Жамият | 19:00 / 16.06.2021
6282
2 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат стоматология институти Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси билан ҳамкорликни бошлади

Фото: Тошкент давлат стоматология институти

Тошкент давлат стоматология институти таълим ва фан соҳасида жаҳон талабларига мос равишда юқори малакали ва рақобатбардош тиббиёт кадрларини тайёрлаш мақсадида бир қатор муҳим қадамларни қўйди.

Институтда хусусан, таълим жараёнини халқаро олий таълим муассасалари билан интеграциялаш имконини берадиган кредит-модулли ўқитиш тизими амалга оширилмоқда.

Маърузалар ва семинарлар ўтказиш учун институтнинг ихтисослашган бўлимлари ўқитувчилари сифатида 25 дан ортиқ хорижий мутахассислар жалб қилинган.

Ушбу йўналишда институтга Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси делегацияси ташриф буюрди. Ушбу ташрифдан мақсад ҳамкорликни янада ривожлантириш, институтда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан амалиётда танишишдир.

Мулоқот мобайнида Соғлиқни сақлашда кадрларни тайёрлаш, инновацион ва илғор тажриба алмашиниш, шунингдек, илмий-тадқиқот масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда Жанубий Қозоғистон тиббиёт академиясининг биринчи проректори, профессор М.Эциркепов раҳбарлигидаги делегация томонидан стоматология ва фармация йўналишидаги ўқув-услубий ишларни такомиллаштириш, илмий ва клиник ишлар, магистратура ва докторантура фаолиятига боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Ўзаро ҳамкорликни келгусида ҳам давом эттириш, алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга келишиб олинди.

Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид