Жаҳон | 18:42 / 17.05.2021
6616
1 дақиқада ўқилади

Узоқ давом этадиган иш куни ҳар йили юз минглаб ўлимларга сабаб бўлмоқда – ЖССТ

Олимларнинг аниқлашларича, 55 соатлик иш ҳафтаси 35–40 соатлик иш ҳафтасига нисбатан инсульт хавфини 35 ва юрак-қон томир касалликларидан ўлиш хавфини 17 фоизга оширади.

Фото: Getty Images

2016 йилда узоқ давом этадиган иш куни 745 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган, дейилади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) тадқиқотида.

Тадқиқот хулосасида айтилишича, бундан энг кўп Жануби-Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасида яшовчилар жабр кўрган. ЖССТ коронавирус пандемияси сабабли ҳолат янада ёмонлашишидан огоҳлантирмоқда.

Олимларнинг аниқлашларича, 55 соатлик иш ҳафтаси 35–40 соатлик иш ҳафтасига нисбатан инсульт хавфини 35 ва юрак-қон томир касалликларидан ўлиш хавфини 17 фоизга оширади.

Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқотга кўра, кўп ишлаш оқибатида вафот этганларнинг тўртдан уч қисми ўрта ва катта ёшдаги эркаклар бўлган.

ЖССТ иш берувчиларга ўз ходимлари соғлиги билан боғлиқ хатарларни ҳисобга олишни тавсия қилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид