Жаҳон | 22:06 / 19.05.2021
6958
2 дақиқада ўқилади

Давлат думаси Россиянинг «Очиқ осмон» шартномасидан чиқишини қўллаб-қувватлади

Давлат думаси депутатлари Россиянинг «Очиқ осмон» шартномасидан чиқишини қўллаб-қувватлашди. Тегишли ҳужжат Россия парламентига президент Владимир Путин томонидан овоз бериш учун киритилганди.

Шартнома 1992 йил 24 мартда Хельсинкида имзоланган ва Россия томонидан 2001 йил 26 майда ратификация қилинган. У шартномага аъзо давлатларга бир-бирларининг ҳудуди устидан белгиланган квоталар бўйича кузатув парвозларини амалга ошириш имконини беради. Ҳужжатда бундай парвозларни амалга ошириш тартиб-қоидалари, кузатув самолётларига бўлган талаблар, кузатув қурилмалари таркиби ва техник кўрсаткичлари бўйича чекловлар, шартномага амал қилиниши ортидан кузатиш механизмлари белгилаб қўйилган. 

Аввалроқ АҚШ Россия томонидан шартнома бузилаётгани важи остида келишувдан чиқиш жараёнини бошлаганди. Москва ўз навбатида АҚШ ва шартномага аъзо бир қатор давлатларга ўз эътирозини билдирган. Россия шартномадан чиқишга тайёрланаётганини жорий январда маълум қилган.   

Россия АҚШ шартномадан чиққандан кейин унда НАТОга аъзо давлатлар қолиши, бу эса Вашингтонга улардан ахборот олиш имконини бериши, бироқ Россияга АҚШ ҳудуди устидан назоратни амалга ошириш тақиқланишини айтган. 

Давлат думаси раиси Вячеслав Володин Россия ҳар доим халқаро келишувларнинг ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосида сақланишини қўллаб-қувватлаши, бироқ миллий хавфсизликни хавф остига қўя олмаслигини айтган. «АҚШга иттифоқдош давлатлар самолётлари мамлакатимиз устидан учиб, мониторинг олиб борса, унда қандай хавфсизлик ҳақида гап бориши мумкин?» — деб айтган Володин.

Энди шартнома Россия парламентининг юқори палатаси – Федерация кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид