Велосипедни машинага “айлантирдик”

Оилада 6 кишидан иборатмиз: ота-онам ва 4 ўғил. Мен энг кичигиман. Оиламиз ёшлигимдан сут маҳсулотлари савдоси билан шуғулланар эди. Эсимда, 2001-2002 йиллардан бошлаб, энг катта акам ‒ Давронбек шу ишни йўлга қўйган эди.

Акаларим бошида велосипедда юриб, Марҳамат туманидаги одамлардан сут тўплашар, сўнгра, Андижон ва Шаҳрихондаги сут заводларига сотиб келишарди. Кейинчалик велосипедлар мотоциклга алмаштирилди. Ва ниҳоят, “Damas” автомашиналари сотиб олинди.

2009 йилга келиб, туманимизда кичик сут маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган завод очдик. Ҳозирда 10 га яқин сут маҳсулотлари “Марҳамат-сут” бренди остида ишлаб чиқариляпти.

Мен асосан, қанча сут маҳсулотлари заводга келяпти, қанча маҳсулот ишлаб чиқариляпти, шуни дастурлаштириб, режалаштирар ва шу орқали оиламга ёрдам берар эдим.

Қишлоқ ва дастлабки таълим

Туғилган гўшам ‒ Марҳамат туманидаги “Янги ҳаёт” қишлоғига муҳаббатим баланд. Самимий инсонлари, баҳаво ҳавоси, сўлим табиати ўзига хос. Туманда ўзбеклардан ташқари, қирғиз, уйғур, қозоқ ва тожиклар ҳам яшаб келишади.

Болалигим фақат туман ҳудудида ўтган. Шу ердаги 42-мактабда 6-синфгача таълим олганман. Инглиз тилини ҳам шу мактабда ўрганганман. Дилором опа деган инглиз тили ўқитувчимиз бўларди (Аллоҳ раҳмат қилсин). Опа дарсларни ўзгача, интерактив усулларда қизиқтириб ўтарди ва бу тил ўрганишимга асосий туртки бўлган.

Ҳаётимдаги кескин бурилиш

6-синфни тамомлаб, 7-9 синфларни тумандаги аниқ фанларга ихтисослаштирилган 3-лицейда ўқиганман. Ростини айтсам, у ерда баҳоларим “4” эди.

Негадир эътиборимни кўпинча инглиз тили ўзига оҳанрабодек тортаверар эди. Туман олимпиадаларида ҳам инглиз тили бўйича доим юқори ўринларни қўлга киритганман.

9-синфда ўқиб юрган пайтларимда ҳаётимда кескин бурилиш бўлди десам, муболаға қилмаган бўламан. Туманимиз ўқувчилари номидан шаҳар босқичига қатнашиш учун борган эдим. Танаффусда олди қатордаги 4-5 нафар тенгдошимнинг инглиз тилида жуда равон сўзлашишлари эътиборимни тортди. Рости, бир тарафдан уларга ҳавасим келган бўлса, иккинчи тарафдан ҳафсалам пир бўлди. “Speaking”да билдимки, улардан ортиб, менга ўрин тегмайди.