Жаҳон | 20:26 / 13.06.2021
4380
2 дақиқада ўқилади

G7 иқлим ўзгариши билан курашга ажратиладиган ёрдам пулини 100 миллиард долларгача оширмоқчи

«Катта еттилик» давлатлари – АҚШ, Британия, Канада, Франция, Германия, Италия ва Япония етакчилари кам ривожланган давлатларга углерод чиқиндиларини қисқартириш ва глобал исишга қарши кураш учун ажратадиган ҳар йиллик ёрдам пули миқдорини 2025 йилгача 100 млрд долларгача оширишга келишиб олдилар.

Фото: Twitter / vonderleyen

G7 етакчилари иқлим ўзгариши ва биологик хилма-хиллик йўқолиши хавфи мисли кўрилмаган даражада юқори эканини таъкидлаб ўтишган.

Шунингдек, G7 давлатлари атмосферага чиқариладиган углерод чиқиндилари миқдорини 2050 йилгача нол кўрсаткичга келтириш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Шу мақсадда автомобил бозорининг дизел ва бензин двигателли машиналардан экологик соф машиналарга ўтишини тезлаштиришга келишиб олинди.

«Биз транспортнинг барча турларида, жумладан, автобус, поезд, кема ва самолётларда чиқиндисиз технологияларга келиш мажбуриятини ўз зиммамизга оламиз. Биз автомобил бозорининг дизел ва бензин двигателли машиналардан экологик соф машиналарга ўтишини тезлаштиришга келишиб олдик», дейилган G7 давлатлари қўшма баёнотида.

11 июнда Британиянинг Корнуолл шаҳрида «Катта еттилик» етакчиларининг уч кунлик саммити бошланди. Унда кўриладиган асосий мавзулардан бири экология ҳисобланади. 

Саммит арафасида умумий ҳисобда 41 трлн долларлик активларни назорат қилувчи 50га яқин сармоячи дунё етакчиларини иссиқхона газларининг атроф-муҳитга чиқарилишини қисқартириш бўйича ўз олдига улканроқ мақсадлар қўйишга ва қазиб олинувчи ёнилғи ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақиришган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид