Ўзбекистон | 10:17 / 26.05.2021
4787
2 дақиқада ўқилади

Жорий йил Тошкент вилоятига қанча табиий ва суюлтирилган газ етказиб берилиши маълум қилинди

Тошкент вилояти истеъмолчиларига жорий йилда жами 2 миллиард 893 миллион куб метр табиий ва 4 минг 198 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши режалаштирилган.

Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов раҳбарлигида Тошкент вилоятида истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан бир маромда таъминлаш ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУГ) жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, вилоят бўйича истеъмолчиларга етказиб бериладиган табиий ва суюлтирилган газ ва уларни тақсимлаш пунктлари, ташиш воситалари маълум қилинган.

«Тошкент вилояти истеъмолчиларига жорий йилда жами 2 миллиард 893 миллион куб метр табиий газ етказиб берилиши режалаштирилган бўлиб, бу ўтган мавсумга нисбатан 151,4 миллион куб метрга кўпни ташкил қилади. 

Истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаш мақсадида 12 минг 921 км газ қувурлари ва 10 минг 891 та газ тақсимлаш пунктидан фойдаланилади.

Шунингдек, вилоятда 45 минг 798 та суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, жорий йилда 4 минг 198 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши режалаштирилган. Бу ўтган мавсумга нисбатан 55,3 тоннага кўпни ташкил қилади.

Истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида 2 та автоцистерна ва 27 та ISUZU автомашинасидан фойдаланилади.

Вилоятда 3 та газ тўлдириш станцияси ва пунктлари ҳамда битта газ баллон сақлаш сервис марказлари фаолият юритади», дейилади Энергетика вазирлиги маълумотида.

Шунингдек, вилоят бўйича жами 593 минг 513 та замонавий табиий газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 284 минг 602 та ҳисоблагич ўрнатилган. Вазир ўринбосари томонидан жорий йил 1 декабрига қадар 100 фоиз ўрнатиш топшириғи берилган.

Мавзуга оид