Ўзбекистон | 11:27 / 02.06.2021
11068
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда фаоллар йиғилиши бошланди. Вилоятга 1 триллион 900 миллиард сўм маблағ ажратилиши маълум қилинди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан учрашув ҳам кўзда тутилган бўлиб, айни пайтда бу тадбир бошланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилди. 

“Бугунги учрашувимизнинг энг катта мақсади ўсиш нуқталарини аниқлаш, халқ фаровонлигини ошириш, одамларимиз натижадан қониқяптими, розими, мана шу саволларга жавоб берсак. Кўпроқ туманлар вакилларини эшитсак. 

Биз одамларни гапиришга, талаб қилишга ўргатдик. Энди халқимизни рози қилиш учун нималар қилишимиз керак? Мактабгача таълим, мактаб, олий таълим нима бўлади? Таълим сифатини қандай оширамиз? Мана шуларни аниқлаб олишимиз керак. 

Синовли йилларда яшаяпмиз. Дунё шиддат билан ўзгаряпти. Коронавирус бизга кўп нарсани ўргатди, кўзимизни очди. Тиббиётда жиддий ислоҳотлар зарурлигини кўрсатди. Албатта, ҳаракатларимиз билан буни жиловлаяпмиз, лекин хавф ҳали ёнимизда юрибди. Кўпчилигимиз яқинларимизни йўқотдик, чунки жиддий қарамадик, оддий грипп дедик. Кўп давлатлар ҳали чегараларини очгани йўқ. Биз очдик, лекин ҳали дунё билан алоқаларимиз олдингидек тикланмади.

Сурхондарёга келишдан мақсадларимиз улкан. 1 трлн 900 млрд маблағ ажратяпмиз. Лекин бунинг назорати бўлиши шарт. Қарсакбозлик қилманглар, менга муаммолардан гапиринглар ва уларнинг ечими устида изланайлик.

Менга хабар беришди, Сурхондарёда одамлар президент билан учрашай, деб дод-фарёд қиляпти. Лекин ўша ҳудуднинг депутатлари йўқми? Шу халқ бизнинг халқимиз, боринглар, ўша ўзининг қўнғирот тилида гаплашинглар!

Кеча ҳокимга топшириқ бердим – барча ҳокимлар, секторлар раҳбарлари 1 йил давомида мен берган топшириқлар билан шуғулланади, биринчи ўринбосарга ваколатини топширади. Фақат белгиланган вазифалар билан шуғулланади, кабинетига кирмайди, маҳаллада ишлайди, ёшлар, хотин-қизлар, темир дафтар билан шуғулланади”, дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид