Жамият | 21:14 / 25.10.2021
38974
8 дақиқада ўқилади

Америкадаги фаолият: ўқиш, ишлаш ва яшаш – Техасда истиқомат қилаётган ўзбек қизи билан суҳбат

UzbekLife ўз муштарийларига хориждаги ватандошлар ҳаёти ҳақида маълумотлар берувчи суҳбатларни давом эттиради. Бугунги меҳмон 10 йилдан бери Америкада яшаб келаётган Собира Холбоева. У 18 ёшида ўқиш учун хорижга кетган. Унинг ортидан кетган опаси ҳам айни пайтда АҚШнинг Оҳайо штатида истиқомат қилади.

Хорижга кетиш: “Қизми-ўғилми, иккаласига ҳам тенг имкон берилиши керак”

Мен 10 йил аввал талаба бўлиб Америкага кетганман ва ўшандан бери шу давлатда яшайман. У ерда коллежни битирдим, ундан кейин бизнес-ҳисобчилик соҳасида бакалавр дипломини олдим. Ҳозир овқат индустриясида етакчи бўлган Amerikan food&vending’да менежер бўлиб ишлайман. Қўл остимда 6 нафар ишчи-ходим бор. Биз катта-катта тадбирларни ташкил қилиш, уларга таомлар, турли енгил турдаги егуликлар, кофе-брейк етказиб бериш хизматини кўрсатамиз. Машҳур Eriсsson компанияси ҳам менинг мижозларим ҳисобланади. 

Опам ҳам АҚШнинг Оҳайо штатида истиқомат қилади. У қандолатчилик соҳасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган. Турли ширинликлар, тўй ва маросимлар учун тортлар пишириш ва сотиш билан шуғулланади. Ҳозирда унинг ҳатто бошқа давлатлардан ҳам мижозлари бор.

Кетишимга ота-онам қарши бўлишган, айниқса, дадам. Аввалдан тил ўрганишга жуда қизиқардим ва инглиз тилини ўргандим. Европа мамлакатларидан бирига кетишни орзу қилардим. Холам грин-карта ютиб Америкага кетгани сабабли ота-онам у ерга боришим мумкинлигини шунчаки айтишган ва бу мен учун мустаҳкам қарорга айланди. 16 ёшимда шу қарорга келган бўлсам, 2 йил мобайнида кетишимга рухсат бериши учун отам билан курашишга тўғри келган. Кета олмаслигим учун отам ҳатто репититорларимга пул ҳам тўлашни истамасди, лекин онам мени қўллаб-қувватларди ва ҳамма тўловларни ўзи амалга оширарди. Отам мендаги бу қизиқишни ўткинчи ҳавас, вақти-соати билан ўзгаради деб ўйлар эди. 

Уларга рози бўлмасликлари учун имкон қолдирмасликка ҳаракат қилардим. Чунки инсон ҳаётга бир марта келади, қизми-ўғилми, ҳаммага имкон берилиши керак. Лекин бизнинг ўзбек қизларимиз ўқиш учун бошқа давлатга кетиши ҳар хил қарашларга сабаб бўлади. Эртага совчи келиш-келмаслиги масалалари ҳам тўсқинлик қилади бунга. Дадамга турмушга чиқишни хоҳламаслигимни, ундан аввал ҳаётда нимагадир эришмоқчи эканимни тушунтирдим. Дадам мени тушунди. Аммо буни уддалашимни исботлашим керак эди. TOEFL сертификатини олиш учун ўқиганимда гуруҳда ягона қиз эдим ва устозимиз ҳам менинг ҳаракатларимдан ҳайратланарди. Буни уддалашимга шубҳа билан қарашлар эса менга янаям мотивация берарди, янада жиддийроқ киришардим.

18 ёшимда Америка сари йўл олдим, дўстларим билан бирга беш киши эдик: тўрт йигит ва мен. АҚШнинг Мизури штатидаги университетга ҳужжат топширганмиз.

Америкада ўтган талабалик даври. Ижара муаммолари

Америкага бориш учун, аввало, хоҳиш ва интилиш бўлиши керак. Булар инсонни ҳаракат қилишга ундайди ва ҳаракат натижага олиб келади. Қайсидир хорижий давлатга бориш учун у ерни яхши билиш, у ернинг маданиятини ўрганиш, ўша ҳудуддан дўстлар орттириш керак. Моддий ва маънавий қийинчиликлар бўлиши табиий ҳол. Яшаш учун кетадиган харажатлар ҳақида маълумот тўплаш, ижара олиш тартибини билиш керак.

Бу масалаларда менга ўша ерда яшайдиган турли миллатга мансуб дўстларим ёрдам беришган. Албатта, дўст топиш учун инсон ўзи ҳам бошқаларга дўстона назарда қараши, самимий ва очиқ бўлиши талаб қилинади. Ўзим кетишимда кўп қийинчиликларга дуч келганим учун бошқаларга ҳам ёрдам бергим келарди ва нафақат ўзбек, балки бутун дунёдан Америкага бориб ўқишни истайдиган ёшлар учун халқаро талабалар офиси билан гаплашиб, “Элчилар” деган гуруҳ очганман. Биз дунёнинг 12 та давлатидан келган талабаларга элчи сифатида фаолият юритишни йўлга қўйиб 3 ой ёзги таътилда Америкада таҳсил олиш истагидаги ёшларга келиш учун виза олиш, ҳужжатлар тайёрлаш, уй топиб жойлашишида кўрсатмалар берганмиз. Бизнинг бу ташаббусимиз университет томонидан молиялаштирилган. Талабаликдаги моддий тангликда ўзимни таъминлаш учун бу ишлар фойда берган. 

Ўз келажагимни доим юқори поғонада кўраман. Шунинг учун келажакни ўйлаб Техас штатига кўчдим. У ерда Collin College’га ҳужжат топшириб яна таълим олишни давом эттирдим. Овқат индустриясидаги фаолиятимни ҳам шунда бошладим – оддий ёрдамчи бўлиб. Ўқишни тугатгач менга ҳисобчи бўлиб ишлаш учун таклиф тушди. Тўланадиган ҳақ яхшигина эди, бир йил ишладим.

Америкада талабаларга ишлаш чекланган. Ҳафтасига 20 соатдан ортиқ ишлаш мумкин эмас ва фақат ўша университет ёки коллежнинг ўзида ишлаш мумкин. 

Уй олиш қийин, кўпинча кредитга олинади. Бунда харидорнинг иш фаолияти, маоши, солиқларни тўлаш қобилияти ҳисобга олинади ва дастлаб оладиган уйнинг 3 фоизи тўланади.

Ижара ҳам жойига, шароитига қараб нархлари ҳам ҳар хил. Масалан, Техасда 550 долларга ижарада турган бўлсак, Миссурида 250 долларга яшар эдик. 

Талабаларга ижарага уй беришда ўзига яраша талаблари бор. Бунинг учун банкка қўйилган маблағлар ва ойлик маошингиз кўрсатилиши шарт ва маош ўша ижара тўловидан 3 баробар кўп бўлиши керак. Талабада эса бундай имкониятлар бўлмагани учун бошқа бир инсонни кафил қилишга тўғри келади. Менга ҳам опамнинг турмуш ўртоғи кафил бўлган.

Мигрантлар ва маҳаллий ишчилар учун қарашлар бир хил: асосийси ҳалол ходим бўлиши

Америкада ҳужжатларингиз ва билимингиз бўлса ишлаш учун муаммо йўқ. Мигрантларга ҳам, маҳаллий ишчиларга ҳам бирдай муомала қилинади. Ҳар бир ишга киришдан олдин суҳбат (интервью) қилинади ва инсоннинг характер хусусиятларини очиб берувчи саволлар берилади. Масалан, турли вазиятларда ўзини тутиш, коррупцион ҳолатлар бўйича. 

У ерда ўртача иш ҳақи йилига 32-35 минг долларни ташкил қилади. Лекин шу маош билан бемалол яхши яшаш, ёққан нарсани харид қилиш, оилавий ресторанга бориш каби харажатларга ҳам етади. 

Давлат оиланинг эҳтиёжига ва даромадига қараб ёрдам беради. Кам даромадли оилалар учун тиббий суғурта ва тиббий хизматлар бепул тақдим этилади. Бунда ойлик маоши ва оиладаги одамлар сони инобатга олинади. Агар оила аъзолари кўп ва маош кам бўлса, йил якунида ҳисоб-китоб қилинади ва тўланадиган солиқдан қайтариб берилади. 

Америкада кам пул топаётган одамларга давлат ёрдам беради. Кўп пул топаётганлардан эса солиқлар кўпроқ олинади, яъни қанча кўп пул топсангиз шунча кўп солиқ тўлайсиз. Ҳозир турмуш ўртоғим иккаламиз ҳам яхши маош оламиз ва солиқларни ҳам шунга яраша кўп тўлаймиз. 

Америкада ҳамма нарса кредитга қилинади: бойми, ўртаҳолми ҳамма кредит тизимидан фойдаланади. Шунинг учун ҳам кредит ҳисоб электрон тизими юритилади ва америкаликлар учун бу дастур жуда муҳим ҳисобланади. 

Ҳозир 28 ёшдаман. Турмушга чиқдим, энди бироз муддат оилам учун вақт ажратиб фарзандли бўлишни, тарбия қилишни режалаштиряпман. Кейин эса олдимга қўйган мақсадим – соҳамни ўзгартириш. Лойиҳалаш билан шуғулланмоқчиман. Лойиҳа менежери бўлиш учун алоҳида сертификат ва иш тажрибаси керак. Ҳозирча менежерликда тажрибам бор. Фарзанд тарбия қилиш мобайнида ўқиб сертификатни олиш ниятим бор. Шунда каттароқ лойиҳалар устида ишлашим ва кўпроқ маош олишим мумкин. Бундан ташқари, турмуш ўртоғим меҳмонхона бизнеси билан шуғулланади, келгусида тадбиркорлигини янада ривожлантиришга ёрдам бериб, меҳмонхоналар сонини кўпайтирмоқчиман.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди
Тасвирчи – Муҳиддин Қурбонов

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид