Ўзбекистон | 22:15 / 31.05.2021
24573
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда мурдадан «кўрсатма олган» судя ҳамон судялик лавозимида ишлаётгани айтилмоқда

31 май куни АОКАда Судялар олий кенгаши масъуллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда журналист Анора Содиқова 2018 йил Kun.uz'да чиққан «Хоразмда мурда тирилиб, судда «кўрсатма берди» сарлавҳали мақоладаги ҳолат хусусида савол берди.

Анора Содиқовага кўра, ўша шармандали воқеадан кейин орадан бир неча йил ўтса ҳам, бу судя ҳамон ўз фаолиятини давом эттиряпти.

Судялар олий кенгаши Суд инспекцияси судяси Отабек Мирзамаҳмудов бу вазият бўйича фикр билдираркан, Кенгаш президентнинг 2021 йил 12 апрелдаги фармонига асосан янги таркибда фаолият бошлагани, юқоридаги мақолада айтилган воқеалардан шахсан хабари йўқлигини, бироқ кенгаш томонидан ўтган даврда бўлиб ўтган воқеалар ҳам танқидий қайта кўриб чиқилишини таъкидлади.

Кенгаш матбуот котиби Турсунали Акбаров эса журналистнинг саволи бўйича кенгаш Суд инспекцияси томонидан алоҳида ўрганиш олиб борилиши ва натижаси бўйича ахборот берилишини маълум қилди.

Маълумот учун, 2018 йилда Kun.uz сайтида берилган мақолада фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг раиси  бир муддат олдин ўлган шахс гўёки тирик бўлгани ва судда у берган гувоҳлик кўрсатмасини ишончли деб ҳисоблагани, шунга асосан нохолис қарор чиқаргани ҳақида сўз юритилганди.

Биринчи инстанция суди судланувчини айбли деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этган. Апелляция судида бу қарор ўзгартирилиб, судланувчига 2 йиллик шартли қамоқ жазоси берилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид