун Ўзбекистон футбол ассоциациясига бевосита фан клуб аъзоларига тарқатиш учун жами 1750 дан ортиқ кафолатланган арзонлаштирилган чипталар тақдим этилган бўлиши керак.

Бундан ташқари, ЎФА ихтиёрида 17,5 мингта стандарт тоифадаги чипталар ҳам бўлган ва улар ФИФА томонидан белгиланган нархларда ўзбекистонлик мухлисларга сотилиши назарда тутилган.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид