Йилдан йилга дунёдаги мега бойларнинг сони шиддат билан ошиб боряпти. Сунъий интеллект, биотехнология, криптовалюталар ва бошқа юқори технологик соҳалар янги бойлик манбаларини яратяпти. Forbes’нинг 2025 йилги дунё миллиардерлари рўйхатига 3028 нафар тадбиркор, сармоядор ва меросхўр киритилган. Бу рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Миллиардерлар сони 2024 йилга нисбатан 247 нафарга кўпайган ва уларнинг умумий бойлиги 16,1 триллион долларга етган. 

Миллиардерлар асосан қайси шаҳарда яшайди?

Энг кўп миллиардерлар яшайдиган шаҳарлар рўйхатида биринчи ўринни Ню Йорк эгаллади. АҚШнинг энг йирик шаҳрида 123 нафар миллиардер истиқомат қилади, уларнинг умумий бойлиги 759 миллиард долларга баҳоланган.

Ню Йорк 2014 йилдан кейин кетма-кет 7 йил давомида миллиардерларнинг асосий маркази бўлиб келди. 2021 йилда Пекин пешқадамликни қўлга киритганди. Аммо Хитой етакчилиги узоққа чўзилмади. 2022 йилда Ню Йорк пешқадамликни қайтариб олади ва уни ушлаб турибди.

Ню Йорк

Москва иккинчи ўринни эгаллаган. Россия пойтахтида 90 нафар миллиардер яшайди. Бу ўтган йилга нисбатан 16 нафарга кўп. Уларнинг умумий бойлиги 409 миллиард долларга баҳоланган. Учинчи поғонада Ҳонгконг жойлашган. Ушбу шаҳарда истиқомат қиладиган мега бойларнинг сони 72 нафарни ташкил этади.

Москва

Шунингдек, Лондон, Пекин, Мумбай, Сингапур, Сан-Франциско, Шанхай, Лос-Анжелес каби мегаполислар ҳам миллиардерлар учун асосий яшаш масканлари ҳисобланади. Умуман олганда, мега бойлар дунёнинг 800 га яқин шаҳрида истиқомат қилади. Юқорида номлари тилга олинган 10 та шаҳарни уларнинг чорак қисми ўз уйига айлантирган.

Дубай – энг жозибадор шаҳар

Savills халқаро кўчмас мулк компанияси томонидан тузилган мегаполислар орасида бадавлат шахслар учун энг жозибадор шаҳарлар рўйхатида Дубай биринчи ўринни эгаллаган. Ню Йорк эса ривожланган бизнес муҳити ва геосиёсий барқарорлик омиллари ҳисобига иккинчи ўринга жойлаштирилган.