17:55 / 14.05.2021
9418

Янги Зеландия раҳбари дунёнинг энг буюк етакчилари рейтинги етакчиси бўлди

Жасинда Ардерн 2017 йилда 37 ёшида Янги Зеландия тарихидаги энг ёш бош вазир бўлган.

Фото: Mark Baker/The Associated Press

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн Fortune журнали эълон қилган дунёнинг энг буюк етакчилари рейтинги етакчиси бўлди, деб хабар бермоқда LADbible.

Нашрнинг ёзишича, у ўтган йили пандемия даврида амалга оширган ишлари туфайли ушбу эътирофга сазовор бўлди. Пандемия бошланганидан буён Янги Зеландия коронавирусга қарши курашиш бўйича дунё мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

"COVID-19 пандемияси бошланди ва Ардерн вирусни нафақат бостириш, балки уни бутунлай йўқ қилишга эътибор қаратди. Унинг стратегияси муваффақиятли бўлди: аҳолиси қарийб 5 миллион киши бўлган Янги Зеландияда 2700дан камроқ касалланиш ҳолати ва атиги 26та ўлим қайд этилди", - дейилади Fortune баёнотида.

Жасинда Ардерн 2017 йилда 37 ёшида Янги Зеландия тарихидаги энг ёш бош вазир бўлган.

Ардерн 2019 йил мартида Крайстчерч шаҳридаги масжидларда террорчи 50дан ортиқ кишини отиб ўлдирганидан сўнг ҳижоб ўраган ва Янги Зеландия мусулмонлари билан ёнма-ён турган.

Fortune рўйхатидан шунингдек, кантри-хонанда Долли Партон, МФЛ юлдузи Том Брэди, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Малала Юсуфзай, америкалик телебошловчи Гай Фиери, Капитолий полицияси офицери Южин Гудман ва теннисчи Наоми Осака ўрин олган.

Top