18:09 / 14.06.2021
49256

Ўзбекистонда 2 минг ва 20 минг сўмлик купюралар муомалага чиқарилди

Янги банкноталар ўлчами аввалгиларидан фарқ қилади.

14 июнь, душанба кунидан бошлаб Ўзбекистонда 2 минг ва 20 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилди.

Kun.uz суҳбатлашган аҳоли вакилларига кўра, янги купюралар кундалик ҳаётда қайтим қайтариш билан боғлиқ муаммолар ечимини осонлаштиради.

Шу тариқа, Ўзбекистонда муомаладаги купюралар тури яна 7 тани ташкил этмоқда.

2020 йилда 200 ва 500 сўмлик банкнотлар муомаладан чиқарилгач, аҳоли 1 000, 5 000, 10 000, 50 000 ва 100 000 сўмлик купюралардан фойдаланиб келаётганди.

Бу беш хил купюранинг ўлчами 144 x 78 мм. Янги чиққан банкнотлар улардан фарқ қилади: 2 000 сўмлик – 142 х 69 мм, 20 000 сўмлик – 147 х 69 мм.

2 000 ва 20 000 сўмлик янги купюралар тематикаси Буюк ипак йўли, Бухоро шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси тарихига бағишланган.

2 000 сўмлик банкнотнинг олд тарафига Бухоро арки ва Буюк ипак йўлининг рамзи сифатида туя тасвирлари туширилган. Орқа тарафида Пойкенд археология ёдгорлиги тасвирланган.

20 000 сўмлик банкнотнинг олд тарафида Қорақалпоғистондаги Қўйқирилган қалъа, орқа тарафида Жонбос қалъа археологик ёдгорликлари акс этган.

 

Top