Жамият | 22:57 / 21.05.2021
2289
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда қарама-қарши йўналишга чиққан машина содир этган ЙТҲда бир киши вафот этди

Жиззах шаҳрида қарама-қарши йўналишга чиққан машина ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган бошқа бир машина билан тўқнашган. Оқибатда бир киши вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 18 май куни соат 8:50 ларда давлат аҳамиятига эга 4Р38 Жиззах-Ғаллаорол йўлининг 35 километрида Ғаллаорол туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган ҳайдовчи ўз бошқарувидаги Ласетти машинасида ҳаракатланиб келаётиб, Жиззах шаҳри Амир Темур маҳалласида яшовчи 1998 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Нексия 3 машинаси билан тўқнашиб кетган.

Оқибатда ҳар иккала машина ҳайдовчилари оғир тан жароҳатлари олиб Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Жиззах филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, Ласетти ҳайдовчиси шифохонада вафот этган.

Суриштирувда маълум бўлишича, Нексия 3 ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузиб, тез ҳаракатланган ва ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган машиналарни қувиб ўтиш учун қарама-қарши йўналишга чиққан. Сўнг, ўз йўналишига ўтишга улгурмай, рўпарадан келаётган Ласеттига урилган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳодиса юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Мавзуга оид