Жамият | 20:45 / 01.06.2021
15118
3 дақиқада ўқилади

Болалар учун янги телеканал ва махсус рецептлар китоби тақдим этилди

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида «Ақлвой» телеканали ва «Ақлвой ошпаз» китоби тақдимоти бўлиб ўтди; Ўзбекистонда илк марта болалар веломарафони ташкил этилди. Тадбирда, жумладан, Танзила Норбоева ва Шаҳноза Мирзиёева иштирок этди.

Шу йил 22 март кунидан эътиборан «Ақлвой» болалар телеканали эфирга чиқа бошлаган эди. Бугун, 1 июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида телеканалнинг расмий очилиш маросими ўтказилди.

Унда Сенат раиси Танзила Норбоева ва Мактабгача таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Шаҳноза Мирзиёева иштирок этди.

Танзила Норбоева ва Шаҳноза Мирзиёева

Тадбир доирасида боғчалар учун мўлжалланган «Aқлвой Ошпаз» китоби тадқимоти ва болалар веломарафони ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган Сенат раиси Танзила Норбоева болаларни байрам билан табриклади.

«Мен ҳаммаларингизни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан Ўзбекистон раҳбарияти номидан чин юракдан самимий табриклайман. Бизнинг мамлакатимизда мана сизларга маълум мактабгача таълим тизимига жуда ҳам катта эътибор берилмоқда. 3-4 йил олдин мактабгача таълим билан қамров 27 фоизни ташкил этарди. Яъни мактабгача ёшдаги болаларимизнинг фақатгина 27 фоизи боғчаларга бориши мумкин эди. Лекин ҳозирги кунда қамровимиз 61 фоизга етди ва 2025 йилга қадар деярли 100 фоиз болаларимизни таълим билан қамраб олишни ният қилганмиз», – деди Танзила Норбоева.

Шу тадбирда тақдим этилган «Aқлвой Ошпаз» китоби ўзбек ва рус тилларида чоп этилган. Китобни тузишда иштирок этган бош ошпаз Баҳриддин Чустийнинг таъкидлашича, «Aқлвой Ошпаз»да болалар учун 250дан зиёд овқатнинг тайёрланиши кўрсатилган. Китоб Ўзбекистондаги 19 мингта боғчага тарқатилиши режа қилинган.

«Қолаверса, китобдан ташқари мобил илова ҳам тайёрладик. Мобил иловада ўзбек ва рус тилларида рецептлар жамланган. Ундан ташқари, деярли 30-40дан ошиқ рецептларда QR коди орқали тайёрланган видеодарсликлар ҳам бор. Келажакда бемалол ҳар бир ошпаз хоҳлаганда мобил илова, YouTubе ёки бошқа бир платформаларда видеодарсликларнинг рецептлари билан танишишлари мумкин», – дейди Баҳриддин Чустий.

Байрам тадбирида мактабгача ёшдаги болалар ўртасида Ўзбекистондаги илк болалар веломарафони ҳам бўлиб ўтди. Марафонда 65 нафар боғча тарбияланувчиси қатнашди.

Якунда болалар орасида велоспортни кенг ёйиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, Велосипед спорти федерацияси, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти томонидан Тошкент шаҳридаги 13та МТТга беговеллар тақдим этилди.

Болалар марафонини республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказиш мўлжалланмоқда.

Мавзуга оид