Ўзбекистон | 08:34 / 27.05.2021
6334
2 дақиқада ўқилади

ИИВ профилактика инспекторлари уй-жой билан таъминланади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларини 2021-2023 йилларда хизмат уй-жойлари билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан 2021-2023 йилларда ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини бевосита улар хизматни ўтайдиган ҳудудда жойлашадиган хизмат уй-жойлари билан таъминлаш дастури тасдиқланди.

Дастур қуйидагиларни назарда тутади:

  • жами - 2965та, шундан 2021 йилда 993та, 2022 йилда 988та ҳамда 2023 йилда 984та уй-жойни янгидан қуриш;
  • жами - 223та, шундан 2021 йилда 80та, 2022 йилда 72та ҳамда 2023 йилда 71та янги хонадон харид қилиш;
  • жами - 161та, шундан 2021 йилда 63та, 2022 йилда 51та ҳамда 2023 йилда 47та уй-жойни тўлиқ таъмирлаш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси ДУК дастур доирасида хизмат уй-жойларини қуриш бўйича буюртмачи ҳисобланади.

Хизмат уй-жойлари президентнинг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида" 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сон қарорига мувофиқ 0,02 гектар ҳажмдаги ер участкаларида жойлаштириладиган, ҳовли иншоотларига эга бўлган бир қаватли 2 ва 3 хонали уй-жойларнинг намунавий лойиҳаси бўйича қурилади.

Қурилиш компанияларини танлаш учун тендер ўтказилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид