Жаҳон | 08:07 / 16.05.2021
28037
6 дақиқада ўқилади

Ғазодаги урушнинг олтинчи куни: Қочқинлар лагерига ҳужум ва журналистлар жойлашган бинонинг вайрон қилиниши

Исроил ҲАМАС гуруҳи билан қуролли зиддият давомида Ғазо секторидаги яна бир кўп қаватли бинони тўла вайрон қилди, у ерда бир неча хорижий нашрларнинг, шу жумладан, «Ассошиэйтед пресс» ва «Ал-Жазира» телеканалининг маҳаллий таҳририятлари жойлашганди.

Фото: Getty Images

Исроил мудофаа армияси (IDF) шанба куни маҳаллий вақт билан соат 7:00дан соат 21:00гача Ғазо секторидан Исроил томонга 278та ракета учирилган, шундан 40таси Исроил ҳудудига етиб бормай, сектор ичига қулаган.

ҲАМАС назоратида бўлган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Ғазода зиддият бошланган душанба кунидан буён камида 145 киши ҳалок бўлган, шундан 41 нафари болалар. Исроил томони эса 10 нафар қурбон ҳақида маълумот берган.

Исроил авиацияси шанба куни тонгида яна Ғазо секторини ўққа тутишга киришди. Фаластин томони маълумотига кўра, шанба кунига ўтар кечаси Ғазодаги объектларга авиазарбалар берилиши оқибатида 15дан ортиқ киши ҳалок бўлган, қурбонлар орасида болалар ҳам бор. Снарядлардан бири қочқинлар лагерига тушган, натижада бир оила аъзолари бўлган 10 киши ҳалок бўлган. Вайроналар остидан бир беш ойлик чақалоқ тирик ҳолда топилган.

Хорижий нашрлар ходимлари эвакуацияси

Ғазода баландлиги бўйича иккинчи ўринда турувчи 12 қаватли Jala Tower биноси ҳам Исроил авиацияси ҳужумига учраган, бу бинода Американинг «Ассошиэйтед пресс» ва Қатарнинг «Ал-Жазира» телеканалининг маҳаллий бўлимлари жойлашганди. Шунингдек, минорада 60 квартира бўлган.

Ҳужум бошланишига бир соат вақт қолганида телефон орқали бино эгаси Жавод Меҳдини ичкаридаги одамларни эвакуация қилиш лозимлиги тўғрисида огоҳлантиришган.

Телефон қўнғироғи вақтида Меҳдининг олдида бўлган «Франс пресс» журналистлари Меҳди гўшакнинг нариги томонида турган офицерга имкон қадар кўпроқ техникани олиб кетиши учун яна қўшимча 10 дақиқа берилишини сўраб ёлворгани ҳақида ёзишган, аммо унинг илтимосига парво қилинмаган.

Аммо Исроил армияси тартиби билан таниш бўлган манбанинг айтишича, исроиллик ҳарбийлар ҳужуми ҳақида огоҳлантирган зобит ҳарбий амалиётнинг боришига таъсир қилиш имконига эга бўлмаган.

Манбаларнинг айтишича, амалиёт кўламидан қатъи назар, уни тайёрлашда юзлаб кишилар иштирок этади. Ҳарбий-ҳаво кучларидан ташқари, уни бошқа кучлар ҳам қўллаб-қувватлаб туришади.

Исроил мудофаа армияси вакилининг айтишича, Jalaa Tower биносига ҳужум қилинишининг сабаби, у ерда ОАВ таҳририятларидан ташқари ҲАМАС разведка штаби ҳам жойлашганди. У гуруҳ учун бу одатий ҳолат экани - улар хавфсизликни таъминлаш учун муҳим тузилмаларини аҳоли зич яшовчи ҳудудларда жойлаштиришини айтади.

Бино эгаси эса бинода ҲАМАС билан боғлиқ ҳеч қандай муассаса бўлмаганини таъкидлаган.

«Ассошиэйтед пресс»нинг Нью-Йоркдаги бош офисидагилар Ғазодаги таҳририят биноси ер билан битта қилинганидан карахт аҳволга тушишгани ҳақида айтишган. Аммо бирорта нашр ўз ходимлари жабрлангани ҳақида хабар бермаган.

Бу бинонинг бузилиши АҚШ президенти Жо Байден ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўртасидаги телефон мулоқотининг мавзуларидан бири бўлган. Байден журналистлар муҳофазаси муҳимлигини таъкидлаган. Нетаняҳу эса Исроил «бегуноҳ фуқароларга зарар етказилмаслиги учун барча имкониятлар ишга солиниши»ни айтиб ўтган.

Исроил томони маълумотига кўра, фаластинликлар учирган ракеталардан бири Рамат-Ган шаҳридаги турар жойга келиб тушган ва бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Мамлакатнинг марказий ҳудудида ҳам яна бир фуқаро қурбон бўлган.

Дипломатия ишламоқда

Шанба куни АҚШ давлат департаменти раҳбарининг Исроил ва Фаластин иши бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Ҳоди Амр Исроилга келди. АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси хабар қилишича, унинг ташрифидан мақсад минтақада «тинчликни тиклаш учун саъй-ҳаракатларни кучайтириш» ҳисобланади. Амалдорнинг Тел-Авивга ташрифи БМТ Хавфсизлик кенгашининг якшанба кунга мўлжалланган йиғилиши арафасида рўй берди.

Миср ҳам зиддиятни тўхтатиш учун дипломатик ҳаракатлар олиб бормоқда. Reuters агентлиги ушбу мамлакат хавфсизлик хизматидаги манбасига асосланиб хабар қилишича, Қоҳира жума кунидан буён икки томонни ҳам ўт очишни тўхтатишга кўндиришга уриниб келмоқда.

Миср ТИВ хабар беришича, Миср ва Иордания ташқи ишлар вазирлари Ғазодаги зиддиятга барҳам бериш учун ҳаракатларни кучайтириш масаласини муҳокама қилишган.

«Жума кунги музокаралар жиддий ва конструктив руҳда ўтди. Миср, Қатар ва АҚШдан бўлган воситачилар тинчликни тиклаш учун зиддият иштирокчилари билан алоқалар ўрнатишди, аммо ҳозирча бу борада келишувга эришилмади», деган Фаластин томони вакили.

Жума куни БАА ҳукумати ҳам барча томонларни сулҳ тузишга чақириб, қуролли можаро қурбонларининг яқинларига ҳамдардлик билдирганди.

Жереми Боуэн, BBC нинг Яқин Шарқ масалалари бўйича муҳаррири

2007 йилда Ғазо сектори назорати ҲАМАСга ўтганидан буён ушбу гуруҳ ва Исроил ўртасида юзага келган зиддиятларнинг барчасининг якуний натижаси деярли бир хил.

Хорижий воситачилар тинчлик сулҳи учун қатор вариантларни ишлаб чиқишади. Ҳозир ҳам америкаликлар, мисрликлар, БМТ ва жараённинг бошқа иштирокчилари айнан шунга эришиш учун интилишмоқда.

Булар иш бериши учун, икки томон ҳам ўз халқига урушда улар ғалаба қилганини айтиш имконига эга бўлиши талаб этилади.

ҲАМАС нафақат Ғазодаги, балки Ғарбий қирғоқдаги, шу жумладан, Қуддусдаги фаластинликларнинг ҳам ҳақиқий ҳимоячиси ҳисобланишини айтишни истайди.

Ўз навбатида, Исроил ўз фуқароларига ҲАМАСнинг инфратузилмасига жиддий шикаст етказганини намойиш этишни истайди. Одатда «тийилиш сиёсатига қайтиш» ибораси қўлланади. Бу душманларга Исроилга қилинган ҳужум фақат уларнинг ўзига азоб-уқубат келтиришини англатиш демакдир.

Нима бўлмасин, ҳар икки томон ҳам жабрланган оилалар ва болаларни қўллаб-қувватлаш учун таскин берувчи сўзларни топиши керак бўлади.

Мавзуга оид