22:36 / 17.05.2021
7870

 Сингапурдаги Жаҳон иқтисодий форуми бекор қилинди

Жаҳон иқтисодий форумининг 2021 йилда Сингапурда ўтказилиши режалаштирилган йиғилиши пандемия сабабли бекор қилинди.

Фото: Reuters

Таъкидланишича, коронавирус пандемияси билан боғлиқ жорий вазият “бутун дунёдан бизнес, ҳукуматлар ва фуқаролик жамиятлари етакчилари иштирокидаги глобал учрашувни ўтказишни имконсизга айлантирди”.

Эндиликда учрашувни 2022 йил биринчи ярмида ўтказиш режалаштирилмоқда. Унинг ўтказилиш жойи ва санаси кейинроқ маълум қилинади.

“Ушбу қарорни қабул қилиш ҳамкорларимизнинг нафақат виртуал тарзда, балки шахсан учрашишга ҳамда барқарор дунёни яратиш учун ўз ҳиссасини қўшишга қизиқиши катталигини ҳисобга олса, оғир бўлди. Бироқ соғлиқ ва хавфсизлик ҳаммасидан устувор”, деб айтган Жаҳон иқтисодий форуми раиси Клаус Шваб.

 Анъанага кўра, форум учрашувлари ҳар йил январда Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтказиб келинганди. Бироқ коронавирус пандемияси ва у билан боғлиқ чекловлар сабабли 2021 йилдаги йиғилишни 17-20 август кунлари Сингапурда ўтказиш режалаштирилганди.

 Жаҳон иқтисодий форуми Швейцариянинг ноҳукумат ташкилоти бўлиб, унга мингга яқин компания ва ташкилотлар аъзо ҳисобланади.

 

Top