16:40 / 30.05.2021
58922

Очиқлик сиёсатига рахна. Ижтимоий тармоқлар блокланса...

Янги қабул қилинган ва ижросига киришилаётган қонунга кўра, Facebook, Telegram, Instagram, TikTok, Twitter каби асосий ижтимоий тармоқлар Ўзбекистон ҳудудида тақиқланиши мумкин. Бу эса бир неча ўта жиддий салбий оқибатларга олиб келади.

Фото: Rafael Henrique/Getty Images

Борган сари глoбаллашаётган дунёда мамлакатлар бир-бири билан иқтисодий жиҳатдан боғланиб бормоқда. Кўплаб компаниялар ўзларининг потенциал мижозларини ижтимоий тармоқлар орқали қидиришмоқда. Бу – бугунги кундаги энг арзон ва самарали усул.

Аммо маълум мамлакатларда баъзи ижтимоий тармоқлар блокланган ва бу тадбиркорлик муҳити ривожланишига, мамлакат иқтисодий тараққиётига жиддий салбий таъсир ўтказади.

Қайси мамлакатларда ижтимоий тармоқларга чекловлар ўрнатилган?

Шимолий Корея

КХДРда ижтимоий тармоқлар ва интернетга «қиздирилган темир ушлагич» сифатида қаралади. Барча ижтимоий тармоқлар блокланган ва VPN’дан фойдаланишга уринган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади. Иккига бўлинган Кореянинг «демократик» қисмида фақатгина омад туфайли университетда юқори назорат остидаги компьютердан фойдаланиш мумкин. Мамлакатдаги барча сиёсий ахборотлар Корея Марказий янгиликлар агентлиги (KCNA) томонидан бериб борилади. Бу – мамлакатдаги янгиликлар нашр этишга рухсат берилган ягона манбадир.

Интернетга кириш ҳуқуқи элитанинг жуда ҳам тор доирасидагина мавжуд бўлиб, «бахтли кишилар рўйхати» шахсан Ким Чен Ин томонидан тасдиқланади.

КХДРга ташриф буюрган чет элликларнинг таъкидлашича, поездлар мамлакат аҳолиси учун ижтимоий тармоқлар вазифасини ўтайди. Шу ердагина улар бир-бирлари билан танишиши ва кундалик ҳаёти ҳақида фикр алмашиши мумкин.

Туркманистон

Туркманистон энг секин ва энг қиммат интернетга эга мамлакатлар рўйхатида олдинги ўринларда туради. Мамлакатда Facebook, Twitter, VKontakte, YouTube каби оммабоп ижтимоий тармоқларга кириш имкони йўқ. Фақат битта «Туркментелеком» номли давлат провайдери бор.

Мамлакатда интернетга индивидуал киришга биринчи марта 2008 йилда рухсат берилган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва ахборот агентликлари томонидан бошқариладиган веб-сайтлар блокланган. Ушбу цензурадан ўтишга уриниш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бу ерда фақатгина Россиянинг «Odnoklassniki» вa «Mail Agent Chatting» ижтимоий тармоқларидан фойдаланишга рухсат берилган.

Хитой

Бизнес учун жозибали мамлакат сифатида қараладиган Хитойда ҳам Facebook, Twitter, YouTube ва бошқа кўплаб ижтимоий тармоқлар блокланган. Интернет цензураси мамлакатда «Хитойнинг буюк хавфсизлик девори» сифатида талқин этилади.

Хитойнинг интернетга нисбатан чекловлари дунёнинг бошқа барча мамлакатларига қараганда анча кенг ва мураккабдир. Ноқонуний онлайн контентларни олиб ташлаш ва полицияга алгоритмлар ишлаб чиқишда ёрдам бериш мақсадида сунъий интеллектга асосланган технологияларга катта миқдорда сармоя киритилади.

Ден Сяопиннинг севимли сўзлари бўлмиш «Агар сиз деразани очсангиз, тоза ҳаво ҳам, пашшалар ҳам учиб киради» – Хитой хавфсизлик девори лойиҳасининг сиёсий ва мафкуравий асоси ҳисобланади.

Коммунистик партия юритадиган эркин иқтисодий сиёсатга қарамай, бошқа сиёсий ғоялар ва мафкуралар ҳалигача жамият учун хатарли деб баҳоланади.

Покистон

Покистон қонунчилигида ижтимоий тармоқларга нисбатан «оқилона чекловлар» ўрнатган. 2019 йилда Миллий Ассамблеянинг Ахборот технологиялари бўйича доимий комиссияси мамлакат ҳудудида 900 минг URL манзил блоклангани тўғрисида ахборот берган.

2021 йилнинг апрелида «Ижтимоий медиа платформаларини блокировка қилиш» деб номланган буйруқ билан Покистон телекоммуникация идораси Twitter, Facebook, WhatsApp, YouTube вa Telegram каби ижтимоий медиа платформаларига нисбатан кундузги 11:00дан 15:00гача чекловлар киритган. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, чекловлар куннинг бошқа қисмида ҳам амал қилмоқда.

TikTok платформаси эса «ахлоқсиз ва номақбул» видеолар тарқатгани учун тўлиқ блокланган.

Эрон

Дунё миқёсида интернетдан фойдаланиш ҳажми ошгани сайин Эронда интернет цензураси кучайиб, дунёга машҳур кўплаб веб-сайтлар блокланган. Хусусан, 2019 йилдаги норозилик намойишлари пайтида 1 ҳафта давомида интернет тўлиқ блоклаб қўйилган.

Айни вазиятда мамлакатда Twitter, Facebook, WhatsApp, YouTube ва Telegram каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш бўйича тўлиқ тақиқ жорий қилинган.

SurfShark томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, сўнгги 5 йил ичида 60дан ортиқ мамлакат репрессия воситаси сифатида интернет блокадаларини ишлатган. Бу каби чоралар асосан фуқаролараро низолар ва норозилик намойишлари пайтида амалга оширилган.

Ўзбекистонда ҳам оммабоп ижтимоий тармоқлар блокланиши мумкин

2021 йил 14 январда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ташаббуси билан «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга қуйидаги мазмунда 27-1-модда қўшилди:

«Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт».

Қонуннинг бу янги моддаси 2021 йил 16 апрелдан кучга кирди.

Шу модда асос қилиниб, Facebook, Telegram, Instagram, TikTok, Twitter каби ижтимоий тармоқлар, Gmail, Mail.ru почта хизматлари ва Google, Яндекс каби интернет сервислар Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари жойлашган маълумотлар базаларини (серверлари) жисмонан Ўзбекистонга олиб келиб сақлашлари шартлиги айтилмоқда.

АКТ вазирлигига кўра, серверларда олиб келиниши талаб қилинаётган шахсий маълумотлар сирасига фуқаролар тармоқда рўйхатдан ўтиш учун ишлатадиган исм-фамилия, телефон рақам ва паспорт маълумотлар киради.

Қонун қабул қилинганини ҳисобга олсак, агар йирик компаниялар бу талабларни қабул қилмаса, Ўзбекистон ҳудудида уларнинг фаолияти тугатилиши ҳеч гап эмас.

Ижтимоий тармоқларнинг блокланиши қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкин?

Сўнгги йилларда ахборот технологиялари ҳаётимиздаги бутун ижтимоий муҳитни жадал суръатлар билан ўзгартирди. Хўш, ижтимоий тармоқларнинг блокланиши Ўзбекистон учун қандай таъсир қилиши мумкин?

Иқтисодий таъсири. Оммабоп ижтимоий тармоқларга чеклов ўрнатилиши иқтисодиёт учун ўнгланмас зарба бўлади. Facebook, Twitter каби тармоқларда фақатгина сиёсий ва ғоявий маълумотлар бериб борилмайди, балки бу ердан кўплаб бизнес услублари, янги инновацион тақдимотлар ёки юкланган видеолар орқали кундалик ҳаётда ишлатиш мумкин бўлган технологияларни ўрганиш мумкин.

Шунингдек, кўплаб бизнес тренингларни кузатиш имконияти бор. Тармоқнинг блокланиши натижасида маълумотлар оқимининг келиши ҳам тўхтайди. Натижада иқтисодиётнинг дунёдан узилиб қолиш тенденцияси бошланади.

BBС Ўзбек хизмати хабарига кўра, Ўзбекистондаги бу янгиликни Facebook компанияси салбий қарши олган. Нашрга етиб келган маълумотларга кўра, Facebook Россия, Хитой ва Ўзбекистон каби давлатлар бу йўл билан сўз эркинлигини жиловлашга уринаётганидан хавотирда.

Ижтимоий таъсири. Аҳоли орасида қўрқув муҳити кучаяди. Ваъда қилинган ислоҳотлар учун ишончга жуда катта путур етади. Йўқотилган ишончни қайтиб тиклаш эса осон бўлмаслиги аниқ.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар – фаол мулоқот воситаси. У орқали миллионлаб ўзбекистонликлар фикр алмашяпти. Фикр алмашиш эса фақат тараққиётга хизмат қилади. Плюрализм бежиз тараққиёт омили сифатида эътироф этилмайди.

Биргина шу икки омилнинг ўзи масала кўламини кўрсатади ва бошқа ижтимоий таъсирлар ҳақида фикр юритишга ҳожат қолдирмайди.

Энди савол пайдо бўлиши мумкин, Хитой ижтимоий тармоқларни блоклаб, иқтисодий тараққиётга эришяпти-ку? Тelegram'ни блоклаб, ўзининг WeChat'ини яратди-ку, мана?

Айни пайтда Хитойни бутун дунё билан таққослашнинг имкони йўқ. Хитойнинг ўзи алоҳида бир дунё. Бир миллиарддан ортиқ аҳолига эга мамлакат ўз аҳолисининг ахборот алмашишга бўлган эҳтиёжини ўзи қоплай олади.

Ўзбекистонда эса бундай салоҳият йўқ. Эҳтиёжни таъминлай оладиган тармоқ ва мессенжерлар ишлаб чиқиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Жаҳон даражасида тайёр сифатли ва текин маҳсулот турганда, уни ўзимиз ишлаб чиқишга уринишимиз – мантиқсизлик. Бу билан жаҳондан узилишга қарор қилган бўламиз. Шу ўринда давлат раҳбари очиқлик сиёсати ортга қайтмаслигини эълон қилгани ғоят аҳамиятли.

Агар қабул қилинган қонун амалиётга киритилиб, музокара жараёнлари кутилган натижани бермаса, бизнинг онлайн эркинлигимиз ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ хавф остида қолади.

Айни пайтда мамлакат ичида хоҳ у бизнес бўлсин, хоҳ одамлар ўртасидаги мулоқот бўлсин, ижтимоий тармоқларнинг роли беқиёс. Рақамли дунёнинг замонавий воқелиги айни пайтда узилиб қолиши ҳар қандай соҳада жиддий пасайишга олиб келади.

Top