Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Масъул мансабдорларнинг ўзи тор доирадаги тиббиётни синдиришди» – Мутахассислар билан соҳа муаммолари ҳақида суҳбат
Тиббиёт фанлари доктори, профессор, невролог Зарифбой Ибодуллаев, Саудия Арабистони Мадина шаҳридаги қирол Фаҳад шифохонаси шифокор-анестезиологи, профессор Аброр Акмалов Kun.uz’га берган интервьюсида оилавий поликлиникалар ва умумий амалиёт шифокори тизими билан боғлиқ фикрларини айтиб ўтди.
– Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида ишловчиларнинг энг кўп қисми, тахминан, 120 минг нафари оилавий поликлиникалар ҳиссасига тўғри келади. Аҳоли энг биринчи навбатда шу поликлиникаларга мурожаат қилади. Бироқ бу ерда ҳам камчиликлар кўп, малакали мутахассислар етишмайди, моддий-техник база ҳаминқадар. Замонавий диагностика жиҳозлари ва замонавий лабораториялар ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
Мутасаддилар поликлиникаларда тўғри ва сифатли ташхис қўйилса, аҳолининг кўп тармоқли ва махсус клиникаларга мурожаати камайишини айтишмоқда. Аммо, эшитишимизча, муаммони ҳал қилиш учун ғалати чора танланибди. Республикадаги кўзга кўринган илмий марказлардан бирининг раҳбари оилавий поликлиникада беморларни қабул қилиб, уларга маслаҳат бериб ўтирганини айтмоқда. Унинг асосий иши – операциялари, дарслари қолиб кетмоқда. Сизнингча, оилавий поликлиникалардаги ўнглаш учун нималар қилиш керак?
Аброр Акмалов:
– Хориж тажрибасидан келиб чиқиб қарайдиган бўлсак, ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини ривожлантиришга, уларни замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлашга эътибор қаратилаётганини кўришимиз мумкин. Билишимча, Ўзбекистонда ҳам хориждан олиб келинган тиббиёт ходимларини ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларига тақсимлаш режалаштирилмоқда. Тиббиётнинг қайсидир йўналишига ихтисослашган илмий марказлар, шифохоналар ва бошқа тиббиёт муассасаларида моддий-техника базаси етарли бўлмаса, шифокорлар ишлатадиган тиббий жиҳозлар етишмаса ёки умуман мавжуд бўлмаса, тиббиёт ходимлари замонавий дорилар билан таъминланмаса, хориждан энг зўр мутахассисларни олиб келган билан ҳам улар ҳеч қандай иш қила олмайди.
Бизда айрим ташаббуслар худди велосипедни қайта кашф қилишга ўхшаб қолмоқда. Бўлаётган ишлар велосипеднинг ғилдираги думалоқ бўлиши кераклиги ҳаммага маълум бўла туриб, худдики, келинглар уни тўртбурчак қилиб кўрайлик, дейилаётганга ўхшайди. Фикримча, тиббиёт соҳасида турли экспериментлар қилавермасдан, ривожланган давлатларнинг тиббиёт соҳасида йиллар давомида синовдан ўтган тажрибасини олишимиз афзалроқ.
Ўзбекистонда кимнингдир ташаббуси билан оилавий шифокорларни жорий этамиз, деб талабаларни шу йўналишда ўқита бошлашди. Ҳолбуки, бу нарса хорижда қачонлардир синовдан ўтказилиб, аллақачон йўқолиб ҳам кетган. Чет элда оилавий шифокор деган тушунча йўқ. Масалан, мен ишлаётган Саудия Арабистони подшоҳлигида умуман йўқ.
Переферияларни таъминлаш керак. Уларни таъминлаганда охирги пайтда шунақа тенденция кетяптики, беморлар пойтахтдаги тиббиёт муассасаларига келиб юришининг олдини олиш мақсадида биринчи бўғиннинг ўзида зарур операциялар қилинсин, деб айтилмоқда. Бу мумкин эмас, амалга ошириб бўлмайдиган нарса. Чунки юз нафар жарроҳдан 10-15 нафарининг қўли енгил бўлиб чиқади ва улар энг марказга жойлаштирилади. Ҳамма жойда шунақа.
Мана, масалан, реанимация бўлимини биласизлар. У ердаги тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармонларнинг харажати жуда юқори туради. Бир беморнинг реанимация бўлимида бир сутка ётиши бошқа бўлимларга нисбатан жуда қимматга тушади. Энди, тасаввур қилинг, шифохоналардаги ҳар битта бўлимда оғир аҳволдаги беморлар ётиб даволанадиган палаталар очилиши, ҳар битта бўлимда реанимацион беморларга қарайдиган шифокор тайинланиши – иложсиз нарса. Шунинг учун ҳам энг қиммат тиббий жиҳозлар, энг қиммат дорилар, энг малакали шифокорларни битта бўлимга жамлаб, реанимация бўлими ташкил этилган.
Тиббий клиникаларда ҳам шу тартиб сақлаб қолиниши керак. Масалан, қийин муолажалар катта-катта марказларда қилиниши, оғир беморлар ана шу ёққа юборилиши керак. Саудияда ҳам худди шундай. Ҳудудлардаги шифохоналардаги моддий-техника базасини, шароитларни зўр қилиб қўйган. Улардаги даража ихтисослашган тиббий марказларникидан қолишмайди. Лекин у ерда оддий шифокорлар ишлашади. Кичик-кичик операцияларни улар амалга оширади, каттароқ жарроҳлик амалиётларига эҳтиёж туғилса, беморларни марказга юборишади. Худди шу нарсани Ўзбекистонда ҳам жорий қилиш керак. Шунда тор доирадаги тиббиёт мутахассислари етишмаяпти, деган гаплар бўлмайди.
Зарифбой Ибодуллаев:
– Адашмасам, Ўзбекистонда УАШ тизимига шунақа муккадан кетилди. Ҳаттоки, биз фақат умумий амалиёт шифокорини тайёрлаймиз, дея талабаларнинг миясига сингдирилди. Бу сўзларимни Тошкент тиббиёт академиясидаги профессорлар ҳам тасдиқлайди. Ўша пайтлари ҳатто бизга невропатолог, реаниматолог кадрлар керак эмасмикан, деган тушунчага ҳам бориб қолгандик. Ҳамма куч УАШ тизимини ривожлантиришга йўналтирилди.
Ҳаттоки, баъзи ўқув дастурларини чуқурлаштириб ёзманглар, амалиётга мослаб ёзинглар, деган кўрсатмалар берилди. Амалиёт икки хил бўлади: оддий ва мураккаб. Бугун узоқни ўйламай қилинган ана шу ишларнинг мевасини кўриб турибмиз. ССВ мамлакатимизда тор доирадаги мутахассислар етишмаслигини айтмоқда. Бу – тор доирадаги кадрлар тайёрлашни йиғиштириб қўйиб, фақат УАШ тизимини ривожлантиришга эътибор қаратилганининг оқибати. Президент Шавкат Мирзиёев мана шу масалани ўртага ташлади. Аслида бу муаммоларни ССВ кўтариб чиқиши керак эди.
Бу интервьюда айтаётган сўзларимиз ҳам шундоқ қолиб кетса керак. Негадир кўп ташаббуслар, очиқ айтилаётган муаммолар ҳукумат ва давлат раҳбариятигача етиб бормаяпти. Пастда қолиб кетяпти. Йўқса, президентимиз ғоя беришсин деб айтяпти, лекин жуда кўп яхши фикрлар, ғоялар тепага бормаяпти.
Сўзларимга битта оддий мисол: психосоматик тиббиётни ривожлантириш масаласи бўйича президент фармони лойиҳасини тайёрладим. Лойиҳани ССВ ва Олий Мажлис Сенати мутахассислари ҳам кўриб чиқишди, ҳозир ҳужжат уларнинг қўлида турибди. Соҳадаги энг долзарб масалаларни кўтаргандим, лекин масъуллар турли баҳоналар билан лойиҳани ҳаракатдан тўхтатиб қўйишди. Мен тиббиёт психологияси йўналишида дарсликлар ёзиб, бу нарсани ривожлантириб келяпман. Бизда, айниқса, терапевтик йўналишдаги касалликларнинг 70 фоизи психосоматик бузилишлар, улар жуда арзон диагностика қилинади, жуда арзон даволанади.
Юртдошларимиз бу нима ўзи, деб сўраши мумкин. Шу боис, халқона тилда тушунтириб ўтай. Ҳозир бир одамнинг боши оғриб қолса, «черепной давление» (миянинг ички босими ошиши) деб турли дорилар ёзиб бериляпти, шу ташхис билан муолажа қилиняпти. Аслида бу психоген бош оғриғи. Психоген бош оғриғи бу – асабдан бўладиган бош оғриғи. Буни аслида, тиббий психолог даволаши керак. Оилавий поликлиникаларга, маслаҳат поликлиникаларига камида 3 мингта тиббий психолог штати керак, деб бу масалани кўтариб чиққанимизда бор-йўғи 150тача штат ажратилди.
Билмадим, энди тизим қандай амалга оширади. Мен оилавий поликлиника бўйича, УАШ тизими бўйича мутахассис эмасман. Лекин тор доирадаги мутахассис сифатида шуни ачиниш билан айта оламанки, тиббиёт соҳасига масъул мансабдорларнинг ўзлари тор доирадаги тиббиётни синдиришди.
Ўтган йили Марказий Осиёда биринчи бўлиб 13 мартда Қозоғистонда коронавирусга чалиниш ҳолати расман қайд этилди. 15 мартда эса Ўзбекистонда илк бемор аниқланди. Қозоғистон яқинда коронавирусга қарши ўзининг вакцинасини ишлаб чиқаришга эришди. Бу ҳам ўзига хос бир сиёсат. Илм-фан бобидаги рақобат бу. Россия ҳам «Sputnik V» вакцинасини ишлаб чиқариш орқали ўз олимларининг илмий салоҳиятини кўз-кўз қилмоқда.
Қозоғистон ўз вакцинасини яратганидан сўнг бизникилар ҳам Фанлар академиясида коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаришга киришилгани ҳақида хабар берилди. Бу ҳам Қозоғистон вакцинасини яратибди, сизлар қаерга қараб ўтирибсизлар, деб тепадан айтилган бўлса керак. Вирусология институти аллақачон бу ишни амалга оширса бўларди. Ўтган вақт давомида нима учун ушбу институтнинг илмий персонали ўзбек вакцинасини яратишга киришмади. Агар биз ўз вакцинамизни яратганимизда Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистонга сотишимиз мумкин бўларди. Олим сифатида менинг ичим куяди ахир.
Илгари Ўзбекистон илм-фан ватани бўлган, Марказий Осиёдагилар тиббиётни бизда ўрганишган, қўшни давлатларнинг олимлари ўзимизда фан номзоди, фан доктори бўлишган. Шу сабабли коронавирусга қарши вакцинани биз биринчи бўлиб яратишимиз керак эди, деб ўйлайман. Вакцина яратиш учун шароит бўлмаса, ўша пайтда дод солиб, вазиятдан фойдаланиб, тепага мурожаат қилиб, Вирусология илмий текшириш институтининг моддий-техник базасини мутлақо ўзгартириб юборса бўларди. Спорт мамлакатни дунёга танитади, дейишади. Илм-фан ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ўзбек вакцинаси ишлаб чиқилганда, юртимиз номини дунёга танитадиган зўр бир кашфиёт бўларди.
– Бугун тиббиёт институтларини битираётганлар медицина тизимида ишлашни исташмаяпти ва ўзларини фармацевтикага, хусусий секторга уришмоқда. Уларни ҳам тўғри тушуниш керак, ойлик ва шароит бир аҳволда бўлгач, қандай қилиб келажакларини бу касб билан боғлаш мумкин? Бу ўз-ўзидан соҳа келажагини сўроқ остига қўймаяптими? Қандай қилиб тиббиётни жозибадор касбга айлантириш мумкин? Соҳанинг обрўсини тиклаш учун нима қилиш керак?
Зарифбой Ибодуллаев:
– Мамлакатимизда 10-12 минг нафар тор доирадаги тиббий мутахассис етишмаётгани очиқланди. Шундай бир шароитда негадир тиббиёт институтларининг филиалларини очишни кўпайтиришяпти. Бироқ бу муаммонинг ечими бўла олмайди.
Агарда ойликлар кўтарилса, ишончим комилки, яхши иш ҳақи тўланадиган соҳаларга ўтиб кетган камида 6-7 минг нафар тор доирадаги тиббий мутахассис тиббиётга қайтади. Айни пайтда хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик шифокорлар Kun.uz’га берган интервьюларида оч шифокор хавфли эканини таъкидлашган эди. Бу – қонуният. Ҳар қандай инсон, жумладан, шифокор ҳам энг аввало, бола-чақасини ўйлайди. Айни пайтда берилаётган ойликка қаноат қилиб ишлаб юрган шифокорларга ҳайкал қўйиш керак. Суриштириб кўрилса, ҳозир олаётган ойлигига рози бўлиб ишлаб юрган тиббиёт ходимлари – болалигидан шу соҳага меҳр қўйган, одамларга нафим тегсин, деб шу касбни танлаган инсонлар.
– Нима деб ўйлайсиз, нега шифокорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонун лойиҳаси қабул қилинмаяпти?
Зарифбой Ибодуллаев:
– Чунки ўша қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга масъул ҳисобланган мансабдорлар, қонунни қабул қиладиган депутат ва сенаторлар ҳамиша яхши жойларда даволанишади. Яъни уларга бу муаммонинг қизиғи йўқ, шу боис бугун тиббиёт ходимларнинг ҳимояси учун сув ва ҳаводай зарур бўлган қонунни қабул қилиш ҳеч қандай сабабсиз кечиктирилмоқда. Юқори лавозимдаги шахсларда эҳтиёж туғилиши билан вазирликка бир оғиз қўнғироқ қилишса бас, шифокорларнинг ўзлари уларнинг ҳузурига етиб боришади.
Қолаверса, амалдорлар учун I, II ҳукумат шифохоналари бор. У ерда улар эътибор ва ғамхўрлик остида бўлишади. Ўзим ҳам кўп марта консултацияларга борганман. Уларни энг сара мутахассислар кўради. Хуллас, қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор дейишади-ку, ўшандай ҳолат бўлмоқда.
Тиббиёт ходимларини тажовузлардан ҳимоя қилувчи қонунни, албатта, қабул қилиш керак. Аброр ака Акмалов аввалги интервьюларида Саудия Арабистонида шифокорга қўл кўтариш ҳатто тасаввурга ҳам сиғмайди, деб айтдилар. Ўзбекистонга ички ишлар зобитига ёки оддийгина кичик сержантга қўл кўтариш у ёқда турсин, салгина қаршилик қилинса, давлат органи ходимининг қонуний талабига бўйсунмади, дея олиб бориб тиқиб қўйишади. Йигирма, ўттиз, қирқ йиллик иш тажрибасига эга шифокорни, бўлим мудирини ёки катта умидлар билан отнинг калласидай контракт тўлаб 10 йил ўқиган шифокорни ҳақорат қилиш, калтаклаш оддий ҳол бўлиб қолди.
Яқинда Ўзбекистонда коррупция энг ривожланган соҳа тиббиёт ва таълим деб айтилди. Менимча, аввал тиббиётнинг аҳволини яхшилаш, ойликларни кўтариш, ходимлар учун шароитларни яхшилаш лозим. Шундан кейин ҳам коррупцияга қўл уриш давом этса, айбдорлар сўзсиз жазоланса, адолатдан бўлади. Мен профессор илмий унвонига эга бўла туриб, ойлигим минг доллардан сал ошади. Кези келганда 2016 йилдан маошларимиз анча кўтарилганини айтмоқчиман, бунинг учун миннатдорлик билдираман. Лекин бошқа мамлакатлар, узоққа бормасдан қўшни Қозоғистон билан солиштирганда, бу анча кам.
Келинг, кичкина таҳлил ўтказамиз. Ўзбекистонда яхши врачлар нега кам? Профессор соат 14:00гача ишлайди-да, иш вақти тугагач уйига кетмайди ёки ўз устида ишламайди. Балки аксарият тиббиёт ходимлари каби хусусий клиникаларга бориб, 3-4 сўм пул топай, дейди. У фан номзоди, доктор бўлди, у янада ривожланиши учун тинмай изланиши керак, аслида. Ишдан кейин ассистентлари билан бирга ўтириб ишлаши, соҳасига оид янгиликларни таҳлил қилиши керак.
Агар у профессор илмий унвонига эга шифокорлар беш минг доллар, уларнинг ассистентлари уч минг доллар иш ҳақи олишганда эди, улар иш вақти тугаши билан хусусий клиникага қараб югуришмасди. Балки профессор ассистенти билан бирга илм қиларди. Ассистент ҳам билимини оширади. У талабаларга ўргатади.
Фаолиятимизда тутуруқсиз топшириқлар тез-тез учраб туради. Яқинда клиник ординаторларни магистрлар, 5-6-курс талабаларининг бўйини ва бош суягининг айланасини ўлчатиш учун юборишди. Дарров ССВнинг катта мутасаддиларидан бирига чиқиб, бунинг сабабини сўрасам, амалиётга кетди, деб айтди. Қанақа амалиёт, октябр ойида, энди ўқиш бошланганда амалиётга нима бор? Амалиёт ёзда бўлади-ку?
Қозоғистон ўз врачларини Европага юбориб ўқитса, бизникилар эса маҳаллабай ишлашга жалб қилмоқда. Бунинг устига вилоятларга юборилаётган тиббиёт ходимлари ўз ҳисобидан кетишмоқда, у ердаги харажатлари ҳам ўзларининг бўйнида. Бу уят. Ўқув жараёнини тўхтатиб қўйиш, бўлиш, кимнидир дарслардан чиқариб олиб ҳудудларга ёки маҳаллабай ишларга жалб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Тепадагилар яхши шифокорлар етишиб чиқишини хоҳлашса, барча тиббиёт институтларини, барча илмий-тиббий марказларни ССВ тасарруфидан чиқариши, уларнинг мутлақо мустақил фаолият юритишини таъминлаш керак. Соғлиқни сақлаш вазири ҳам керак бўлса келиб, оддий ассистентга ўқишингни тўхтат, демаслиги керак. Бу сўзларим Шавкат Миромоновичга бориб етар деб ўйлайман.
Деканатга борасиз, кўпчилик маҳаллалардаги тиббий-маслаҳат, соғлом турмуш тарғиботи, шунга ўхшаш ишларга жалб этилган бўлади. Кураторлик тизимини шу қадар кучайтириб юборишдики, соат учдан кейин ҳеч кимни иш жойидан топа олмайсиз. Ҳамма қаердадир тарғибот-ташвиқот ишлари билан юрган бўлади.
Европага бориб келган юқори лавозимли мутасаддилар у ердаги кутубхона ўқитувчи ва талабалар билан тўла эканини айтиб, сизлар нега иккидан кейин ишдан кетиб қоласизлар, нега талабаларингиз билан кутубхоналарга бориб ўтирмайсиз, дейишади.
Ўзбекистонда ҳам европача анъаналарни жорий қилиш мумкин, фақат бунинг учун мен юқорида айтган шароит бўлиши керак. Шифокорларнинг ҳам, профессор-педагогларнинг ҳам бола-чақаси бор-ку. Ҳозир кутубхонага бориб ўтиришса, рўзғорнинг кам-кўстини қандай тўлдиришади?
Бизда тиббий таълимни ривожлантириш концепциясининг ўзи йўқ. Олий таълимдан кейинги таълимни ривожлантириш концепцияси йўқ. Мана, тепадагиларнинг зўрлови билан охирини ўйламасдан умумий амалиёт шифокорларни тайёрлаш (УАШ) тизими жорий этилди-да, тор доирадаги мутахассисларни тайёрлаш тизими йўққа чиқди. Клиник ординатура, магистратурага кириш орзу эди. Ҳозир реанимотология йўналишида жой бор, аммо ҳеч ким бу йўналишга ҳужжат топширмаяпти.
Аброр Акмалов:
– Реанимотология тиббиётнинг энг қийин соҳаларидан бири ҳисобланади. Бутун дунё бўйича ҳам бу йўналишда мутахассислар кам. Энди Ўзбекистонда илгари талаш бўлган тиббий таълим йўналишига ҳужжат топширилмаётганига келсак, бунга оғир беморлар билан ишлашнинг ўзига яраша қийинчилиги, беморнинг яқинлари келиб жанжал қилиши одат тусига киргани ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Биз ўқиган даврларда бирорта талаба маълум соҳани пухта эгалламоқчи бўлса, устозларга шогирд тушиб, ёнида юрарди. Ана ўшалар қизиқишига қараб магистратура ва клиник ординатурага ўқишга танлаб олинарди. Ҳозир имтиҳон топшириб олишяпти, бунда кафедраларнинг роли умуман йўқ. Ким юқори баҳо олса, ўша магистратура ёки ординатурага ўқишга киради. Бироқ афсуски, улар соҳанинг қийинчиликларини тасаввур қилолмаслиги, турли чиғириқларга бардош беролмагани сабабли ҳам, улардан яхши мутахассис чиқиши қийин бўлиб қолган. Магистратура ёки ординатурада таълим олганлар ўз соҳаларида ишламаётган ҳолатлар ҳам кўп учраяпти. Ҳолбуки, улар шу соҳада нимагадир эришиши мумкин бўлган қайсидир талабани имкониятдан маҳрум қилиб, олий таълимнинг кейинги босқичига ўқишга қабул қилинган эди. Шу боис, бу масалани ҳам обдон ўйлаб кўриш, профессор-ўқитувчиларнинг бу борадаги фикрларини олган ҳолда тизимга ўзгартириш киритиш керак, деб ўйлайман.

Ўқув тизимини ССВ тасарруфидан чиқарса яхши бўлади, деб ҳисоблайман. Чунки олий тиббий таълим муассасалари академик фаолият, яъни медицина учун зарур мутахассисларни тайёрлаш билан, вазирлик эса даволаш иши билан шуғулланиши керак. Агар шу ислоҳот амалга ошса, тиббий таълим сифатида ҳам ўзгариш бўлади. Ўқитиш тизими, ўқитиш дастурлари алоҳида бўлиб, вазирликка бўйсуниши керак эмас. Вазирлик даволаш ишини назорат қилгани маъқул.
– Kun.uz’да эълон қилинган мақолангизда фармкомпанияларнинг лоббилари ҳақида сўз юритгансиз. Таҳририят ҳомийлигидаги «Субъектив» лойиҳаси ижодкорлари шифокорлар ва фармацевтика фабрикаларининг қўштирноқ ичидаги алоқаларини фош этишган эди. Ана шу журналистик суриштирув давомида оилавий поликлиникада фаолият юритаётган оддийгина умумий амалиёт шифокори ҳозирги шароит ва иш ҳақига кўниб ишлаётган маълум бир тоифа мутахассисларгина қолди, биздан кейин тиббиёт кимга қолади, деган оғриқли масалани ўртага ташлаган эди...
Зарифбой Ибодуллаев:
– Қайси давлатда тиббиёт қолоқ бўлса, ўша давлатда фармакологик бизнес ривожланаверади. Буни мен талабаларимга маъруза қилганимда ҳам кўп такрорлайман. Бу бир. Иккинчидан, биз тиббиётдаги фармакологик компанияларга қарамликни йўқотишимиз учун республика миқёсида далилларга асосланган тиббиётни жорий қилишимиз керак.
Ҳар қандай дори A, B, C, D гуруҳларга бўлинади. Оддий халққа тушунарли бўлиши учун изоҳ бериб ўтаман: А гуруҳига кирувчи дорилар бу – таъсир доираси 100 фоиз исботланган дорилар; B гуруҳига кирувчи дорилар бу – таъсир доираси 75 фоиз исботланган дорилар; қолганлари эса таъсир доираси исботланмаган дорилардир.
Собиқ совет тузуми парчалангандан кейин, Латвия, Литва ва Эстония ривожланган мамлакатларни кузатишди-да, далилларга асосланган тиббиётга ўтишди. Кейинчалик Грузия буни қабул қилди. Натижада ўз-ўзидан касалликларга таъсир қилолмайдиган ёки самараси паст, даволашда ҳеч қандай фойда беролмайдиган, номига ишлаб чиқарилган дорилар ўз-ўзидан ўша давлатларнинг бозоридан чиқиб кетди.
Мен аввалги интервьюларимда ҳам айтгандим: Тошкент тиббиёт академияси ва қолган ҳамма тиббиёт институтларида учинчи курсдан бошлаб далилларга асосланган тиббиётни ўқитишимиз керак. Агар ҳар бир талабага далилларга асосланган тиббиётни ўқитиб, инсультни даволаш мана бундай бўлади, зотилжамни даволаш эса ундай бўлади, ревматизмни даволаш эса бундай бўлади, деб ўргатилса, у ҳолда тиббиёт фармакологик компаниялар таъсир доирасидан чиқади.
Мен неврология соҳасида ишлаб келаман. Тиббиёт психологияси йўналишида. Бизга россиялик олимлар тез-тез келиб туришади. Негадир шу давлат шифокорлари юртимизга серқатнов бўлиб қолди. Дунёдаги шунча давлат бизга қучоғини очиб турган бир пайтда фақат россияликлар билан ҳамкорлик қилиниши, улар ўргатган йўриқдан юрилиши тушунарсиз.
Исмини айтмасдан бир мисол келтираман. Бундан 4-5 йилча олдин россиялик бир невролог геморрагик инсультни даволаш бўйича Ўзбекистонда бўлиб ўтган симпозиумда лекция ўқиди. Шифокорлар жуда яхши билишади, геморрагик инсульт оператив йўл билан даволанади. 40 дақиқалик маърузасида ҳеч бўлмаса, унга кўрсатмалар ва монелик қилувчи ҳолатларни эътиборга олиб, операция қилиниши керак, деган нарсани тилга ҳам олмади. Айтганлари биз биладиган дорилар, ўргатганлари биз биладиган методлар. Кечирасиз-у, биз Африка қитъасидаги ёки ривожланишдан ортда қолиб кетган бошқа давлатлар билан тенг эмасмиз. Бу маъруза ана шундай давлатларда ўқилса, ярашарди. Бизга россиялик шифокорнинг маърузасида айтилган нарсалар умуман керак эмас. Чунки одатда, четдан, хусусан, Россиядан Ўзбекистонга келиб маъруза қилиб келсанг, фалон миқдорда пул берилади, агар мана бу дорини фалон касалликни даволашда фойдали деб айтсанг, бунча миқдорда пул берилади, деб айтишади. Ғарбда бу нарса йўқ.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Олий аттестация комиссияси деган дипломни берадиган ташкилот бор. Бу ташкилотни ликвидация қилиш керак. ОАКнинг ваколатларини институтларнинг ўзига бериш керак. Билишимча, хорижий мамлакатларда Олий аттестация комиссияси деган тузилманинг ўзи йўқ. Унинг тугатилиши ушбу соҳадаги коррупциянинг йўқолишига олиб келади.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
20:28 / 03.06.2026
Ўзбекистонлик шифокор 5000 километр масофадан туриб операция ўтказди
15:20 / 29.12.2025
Тиббиёт ходимлари фарзандларига контрактнинг 30 фоиз қисми қоплаб берилади
10:44 / 27.12.2025
Қирғизистонда ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг ойлиги 2 баравар оширилади
22:57 / 23.12.2025