Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия темир йўл қурилишига Ўзбекистондан ишчи кучи жалб қилади
Россияда темир йўл инфратузилмаси объектларини қуришга Ўзбекистондан ишчи кучи жалб қилиш бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, «Россия темир йўллари» ОАЖ бошқаруви раиси – бош директори Олег Белозеров бошчилигидаги Россия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки давлат ўртасидаги транспорт ва логистика ҳамкорлиги масалалари ҳамда транспорт инфратузилмасини қуриш бўйича йирик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, эпидемиологик вазият яхшиланиши билан Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам йўловчи темир йўл қатновини босқичма-босқич қайта тиклашга биргаликда тайёргарлик кўриш борасида келишувга эришилди.
Шунингдек, учрашувда Россия ҳудудида темирйўл инфратузилмаси объектларини қуриш учун Ўзбекистондан малакали кадрларни жалб этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Шу муносабат билан, «Россия темир йўллари» ОАЖ ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўртасида Россия Федерацияси ҳудудида темир йўл инфратузилмаси объектларини қуриш учун Ўзбекистоннинг малакали меҳнат ресурсларини жалб қилишни ташкил этишга кўмаклашиш тўғрисида меморандум имзоланди.