У Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидан. Болалигидан, 5-синфдан немис тилини чуқурроқ ўрганишни бошлаган. Чунки онаси шу фандан ўқувчиларга қўшимча дарс берарди. Дарс ўтаётган пайтлари у ҳам кириб ўтирар, абитуриентларига қандай топшириқ берса, онаси унга ҳам шу топшириқларни берарди.

«Онамнинг ўқувчиларга дарс бериши, уйда ҳам дарс тайёрлашини доимий кўриб катта бўлганман. Бу менинг тилга қизиқишимга сабаб бўлган.

Бошида юридик университетда ўқишни ният қилгандим ва шу учун тарихни 9-синфдан бошлаб репетиторга бориб ўргана бошлагандим. Дадамнинг шеъриятга, адабиётга меҳри бўлакча эди. Адабиётга бўлган меҳрни дадамдан, тилга муҳаббатни эса менимча, онамдан олганман», — дейди у.

Эрк дегани…

У болалигидан жуда мустақил бўлган. Бирор нарсани сўраса отаси ҳам, онаси ҳам, «ҳа, қизим, сен эплай оласан», дейишарди. Бу ишонч унинг мустақил бўлишига ёрдам берган.

«Эрк деган сўзни кўпчилик қабул қила олмайди. Лекин бизнинг оилада «Йўқ, сен қиз боласан, ўқиш сенга эмас», деган гаплар бўлмаган, «Қизим, сен эплайсан, ҳали зўр бўласан», дейишарди, аксинча. Эрк дегани ота-онам олдида ўз истакларимни эркин айта олганим, деб ўйлайман.

Маълум сабабларга кўра, юридик университетда ўқиш имконим бўлмади. Кейин математика ва немис тилини чуқурроқ ўқий бошладим. Онам кичикроқ синфлигимдан математика ҳар доим керак бўлади, деб ундагани учун шу фанни яхши ўқишимга ҳам сабабчи бўлганди. Лекин иқтисод йўналишидан ҳам кетмадим. Охирида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига 171 балл билан 2-ўрин контрактга кирдим.

Ўқишни тугатиб немис тили фани бўйича иш ўринлари кам эканини билдим. Мен учун энг қулай жой Тошкент эди, бироқ пойтахтда менинг мутахассислигим бўйича иш топиш қийинлиги сабаб, инглиз тилига қайта ўқидим.

Бу орада оила ҳам қурдим. Лекин оиламда кўп нарсага кўзим етмаганлиги, «барчаси чидаб яшаш» деган нарсани ўзимга эп кўрмаганим сабабли ажрашдим.

Тошкентда Келесдаги бир мактабда инглиз тилидан дарс бердим. Ўша пайти ўқитувчи бўлганимдан жуда-жуда фахрланганман. Кун давомида дарс ўтардим, дарсдан сўнг репетиторлик қилардим. Тўлов қилишга имкони йўқ, бироқ ўқишга қизиққан болаларга бепул дарс ўтардим. Чунки бир пайтлар менга она тилидан дарс берган репетиторим оиламизда моддий қийинчилик сабаб тўлов қилолмай қолган пайтимиз вазиятни тушуниб, 3-4 ойлик тўлов пулидан бирданига кечиб юборган. Ўшанда «Мен ҳам бир кун репетиторлик қиладиган бўлсам, қийналган ўқувчиларни бепул ўқитаман», деб ният қилгандим.