Жаҳон | 17:22 / 26.05.2021
7030
3 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Беларусга 3 миллиард евролик ёрдамни музлатиб қўйди

Европа иттифоқи Беларус учун тайёр ҳолда турган 3 миллиард евролик сармоявий ёрдам тўпламини музлатиб қўйди, дея маълум қилди фон дер Ляйен. Унинг сўзларига кўра, Минскни Ryanair самолёти билан юз берган ҳодиса ва NEXTA телеграм-канали собиқ бош муҳаррирининг ҳибсга олиниши туфайли «жиддий жавоб» кутмоқда.

Европа иттифоқида Беларус учун 3 миллиард евро миқдоридаги инвестиция ва иқтисодий ёрдам тўплами мавжуд, аммо республика «демократик бўлмагунча» уни олмайди. Бу ҳақда Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters.

ЕК раҳбари, шунингдек, NEXTA телеграм-канали собиқ бош муҳаррири Роман Протасевичнинг озод этилишини талаб қилди. Бир неча кун олдин у Вилнюсга йўл олган, аммо бортда бомба борлиги ҳақидаги хабардан сўнг шошилинч равишда Минскка қўнган самолётдан тушириб олинган эди.

Фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, ушбу ҳодиса муносабати билан Беларусни «Европа иттифоқидан жиддий жавоб» кутмоқда. ЕИ «Беларус режими»ни молиялаштираётган жисмоний шахслар, корхоналар ва ташкилотларга қарши, шунингдек, Беларус авиация соҳасига қарши санкцияларни муҳокама қилади, деди у. 

Ryanair авиакомпанияси самолёти Афинадан Вильнюсга учиб кетаётган эди. Бортда Протасевичдан ташқари 122 нафар йўловчи борлиги қайд этилган. Бомба тўғрисидаги хабар туфайли самолёт Минскка қўнишга мажбур бўлди. Лайнер қўниши билан Протасевич қўлга олинди. У бош муҳаррири бўлган NEXTA телеграм-канали 2020 йил август ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг Беларусда бошланган норозилик намойишларини ёритди ва мувофиқлаштириб борди. Расмийлар Протасевични тартибсизликларни уюштиришда айбламоқда ва уни террористик фаолиятга алоқадор деб ҳисобламоқда. 

Ryanair самолётининг қолган йўловчилари хавфсизлик текшируви ўтказилгани туфайли Минск аэропортида тахминан беш соат қолиб кетишди. Натижада, бомба ҳақидаги хабар тасдиқланмади. 

Бир қатор ғарб давлатлари, жумладан Буюк Британия, Франция, Латвия, Литва ва Полша Беларус расмийларининг ҳаракатларини қоралаб чиқди. Беларус Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, уларни «ёрлиқ ёпиштиришда» айблади. Беларус ҳокимиятининг хатти-ҳаракати «белгиланган халқаро қоидаларга тўла мос келади», унга Беларус «ҳар доим масъулият билан ёндашади», дейилади идора хабарида. 

Ушбу воқеадан кейин Европа иттифоқи Беларуснинг ЕИдаги доимий вакили Александр Михневични чақиртирди. Унга «Беларус ҳукумати йўловчилар ва экипаж хавфсизлигини хавф остига қўйиб, мажбурлаш ҳаракатини содир этгани қатъий қораланиши тўғрисида» хабар берилган. Евроиттифоқ эҳтимолий санкциялар сифатида «Белавиа» авиакомпанияси самолётларининг ЕИдаги барча аэропортларга қўнишини тақиқлаб қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда, дея хабар берди Financial Times манбалари. Уларга кўра, Евроиттифоқ Беларус ҳаво ҳудудини парвозлар учун хавфли деб эълон қилиши ҳам мумкин. 

Мавзуга оид