43 минг вонлик суғурта, гуручли нон ёхуд қишлоқ болаларини ўқитишни ният қилган Акмал Фармонов ҳикояси
UzbekLife хориж давлатларида илм олиб, муваффақиятга эришиб келаётган ватандошлар билан суҳбатларни давом эттиради. Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони Жанубий Кореянинг Чунгбук миллий университети магистранти Акмал Фармонов.
Қаҳрамонимиз Навоий вилоятининг Хатирчи туманида туғилиб-ўсган. 2014-2018 йиллар давомида Навоий давлат педагогика институтининг Хорижий тиллар факультетида таҳсил олган. Сўнгра бир йил давомида педагогик фаолият билан шуғулланиб, 2019 йилнинг сентябр ойидан Жанубий Кореянинг Чунгбук миллий университети Инглиз тили адабиёти факультети инглиз тили оғзаки нутқи (коммуникация) йўналишида таҳсил олиб келмоқда.
“Сарой жавоҳири”дан илҳомланиб
Жанубий Кореяда таълим олиш болаликдан орзуйим эди. Янглишмасам, 5 синфлигимда “Сарой жавоҳири” сериали намойиш этилган. Ушбу сериални таржима қилган инсон ‒ Фахриддин Низомов қўшнимиз бўлади. Ўша кишига ҳавас қилиб чет тиллари, хусусан корейс тилини ўргандим.
Отам ‒ қаҳрамоним
Аслида, ҳақиқий қаҳрамонлар фронт ортидаги инсонлар дейишади-ку. Аммо уларнинг иши аксарият ҳолларда деярли кўзга ташланмайди. Дадамни ана шундай қаҳрамонлардан бири, деб биламан. Чунки бу ерда таълим олишимга дадам катта сабабчи бўлган. Магистратура ҳақида гап кетса, доим қўллаб-қувватлар эди. Иншааллоҳ, хорижда ўқийсан, деб, тинимсиз мотивация берарди.
Шартнома пули арзонроқ эди
Олийгоҳда ўқиб юрган пайтларимда ҳам Корея ҳақида қизиқарли маълумотлар қидириб юрар эдим. Умуман, корейслар мамлакати юқори сифатли таълим тизими ҳамда ўқиш шартнома пули нисбатан арзон бўлган давлатлардан бири. Баъзида, корейсларнинг ўзи ҳам мендан нега айнан уларнинг давлатини танлаганимни сўрашади. Мен уларга тўлов-шартнома пулининг арзонлиги, юқори таълим сифати, кенг имкониятлар сабаблигини айтиб келаман.
Барчаси ўзингизга боғлиқ
Ҳужжатлар online топширилган. Бу ерга ўқишга келиш учун ўқишга кирмоқчи бўлган университетингизнинг бирор-бир профессоридан Тавсиянома (Recommendation Letter) олишингиз керак бўлади. Мен ҳам шундай Тавсиянома олишга эришганман. Факультетимиз декани бунда менга яқиндан ёрдам берган эди.
IELTS балингиз 5.5 дан юқори бўлса, Корея университетлари талабалари сафидан бемалол жой олишингиз мумкин. Кузги семестр учун ҳаракатни баҳордаёқ бошлаганмиз. Жавоблар ёз фаслида чиққан. Роса хурсанд бўлгандим ўшанда. Айниқса, дадамнинг қувончи чексиз бўлган. Сентябрь ойидан эса ўқишни бошлаганман.
IELTSдан сертификатим бўлгани сабабли, 30 фоизлик scholarship олиб, бир ярим минг доллар шартнома пули тўлаганман. Бўлмаса, ундан ҳам анча қимматга тушар эдим. Бу бир семестр, яъни олти ойлик тўлов. Ундан кейинги имтиёзларни олиш эса ўқишдаги натижаларга боғлиқ.
Бепул тил курслари
Бу ерда магистратура босқичида ўқишнинг ўзига яраша қулайлиги, изланишингиз, ўз устингизда ишлашингиз учун вақтингиз етарли бўлади. Дарслар ҳафтасига бир марта, қолган кунлар эса ўқишингиз, изланишингиз ёки ишлашингиз мумкин. Профессор-ўқитувчилар билан диплом мавзунгиз устида ишлаб, лабораторияларда машғулот олиб боришингиз ҳам мумкин.
Кутубхоналарда сокин муҳит ҳукмрон. Биров бировга халақит бермайди. Миллионлаб адабиётлардан фойдаланишингиз мумкин. Излаган китобингизни албатта, топасиз. Эртага келинг, бу китоб бизда йўқ, деган ҳолат учрамайди. Интернет тезлиги жуда ҳам юқори. Фақатгина сиздан бир нарса талаб этилади: кутубхонага киришдан олдин рўйхатдан ўтишингиз шарт.
Кореяда магистратурада ўқийдиган талабаларга корейс тили бепул ўқитиладиган дастурлар мавжуд. Сиздан ҳеч қандай харажат талаб қилинмайди. Ушбу дастурлар ҳафтасига 3 марта 2 соатдан ташкиллаштирилади.
Арзон суғурта тизими
Жорий йилнинг март ойидан бошлаб хорижлик талабаларга мажбурий суғурта тизими жорий этилди. Бу ҳам биз учун ижобий ҳолат. Яъни корейслар ўзлари фойдаланадиган суғурта тизимини бизлар учун ҳам татбиқ қилган. Фақат улар 130 минг вон (сўмда тахминан бир миллион уч юз минг атрофида) тўлайди. Биз ‒ хорижлик талабалар эса янада арзонроқ, бор-йўғи 43 минг вон (тўрт юз минг сўм атрофида) тўлаймиз.
Ҳар семестрда саёҳатлар ташкил қилинади
Таътил пайтида талабаларнинг вақтини унумли ўтказиш учун меҳнат лагерлари ташкил қилинади. Уларда қатнашиш учун тўлов қилишингиз талаб қилинади. Албатта, қулай нархларда. Тахминан 100$ атрофида. Тўловни қилгач, аъзо бўласиз. Шундан сўнг сизга уч ой давомида бирор жойга бориб ишлашингиз учун имконият яратиб беришади. Ёки иш ўрганиш билан машғул бўласиз. Сизга маълум миқдорда ойлик ҳам тўланади. Ёзни самарали ўтказиш учун бу жуда ажойиб имконият.
Бундан ташқари университетларда саёҳатлар ташкил қилинади. Бу саёҳатлар ҳар семестерда амалга оширилади. Бу жараёнда сиз Кореянинг машҳур жойларини томоша қилишингиз, денгиз бўйларига саёҳат қилиб, тарихий жойларга боришингиз мумкин. Булар нафақат ҳордиқ чиқариш, балки талабалар ўртасида дўстона муҳитни яратишда ҳам жуда муҳим. Дўстона дейишимнинг сабаби, талабаларнинг аксарияти хориждан келган меҳмонлар.
Баҳолаш жараёнида ҳар бир ҳаракатингиз ҳисобга олинади
Семестрлар деярли бизникидан фарқ қилмайди. Масалан, биз учун бир семестрда 15 соат дарс қўйилган бўлади. Ўртада бир оралиқ назорат, сўнгра якуний назорат бўлади. Ҳаммаси ёзма равишда топширилади. Эътиборлиси, баҳолаш айнан буларга қаратилмайди. Бутун семестр давомида дарслардаги фаоллигингиз, давоматингиз, оралиқ ва якуний ишларингизга фоиз кўринишида балл қўйиб борилади. Якунда барчаси ҳисобланиб, А, А+, Б, Б+ кўринишида натижангиз чиқариб берилади.
Имтиҳонлар ёзма шаклда топширилади. Айрим университетларда эса тест шаклида ҳам ташкиллаштирилади. Ишингизни ўқитувчиларнинг gmail почтасига ташлаб берасиз. Топшириқларни якунлаш санаси белгилаб қўйилади. Масалан, 10 майдан 20 майгача бўлган муддат давомида топшириқларни gmailга ёки университетнинг махсус ўқув тизимига жойлаб қўйишингиз керак бўлади.
Кореяда ўқиш харажатлари
Жанубий Корея университетларида тўлов-шартнома пули ўртача 2000 АҚШ долларидан бошланади. Бу сумма университетнинг даражасига қараб кўпроқ ёки камроқ бўлиши мумкин. Одатда, бир йиллик шартнома пули икки мингдан тўрт минг доллар атрофида бўлади.
Юқорида таъкидлаганимдек, бир ойда 43 минг вон суғурта пули тўлайсиз. Ижарада туриш учун ўртача 200 минг, еб-ичишга эса 150 минг вон атрофида харажат қиласиз. Майда-чуйда харажатларга 100 минг вон сарфлайсиз. Жами бир ойда талаба 400 $ атрофида пул ишлатади.
Талаба ва магистрларга қонуний иш соатлари белгилаб берилган
Ушбу давлатда бакалаврларга алоҳида, магистрантларга алоҳида қонуний иш соати белгилаб берилади. Бакалавр босқичида ўқийдиган талабалар ҳафтасига 20 соат, магистратурада ўқийдиганлар эса 30 соат ишлаш ҳуқуқига эга.
Бу талабанинг харажатларини ўзи қоплай олишига етади. Ўзининг тўлов-шартнома пулини тўлаши мумкин. Фақатгина ишлаш учун Иммиграция марказидан рухсатнома олиши керак.
Рухсатнома олганингиздан кейин бемалол талабаларга мос ишларни қилишингиз мумкин. Таътил пайтлари “full time” ишланса, ўқиш пайтида “part time” режимида ишланади. Агар ушбу қоидани бузсангиз, иммиграция ходимлари томонидан бир миллион вон миқдорида жаримага тортиласиз.
Талабаларнинг ҳаёти
Юқорида айтганимдек, дарслар ҳафтада бир ёки икки кун бўлади. Агар эрталаб бўладиган бўлса, узоғи соат биргача давом этади. Пешин пайти бошланса, соат 5 гача давом этади. Дарсдан ташқари ҳолатлар эса, талабанинг ўзига боғлиқ. Хоҳласа уйда, хоҳласа рухсатномани олиб, “part time job” қилса бўлади. Ё бўлмаса, юқорида айтилган тил курсларига бориши мумкин. Одатда, талабалар бутун Корея бўйлаб саёҳат қилишни ёқтиришади.
Қўшимча семестр олиш имкониятига эгасиз
Магистрант учун тугалланиши керак бўлган фанлар бор. Масалан, мен 8 та фанни тугатишим керак. Ҳар бир фанга уч баллдан берилади. Шунда мен 24 балл йиғишим керак бўлади. Агар 4 семестр давомида талаб қилинадиган баллни йиға олмасангиз, яъни фанларнинг ҳаммасини ўқиб тугатолмасангиз қўшимча семестр олиш ҳуқуқига эгасиз.
Ҳозирда менда ҳам битта фан қолиб кетган. Шу боис кузда қўшимча семестр оламан. Ундан сўнг диплом ёзиш бошланади.
Диплом иши ёзиш учун профессор танлашингиз керак. Шунингдек, барча фанларни тугатган бўлишингиз лозим. Бундан ташқари, танлаган диплом раҳбарингиз ўтадиган фанини тугатишингиз керак бўлади.
Ана ундан сўнг қайси мавзуда ёзишингиз ҳақида устозингиз билан маслаҳатлашасиз. Диплом мавзуси ихтиёрий бўлади. Фақат маълум доирадан чиқиб кетмаслигингиз керак. Ўқитувчи йўналиш беради. Шундан келиб чиқиб, сиз мустақил ишлайсиз.
Романларни муқояса қилмоқчиман
Ҳали диплом мавзум аниқ эмас. Аммо кўнглимга тугиб қўйган мавзу бор. Туркий тилда ёзилган хат шаклидаги романларни инглиз тилидаги худди шундай романлар билан таққосламоқчиман. Уларнинг ўхшаш ва фарқли жиҳатларини ўрганиш ниятидаман. Балки бу мавзу ўзгариши ҳам мумкин. Диплом ишини инглиз ёхуд корейс тилида ёзиш, сизнинг ихтиёрингизда.
Диплом ҳимояси йилда икки марта: август ва февраль ойларида бўлади
Хорижликлар учун Корея олийгоҳларига кириш унчалик қийин эмас. Тил бўйича сертификатлари бўлса, деярли ўқишга кирди ҳисоб. Лекин ўқиш қийинроқ. Битириш икки хил шаклда. Айрим университетларда қўшимча семестр (5-семестр) олинади. Баъзиларида диплом иши ёзмаса ҳам бўлади.
Бошқа университетларда эса фанлар тугагандан кейин диплом иши ёзиш керак бўлади. Аммо бу жараён сал узоқроқ давом этади. Сабаби битта хорижий тилдан ва ўзи ўқиган фанларнинг исталган 3 тасидан имтиҳон топширади. Ана шу синовлардан ўтганингиздан кейин, диплом ёзишга рухсат берилади.
Диплом ишини ёзиш учун бериладиган муддат узоғи билан 1 йил. Ишингизнинг 80 фоизи тайёр бўлса, ёқлашга рухсат берилади. Бу ерда ҳимоя йилда икки марта: август ва февраль ойида бўлади. Шунга қараб ишни пишитиб бориш керак.
Магазиндаги гўштларни еб бўлмайди
Корейсларнинг таомларини севиб истеъмол қилмайман. Сабаби, аксарияти жуда ҳам аччиқ. Лекин ўзлари овқатларини кўп истеъмол қилишади. Денгиз маҳсулотлари ва ламён уларнинг жону дили. Овқатларида гўшт кўп. Шу боис, овқатларини ейишга иккиланасиз. Ҳар бир таом ёки егуликни ейишдан олдин таркибини сўраймиз. Магазиндаги гўштларни еб бўлмайди. Австралиядан ҳалол гўштлар олиб келинади. Ўшанда ҳам ҳалоллик сертификатини кўриб, ишонч ҳосил қилгачгина ейиш мумкин.
Биринчи келган кунларим нон келишини шунақанги кутганман. Ўзимизнинг дастурхонларни нонсиз тасаввур қилиб бўлмайди-ку. Бир сафар дўстим зиёфатда ҳозир сенга иссиққина нон олиб келишади, деди. Хурсанд бўлиб кутиб турсам, иссиққина гуруч кўтариб келса бўладими! Жуда хафа бўлган эдим ўшанда.
Хусусий мактаб очиш орзуйим бор
Педагог бўлганим сабабли, ўқишларни тугатиб, тил бўйича даражамни янада оширмоқчиман. Ўқишни бошқа давом эттириш ниятим йўқ. Ўзбекистонга қайтиб, бу ерда ўрганганларимни ўзимизда татбиқ этиш, ўқувчиларга сифатли таълим беришни истайман. Туман марказидан хусусий мактаб очиш орзуйим бор. Унга энг чекка қишлоқларда яшайдиган болаларни олиб келиб ўқитмоқчиман.
Сабаби, ўзим ҳам туман марказидан анча олисда улғайганман. Олийгоҳни тугатганимдан кейин, ўша ерга бориб ишлаганман ҳам. У ердаги болаларнинг зеҳни анча ўткир, билимга чанқоқ. Улар сафидан келгусида чинакам билим эгалари чиқишида ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
Миржалол Абдурасулов суҳбатлашди
Мавзуга оид
02:35 / 12.11.2024
NBC: Жанубий Корея президенти Трамп билан учрашув олдидан голф машғулотларини қайта бошлади
17:52 / 11.11.2024
LG дунёдаги биринчи чўзилувчан дисплейни намойиш қилди
12:38 / 11.11.2024
Алишер Абдусаломов Жанубий Корея президентига ишонч ёрлиқларини топширди
00:08 / 11.11.2024