Ўзбекистон | 23:24 / 14.06.2021
8761
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги онкология шифохоналари бирлаштирилади

Тошкент тиббиёт академияси клиникаси ҳудудида Республика онкология марказининг янги бинолари қурилади. 2023/24 ўқув йилидан бошлаб Тошкентда Пирогов номидаги университет филиалини очиш режалаштирилган.

Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев бундан бир ой олдин Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига бориб, бу йўналишдаги шифохоналарда шароитларни яхшилаш бўйича топшириқлар берган эди. Улардан келиб чиқиб, 27 май куни президентнинг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, Республика онкология ва радиология тиббиёт маркази учун янги бинолар қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудидан 5 гектардан зиёд ер ажратилган. Бинони лойиҳалаштиришда хорижий тиббиёт муассасаларининг тажрибаси инобатга олинган.

Лойиҳа 14 июнь куни Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди.

Янги марказда позитрон-эмиссион томография, радиоизотоп текширишлар, занжир реакцияли анализаторлар, магнит-резонанс томография, ангиография учун замонавий ускуналар ўрнатилади.

Иммунотерапия, таргет терапия, чизиқли тезлаткич ёрдамида ва стереотоксик нур терапия, радиохирургия каби янги даволаш услублари жорий этилади.

Таъкидланишича, президент кўрсатмасига мувофиқ, барча ҳудудлардаги онкология шифохоналаридаги шароит, даволаш сифати ўрганилган. Бундай касалликлар бўйича энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти филиалларига тўғри келган. Яъни, уларда барча беморларнинг қарийб 37 фоизи даволанган.

Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти шифохоналарини ягона муассаса сифатида бирлаштириш таклифи билдирилди. Бунинг натижасида салоҳиятли мутахассислар ва юқори технологик ускуналар бир жойда жамланиб, даволаш сифати ошади, беморлар сарсон бўлишининг олди олинади.

Малакали шифокорлар тайёрлашга қаратилган режалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Шу мақсадда Н.И.Пирогов номидаги Россия тиббиёт университети билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Ҳамкорлик доирасида келгуси икки йилда ўзбекистонлик талабаларни Россияга ўқишга юбориш, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида Пирогов номидаги университет филиалини очиш режалаштирилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид