Жамият | 18:11 / 14.06.2021
10204
9 дақиқада ўқилади

3 босқичли синов, талабалар учун алоҳида нархлар – Aston университети магистранти билан суҳбат 

UzbekLife чет элдаги ватандошлар билан интервьюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Маҳфуза Абдураҳимова Жиззах вилоятида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг “Инглиз филологияси” йўналишида бакалавриат, “Инглиз адабиёти” мутахассислигида магистратура босқичини тамомлаган.

Ҳозирда Буюк Британиядаги Aston университетида магистрлик даражасини олиш арафасида.

3 босқичдан синов ўтказилди

Ўзбекистонда “Эл-юрт умиди” жамғармаси 2019 йилнинг бошида чет элда стажировка, магистратура, докторантура стипендиялари учун танлов эълон қилди. Кўплаб талабгор қатори мен ҳам “отни қамчиладим”.

Номзод хорижий тилни пухта билиши, камида 2 йил стажга эга бўлиши талаб қилинарди. Мен гуманитар йўналишда магистратура босқичи учун ҳужжатлар топширдим. Танловнинг биринчи босқичида ҳужжатлар кўриб чиқилди, иккинчи босқичда инглиз тилини билиш даражамиз аниқланди. Бунда магистратура йўналишидаги номзодлар учун IELTS 6.5 ўтиш балли қилиб белгиланган эди. Халқаро сертификати бўлмаганларни суҳбат қилиб кўришди, аммо барибир хорижга кетгунча сертификат олишимизни шарт қилишди. Учинчи босқичда ҳам суҳбат бўлиб, бунда чет элда ўқишдан мақсадимиз, қайтиб келгач Ўзбекистонга қандай нафимиз тегиши ҳақида сўрашди. Ундан кейин эса Президент асарлари бўйича эссе ёздик. Учинчи бочқичдан ўтганлар тўртинчи босқичда интеллектуал салоҳиятни аниқловчи тест (IQ)топширдик.

Сил касаллигига кўрикдан алоҳида ўтишларини сўрайди

Буюк Британияга ўқишга кетмоқчи бўлган талабалар виза масаласига катта аҳамият беришлари керак. Сабаби, ушбу жараён кўп вақт талаб этади. Айнан Буюк Британияга виза олиш қийин бўлгани учун кўпчилик ўзим эплолмайман, деб агентликларга мурожаат қилади. Лекин интернетдан тартибини ўрганиб чиқса, ҳамма ҳам ўзи бемалол қила олади. Барча харажатлар жамғарма томонидан қопланади. Шуни ҳам қайд этиш керакки, талабанинг ўзида ҳам маълум миқдорда маблағ бўлиши керак. Бизда Буюк Британия элчихонаси бўлмаганлиги сабабли, ўша вақтда ҳужжатлар Туркия орқали расмийлаштирилган. Яна алоҳида жиҳатлардан бири – тиббий суғурта. Тиббий суғурта бўлмаса, мамлакатга киритилмайди. Буюк Британия мигрантларни сил касаллигига кўрикдан алоҳида ўтишларини сўрайди. Бу орада мамлакатдаги ўқимоқчи бўлган университет билан ҳам хабарлашиб туриш керак. Улар шартсиз таклиф (Unconditional offer)юборганидан сўнг виза берилади.

Британиядаги илк кун эсда қоларли бўлган

Ҳеч эсимдан чиқмайди, 27 сентябрь куни Ўзбекистондан Лондонга Туркия орқали учганмиз. Бирменгим шаҳридаги Aston университетини топиб бордим. Ўша кун роса ёмғир ёғаётган эди. Ётоқхонадан аввалдан жой банд қилгандим. Хонанинг калитини беришгач, кириб бордим-у, бўм-бўш хонада ёлғиз ўзим қолдим. Кўрпа-тўшаклар сотиб олиш учун атрофда жойлашган дўконларни билмасдим. Амаллаб топгунимча, жуда кўп вақт кетди. Аслида дўкон ётоқхонадан 5 дақиқалик йўл эди. Ўша кун ўзимни ёлғиз ҳис қилиб, йиғлагандим. Аммо кейинчалик ҳаммаси ўз изига тушиб кетди.

Талабалар ҳаёти

Бу ерда талабалар учун ҳаёт зўр. Англия Европадаги халқаро талабалари оқими жуда катта бўлган давлат. Жума ва шанба кунлари кўчалар одамларга лиқ тўлади. Шаҳарда юрганингизда ёнингиздан одамлар турли тиллар ҳамда лаҳжаларда гаплашиб ўтади. Инглиз тилидан ташқари, рус, қозоқ, поляк, испан, француз, немис, араб, африкан тиллари. Шароитлар жуда ҳам юқори даражада. Бу ерда курсдошлар ва ўқитувчи олдида доскага чиқиб оғзаки вазифалар топшириш, курс иши/диссертацияни ҳимоя қилиш, тақдимот қилиш деган нарсалар умуман йўқ. Ҳаммаси ёзма тарзда топширилади.

Шунингдек, университетларда Талабалар уюшмаси (Students Union) деган уюшма бўлади. Халқаро талабалар шаҳарга ва университет ҳаётига мослашиб олиши учун уюшма турли тадбирлар, кечалар, суҳбатлар ўтказади, университет ҳаёти, тартиб-қоидалари билан таништиради, турли клублар фаолиятини йўлга қўяди. Талабалар ўз қизиқишига қараб, драма клуб, киноклуб, китобсеварлар клубига қўшилиши мумкин. Ундан ташқари, уюшма қошида турли жамиятлар ҳам мавжуд бўлиб, бу кўпроқ миллати ва тили ўхшаш талабалар гуруҳидир. Бу жамият аъзолари ўзаро кўришиб, анъаналарини бирга нишонлаши, миллий таомларини пишириши мумкин. Афсус, бизнинг университетда ўзбеклар кам, шунинг учун мен рус тилида сўзлашувчилар жамиятига қўшилдим. Биз ҳар ҳафта охирида кўришиб турамиз.

Университетлар тун-у кун ишлайди

Агар ўқитувчидан дарсдан ташқари вақтда консультация олмоқчи бўлсангиз, шундоқ кафедрага бориб, уни учратиб гаплаша олмайсиз. Бунинг учун онлайн тарзда унинг қабулига ёзилишингиз керак. Ўқитувчилар битта талабага ўртача 15-20 дақиқа вақт ажратади. Биз одатда, ўқитувчимиз билан wас тизими орқали боғланардик.

ID карта орқали мамлакатдаги исталган кутубхонадан фойдаланиш мумкин. У ерда ҳамма шароит бор. Бу ерда оралиқ, жорий назоратлар бўлмайди. Талаба 6 ҳафта мустақил изланса, 10-11 ҳафта ўқийди. Имтиҳонлар ҳам онлайн топширилади. Баҳосидан норози талаба синовларни қайта топшириши мумкин.

Шаҳар транспортларига талабалар учун алоҳида нархлар белгиланган. Деярли ҳамма нарса учун талаба IDси орқали муомала қилинади. Бу жуда қулай. Аммо ID картангизни унутиб қолдирсангиз, ҳатто дарсга келганингизни ҳам исботлай олмайсиз. Чунки ўқитувчи давомат қилмайди.

Дарс жараёнлари, топшириқлар юқорида айтганимдек blackboard тизимига юкланади. Дарслар одатда 1-2 соат давом этиб, бир семестрда 3-4 та фан бўлади.

Университетлар талабалар учун 24 соат очиқ эканини алоҳида эътироф этиш жоиз. Имтиҳон вақтлари кутубхоналар ҳам тун-у кун фаолият олиб боради.

Ўзимизнинг овқатлар мазалироқ

Британияликларнинг хорижликларга нисбатан муносабати яхши. Бу ерда кимгадир кўзингиз тушса, у сизга, албатта, жилмайиб турган бўлади. Кейинчалик бу одат сизга ҳам ўтади. “Sorry”, “Excuse me” сўзларини кўп эшитасиз. Умримда бу ердаги каби кўп узр демаганман ҳам, эшитмаганман ҳам.

Табассум ва самимият ўта юқори даражада. Мисол учун, улардан бирор манзилни сўрасангиз, тўлиқ ва самимият билан тушунтиришади.

Бирмингемда ўзбеклар Лондондачалик кўп бўлмаса-да, етарлича учрата оласиз. Facebook ижтимоий тармоғи орқали бу ерда яшайдиган ўзбеклар билан дўстлашганмиз.

Уйларида меҳмон бўлдик. Zoom орқали гаплашиб турамиз. Мана, яқинда бир юртдош акамиз фарзандларига Ақиқа тўй қилдилар. Яхши кунларида ёнларида турдик.Айниқса, сомса ва чучвара еб, мазза қилдим.

Лондонда ўзбеклар жуда кўп, ҳатто, ўзбек маҳалласи бор. Ўзбекистонни яхши билишади. Юртимизда сайлов бўлган йили элчихонада сайловда қатнашдик, ош ташкил қилинди.

Тўғри, бошида қийинчилик бўлган, муҳитга кўникишга қийналгандим. Ҳозир эса инглиз унларидан кўра, рус ва турк дўконларидаги ун бизга кўпроқ тўғри келишини билиб олганман.

Овқатларда фарқ жуда катта. Ўзимизнинг овқатлар мазалироқ. Бу ернинг таомлари менга таъмсизроқ туюлади. Худди гибрид таъмдек.

Ҳар бир университет ‒ бир дунё

Бу мамлакатда ҳар бир университетнинг ҳар бирининг ўз низоми бор. Илмий-тадқиқот жараёни ҳам ўзига хос. Ҳар бир университет диссертация ҳимояси учун махсус сўз миқдори бор. Масалан, Аston университетида 15 минг сўз қабул қилинган. Устозлар ҳамда курсдошлар олдида ҳимоя қилиш деган хавотир йўқ бу ерда. Магистрантлар онлайн ҳимоя қилишади.

Қишин-ёзин ям-яшил ўлка

Об-ҳавоси ажойиб, намлик юқори. 23-24 даражада исиб кетасиз. Табиати қишин-ёзин ям-яшил тусда. Илиқ об-ҳаво ҳукмрон. Қор кам ёғади. Англия деса, кўз олдимда яшиллик гавдаланади.

Шаҳарлари тоза, менга осмони жуда яқин, булутлари тиниқ туюлади.

Рости, ёмғирни унча ёқтирмайман. Лекин бу ерда ёмғир кўп ёғади. Инглиз ошхонаси у қадар бой эмас. Махсус овқатлари жуда кам. Фишен чипс кенг тарқалган. Мавсумий овқатлари менга унчалик манзур келмаган.

Шоколад, гилос, сут маҳсулотлари, ширинликларига тасанно айтасиз. Хуштаъм соклар ишлаб чиқарилади. Гўштларини яхши пиширишмайди, сал хомроқдек туюлгани учун, севиб истеъмол қилмайман.

Англияни ташриф буюриб кашф этиш керак

Инсон дунё кезиши, табиат инъомларидан баҳра олиши керак, дея ҳисоблайман. Тил ўрганаётганда, муҳитини ўрганиши учун ўша давлатга бориши, саёҳат қилиши, одамлари билан танишиши керак. Ана ўшандагина ўша давлатни ўзи учун кашф эта олади. Баҳс ва мунозараларда тобланади. Буюк Британияда туристик жойлар бениҳоя кўп.     

Дунёқарашингиз кенгайиб, дини, ирқи, миллати, дунёқарашидан қатъи назар, инсонларни янада яхши кўра бошлайсиз. Асосийси уларга аввало ‒ Инсон дея қарайсиз.

Турли хил миллат, элат, дунёқараш эгалари билан танишасиз. Бу ерда ўрганган нарсангиз ҳеч қачон сизга ортиқчалик қилмайди. “Туманли албион” сизни ўзига мафтун қилиши шубҳасиз.

Зиёдахон Ғуломова суҳбатлашди 

Мавзуга оид