14:04 / 27.05.2021
3277

Китобда ёлғиз ўғил пичоқланиши билан боғлиқ суд якунланди, судланувчининг айби исботланди

Kun.uz сайтида «Китобда ёлғиз ўғил пичоқланди ва бир кўзидан ажралди: зарар қопланмади, иш эса «бости-бости» қилинди» сарлавҳали суриштирув эълон қилинганди. Ғайбулла Остонов раислигида ўтган судда суриштирувда ёзилган барча фикрлар ўз исботини топди.

Биринчидан, 2020 йил 2 март куни Усмонов Шаҳзодни холаваччаси (Хадича опанинг опаси Зулайҳо Ҳусанованинг ўғли) 24 ёшли Дадахон Ҳасанов муштлари билан уриб, чап кўзи соққасини ёриб юборгани исботланди. Биринчи терговда эшикка урилган дея қайд этилгани ўз исботини топмади.

Иккинчидан, Шахзоднинг баданига 2 марта пичоқ билан уриб, оғир тан жароҳати етказилгани, терговдаги «пичоқни устига йиқилган» деган жумласи билан келишиб бўлмаслиги, юк билан йиқилганда пичоқ бир мартада тўлиқ кириб кетиши тасдиқланди.

Учинчидан, адвокат Собит Хушовни илтимосномаси асосида ўтказилган қайта суд-тиббий экспертиза жароҳатланган кўз умуман кўрмаслигини, иккинчи кўзнинг кўриш қобилияти ҳам камайиб бораётганини қайд этди.

Тўртинчидан, Дадахон Ҳасановни қилмиши биринчи терговдагидек 111-моддаси (эҳтиётсизлик орқасидан баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш) 2-қисми билан эмас, 104-модда 1-қисм билан квалификация қилинди.

26 май куни томонлар музокараси ўтказилди. Юқоридагиларни инобатга олиб Китоб туман прокурори ёрдамчиси Суннатилла Назаров узил-кесил 5 йиллик қамоқ жазоси тайинланишини сўради. Шахзод Усмонов ва унинг адвокати Мўтабар Холисова судланувчи моддий зарарни қоплагани, яқин қариндош бўлганини инобатга олиб қонуний енгиллик беришини сўради.

Судланувчининг адвокати С.Хушев ҳам иккала томон яқин қариндошлиги, моддий зарар қоплангани, мижози Ш.Усмоновни даволанишига ёрдам қилишини, қамоқ жазоси билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишини сўради.

Суд раиси музокарадан сўнг судланувчи Дадахон Ҳасановга 3 йиллик уй қамоғи жазоси тайинлади, жабрланувчи томонга моддий ва маънавий зарар бўйича яна фуқаролик тартибида мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилди.

Китоблик Шаҳзодбекни жароҳати билан боғлиқ суд икки ой давом этди. Судда тиббий эксперт Ш.Усмоновнинг жароҳати 33 фоиз жисмоний қобилиятини йўқотишга сабаб бўлганини маълум қилганди.

Top