Жаҳон | 14:54 / 20.05.2021
6732
2 дақиқада ўқилади

Россияда ҳуқуқий мақоми қонунийлаштирилиши керак бўлган 300 мингдан ортиқ ўзбекистонликнинг рўйхати шакллантирилди

Фото: РИА Новости

Россия ҳудудида ҳуқуқий мақоми қонунийлаштирилиши керак бўлган 300 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароларининг рўйхати шакллантирилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар бермоқда.

Россия президентининг 2020 йил 18 апрелдаги “Янги коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалиши хавфи туфайли чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясида ҳуқуқий мақомини белгилаш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони доирасида Россия ИИВ ҳамда Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ҳамкорлигида 2020 йилда Россия ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 50 минг 700 нафар фуқароларнинг мақоми қонунийлаштирилди.

Ҳозирги кунда ушбу фармонга киритилган ўзгартиришлар асосида Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган хорижий давлат фуқароларига 2021 йил 15 июнга қадар ўз мақомларини қонунийлаштиришга рухсат берилди.

Шунга кўра, Россия Федерацияси ИИВ билан ўрнатилган ҳамкорлик асосида Россия ҳудудида ҳуқуқий мақоми қонунийлаштирилиши керак бўлган 300 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароларининг рўйхати шакллантирилди.

“Шу фурсатдан фойдаланиб, Россия ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини 2021 йилнинг 15 июнига қадар яшаш жойидаги тегишли Россиянинг ички ишлар органларига мурожаат қилиш орқали Россия ҳудудида бўлишларини қонунийлаштириш ҳуқуқидан фойдаланишга чақирамиз.

Бунда Россиянинг ички ишлар органлари томонидан ноқонуний равишда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан мамлакатдан маъмурий чиқариб юбориш, депортация қилиш чорлари қўлланилмайди ҳамда уларга яшаш жойидаги миграция бўлимидан қайта рўйхатдан ўтиш имконияти берилади.

Ушбу масалада ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси ва Россия минтақаларидаги Бош консулхоналарига ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишингиз мумкин”, дейилади маълумотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид