Ўзбекистон | 19:13 / 02.06.2021
3756
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон президенти Абдулла Ариповни «Дўстлик» ордени билан тақдирлади

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповга иккинчи даражали «Дўстлик» орденини топширди.

2 июнь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилди. Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар беришича, учрашувда қўшни давлат раҳбари икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатига ижобий баҳо бериб, долзарб муаммолар олдида юқори барқарорлик намойиш этилаётганини қайд этиб ўтган.

«Биз биринчи навбатда биродар қўшни Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратамиз, буни Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг жуда муҳим омили деб биламиз», деган Тўқаев.

Ўз навбатида Ўзбекистон бош вазири учрашув учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон президентининг саломи ва эзгу тилакларини етказган.

Абдулла Арипов Қозоғистон томонидан яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 10 млрд долларга етказиш вазифаси қўйилганини қайд этиб, мамлакатлар ҳукуматлари ушбу марраларни забт этиш йўлида қатъий қарор қилганликларини таъкидлади.

Қозоғистон раҳбари ҳукуматлар иш суръатини пасайтирмасликлари, коронавирус пандемиясидан кейинги даврда давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатиш учун мавжуд бўлган барча имкониятлардан фойдаланиш муҳимлигини қўшимча қилган.

Учрашув якунида Қозоғистон президенти Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистон бош вазирини II даражали даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирлаган.

Эслатиб ўтамиз, 24 май куни президент Шавкат Мирзиёев фармонига кўра, 60 ёшга тўлган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид