Иқтисодиёт | 18:54 / 17.05.2021
11902
3 дақиқада ўқилади

Бир ойлик армия пулини тўлашда кимларга қандай имконият берилади?

Мудофаа вазирлиги фаолиятига доир AОКAда бўлиб ўтган брифингда бир ойлик армия пулини тўлашда кимларга қандай имконият берилиши ва оилавий шароитга кўра хизмат жойини ўзгартиришга оид саволларга вазирлик масъули жавоб берди.

17 май куни AОКAда бўлиб ўтган брифингда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров вазирлик фаолиятига доир саволларга жавоб берди. Вазирлик масъули бир ойлик армияга сафарбарлик бадалини тўлашга оилавий шароити етмаган чақирилувчиларни хизматга олмаслик чоралари кўрилишини маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4630-сонли қарори билан тасдиқланган «Фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш бўйича комиссиялар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ, ҳар йили март-апрел ойлари давомида мудофаа ишлари бўлими ҳузурида туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари раислигида Ҳудудий комиссия тузилади.

Мазкур комиссия ўз иш фаолиятини чақирилувчиларнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдларини ўрганишдан бошлайди.

Бунда комиссия томонидан асосий эътибор чақирилувчиларнинг тиббий кўрик хулосасига, уларнинг маънавий ва касбий хусусиятларига, оилавий, моддий шароитига, оила аъзоларининг ижтимоий ҳолатига қаратилади. Ўрганиш жараёнида тиббий кўрик хулосасига кўра, ҳарбий хизматга яроқли бўлиб, лекин оилавий-моддий шароити оғир бўлган чақирилувчилар аниқланган ҳолларда, Ҳудудий комиссия томонидан уларни сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олмаслик чоралари кўрилади», — деди вазирлик масъул ходими.

Шунингдек, вазирлик расмийси қандай ҳолларда контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётганлар оилавий шароитига кўра хизмат жойини ўзгартириши мумкинлигига ойдинлик киритди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомнинг 133-бандига асосан контракт бўйича ҳарбий хизматчини оилавий шароитига кўра янги хизмат жойига ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

  • Ҳарбий тиббий комиссия хулосасига мувофиқ, ҳарбий хизматчи оила аъзоларининг (эри, хотини, фарзандлари ва ҳарбий хизматчининг қарамоғидагилар) ушбу жойда яшаш имконияти бўлмаганда;
  • яшаш жойларидаги мудофаа ишлари бўйича бўлим органи комиссиясининг хулосасига мувофиқ, доимий ўзгалар парваришига (ёрдамга, назоратга) муҳтож ва ҳарбий хизматчининг парвариш қилиш имкони бўлган бошқа ака-укалари бўлмаган тақдирда, алоҳида яшовчи отаси, онаси (шу жумладан, эри, хотини)ни доимий парваришлаш учун.

Aввалроқ Мудофаа вазирлиги Россия қўшинлари Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилиши эҳтимолини рад этиб, Россия билан ҳамкорлик дастури бўйича хавотирлар асоссизлигини маълум қилганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид