Жаҳон | 12:13 / 17.05.2021
7986
3 дақиқада ўқилади

Туркияда 17 майдан сўнг қандай чекловлар амалда бўлади?

Туркияда тўлиқ ёпилиш даври бугун (17 май, душанба соат 05.00да) тугайди.

UzbekLife’нинг Туркиядаги колумнисти маълум қилишича, 17 май, душанба куни соат 05.00дан 1 июнь, сешанба куни соат 05.00гача босқичма-босқич нормаллашиш чора-тадбирлари амалга оширилади.  

Комендантлик соати чекловлари

Иш кунлари соат 21.00дан 05.00гача, дам олиш кунлари жума соат 21.00дан душанба куни 05.00гача комендантлик соати амал қилади.

Коронавирус вакцинасининг иккинчи дозасини олган 65 ёш ва ундан юқори ёшдагилар ҳамда 18 ёшдан кичиклар барчага тегишли чора-тадбирлардан ташқари қўшимча комендантлик соати билан чекланмайди.

Аммо эмланиш ҳаққи бўла туриб, эмланмаган 65 ёш ва ундан ошган фуқаролар иш кунлари соат 10.00–14.00 оралиғидагина кўчага чиқишлари мумкин. 

Маҳаллий транспорт

Босқичма-босқич нормаллашиш даврида қуйидаги шахслар шаҳар жамоат транспорти (метро, метробус, автобус, микроавтобус)дан фойдалана олмайди:

– 65 ёш ва ундан ошганлар;

– 18 ёшга тўлмаган ёшлар;

– болалар.

Шаҳарлараро саёҳат

Комендантлик соати қўлланилмайдиган соатлар ва кунларда:

– шаҳарлараро саёҳат эркин бўлади;

– жамоат транспортида саёҳат қилиш бўйича чекловлар бўлмайди;

– хусусий транспорт воситасида саёҳат қилишга фақат мажбурий ҳолатлардагина рухсат берилади. 

Кафе ва ресторанлар

Иш кунлари соат 07.00–20.00 оралиғида «кел-ол» ва етказиб бериш хизмати, 20.00–24.00 оралиғида эса фақат етказиб бериш хизмати ишлайди.

Дам олиш кунлари эса соат 07.00–24.00 оралиғида фақат етказиб бериш хизмати ишлайди.

Бозорлар

– Бозорлар иш кунлари соат 07.00–19.00 оралиғида фаолият кўрсатиши мумкин.

– Дам олиш кунлари бозорлар ташкил этилмайди.

– Онлайн маркет ва озиқ-овқат буюртмаси билан шуғулланувчи компаниялар иш кунлари ва дам олиш кунлари соат 07.00–24.00 оралиғида уй/манзил хизматини кўрсатишлари мумкин.

Боғча ва мактаблар

Болалар боғчалари ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.

Мактаб ва синф даражалари Туркия халқ таълими вазирлигининг очиқламасига мувофиқ ҳаракат қилади.

Фаолиятини вақтинча тўхтатиб турувчи иш жойлари:

– казино, бар, паб, чилимхоналар;

– кинотеатрлар;

– қаҳвахона, буккафе, уюшма клублари;

– интернет-кафе, электрон ўйин майдончалари, бильярд заллари;

– бассейнлар, спорт заллари;

– ҳаммом, сауна ва массаж салонлари;

– истироҳат боғлари.

Туристларга чеклов борми?

Кўрсатмага мувофиқ, туристларнинг комендантлик соати бўйича имтиёзлари қуйидагича тартибга солинади:

– Чет элликларни комендантлик соати чекловларидан озод қилиш кўлами фақат туристик фаолият доирасида вақтинчалик/қисқа муддат давомида Туркияда бўлиб турган чет элликларни қамраб олади.

– Туристик фаолият доирасидан ташқарида бўлган чет элликлар, шу жумладан, яшаш учун рухсатнома, вақтинча ҳимоя статуси ёки халқаро ҳимоя мақомига эга бўлганлар комендантлик соати чекловларига амал қилишлари лозим.  

Отабек Тиллаев,

UzbekLife’нинг Туркиядаги колумнисти

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид