Жамият | 21:57 / 20.05.2021
10116
3 дақиқада ўқилади

«Ватанпарвар» ташкилоти айрим ёшларни ҳайдовчилик ва бошқа касбларга бепул ўқитади

«Ватанпарвар» ташкилоти Ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган фуқаролар 4 тоифадаги ҳайдовчилик курслари нархининг 15 фоизини тўлаган ҳолда ўқишлари мумкин.

Таъкидланишича, 2021 йил 1 июндан “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш харажатлари бюджетдан тўлаб бериш амалиёти йўлга қўйилади.

Шу йилнинг апрел ойидан бошлаб фуқароларни “Ватанпарвар” ташкилотининг “Ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларида”“В”,“ВС”, “С”, “D”, “E” тоифалари бўйича ўқитилиши йўлга қўйилган бўлиб, август ойидан эътиборан “Техник хизмат кўрсатиш курслари” ташкил этилиб, ёшлар 5 хил ҳунар – вулканизатор, электрик-аккумуляторчи, газ-электр пайвандчи, чилангар, автоэлектрик мутахассисликлари бўйича ўқитилиши мўлжалланмоқда.

2021 йил декабр ойидан бошлаб “Мураккаб техникаларни бошқариш курслари” йўлга қўйилиб, ушбу курсларда юк ортувчи транспорт, автогидрокўтаргич, юк машинаси крани, ғилдиракли трактор, битта ковшли экскаватор техникаларини бошқариш бўйича мутахассисларни тайёрлаш бошланади.

"Темир дафтар"да рўйхатда турганлар ўзи яшаб турган туман бандлик бўлимига, "Ёшлар дафтари"да рўйхатда турганлар эса туман Ёшлар ишлари агентлиги бўлимига бориб, имтиёзли ўқишлари мумкинлиги ҳақида йўлланма олишади ва шу йўлланма асосида "Ватанпарвар" ташкилоти автомактабларида ўқишади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги 132-сонли қарорига асосан, эҳтиёжманд ёшларнинг ўқиш харажатларининг 75 фоизи туман васийлик кенгаши ҳисобидан қоплаб берилади. Шу билан бирга, 10 фоизини "Ватанпарвар" ташкилоти қоплайди, қолган 15 фоиз тўловни ўқувчи ўз ҳисобидан амалга оширади.

Ушбу хайрли ишнинг дебочаси сифатида жорий йилнинг 10 март куни республикамиз миқёсида “Ёшлар дафтари”га рўйхатга киритилган 56 нафар ёшларга (ҳар бир вилоятдан 4 тадан) “Ватанпарвар” ташкилоти автомактабларида бепул ўқиш учун сертификат топширилди. Ҳозирда ушбу ёшларнинг ўқиш харажатлари ташкилотнинг моддий базаси ҳисобидан тўлиқ қопланиб, сўнгги русумдаги замонавий технологиялари билан жиҳозланган автомототранспорт курсларида таҳсил олишмоқда. Шу билан бирга, эҳтиёжманд ёшларни ўз ичига олган навбатдаги ўқувчилар гуруҳлари ҳам шакллантирилмоқда. Ташкилот 2021 йилнинг охиригача 14755 нафар ҳайдовчилар тайёрлашни режалаштирган. “Ватанпарвар” ташкилоти нодавлат нотижорат ташкилот сифатида бу борада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ижтимоий шериклик асосида мустаҳкам ҳамкорликни амалга оширмоқда.

Мавзуга оид