Кимга июн, кимга сентябр? Путиннинг мигрантларга оид фармони бўйича юрист билан суҳбат
Россиядаги мигрантлар учун мамлакатда ноқонуний бўлиб туриш муддати узайтирилгани ҳақида аввал хабар қилинган эди. 2021 йил 15 июн куни РФ президенти Владимир Путин мамлакатда бўлиб турган хорижлик фуқароларнинг ҳуқуқий мақомини тартибга солишга доир янги фармонга имзо чекди. Унга кўра, Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари 2021 йил 30 сентябрга қадар ўз мақомларини қонунийлаштириш имконига эга бўлди.
Фармон билан, шунингдек, ноқонуний бўлиб турган мигрантлар суд орқали депорт қилинмаслиги, айрим жиноятлар ёки ҳуқуқбузарликларни содир этганлар истисно этилган ҳолда қайд қилинди. Kun.uz журналисти фармондан келиб чиқадиган айрим саволлар билан Россиядаги ўзбек юристи, Migrant лойиҳаси асосчиси Ботиржон Шермуҳаммадга мурожаат қилди.
– Россия президенти Путин имзолаган янги фармондан нималар кутиляпти?
– Бу албатта жуда яхши фармон бўлди. Шу пайтгача мигрантларга оид фармон бўлмаган эди, Россия ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ички буйруғи асосида қилинган ишларнинг кўпи президент фармони сифатида чиқди. Бу фармон ва ундаги қайдлар юристларга судларда бўладиган тортишувларда катта ёрдам беради. Илгари ички буйруқ бўлиб қабул қилинган қоидалар фармонда акс этди. Фармон бўйича Россиядаги хорижлик фуқаролар иккига тақсимланди. Ҳозирги кунда Россия билан транспорт алоқаси очилган давлатлар фуқаролари. Иккинчиси, транспорт алоқаси ёпиқ бўлган давлатлар фуқаролари.
Эндиликда 2-гуруҳга кирувчи давлатларга транспорт алоқаси очилгандан кейин 90 кун давомида уларнинг барча ҳуқуқлари, регистрацияси узайтириб қўйилди. Яъни Украина, Молдова каби давлатларнинг Россия билан транспорт алоқаси йўқ, ушбу давлатлар фуқаролари яна 90 кун давомида регистрация қилмасдан юришлари мумкин.
Энди биринчи гуруҳга кирувчи, чегараси очилган давлатлар (Ўзбекистон, Тожикистон каби) ўша очилган вақтдан кейин 90 кун давомида уларнинг ҳам регистрациялари чўзилиб қолган. Масалан, Ўзбекистон, Тожикистон фуқаролари учун 29 июнгача барча регистрациялар чўзилиб қолган, уни узайтиришга бориш шарт эмас. Фақатгина 30 июнда унинг қўлида ё регистрация бўлиши керак, ёки патент асосида чўзилиши керак. Кўпчилик 30 сентябргача чўзилди деган нотўғри тушунчага боряпти. Бу тўғри эмас.
Яна бир нарса бор, умуман ҳозирги кунда ҳуқуқий ҳолати нолегал бўлган фуқароларда 30 сентябргача Россия ички ишлар идораларига мурожаат қилиб ўзининг ҳуқуқий ҳолатини қонуний қилиб олиш имконияти бор. Яъни 29 июнгача Ўзбекистон фуқаросининг регистрацияси чўзилмаган тақдирда ҳам 30 сентябргача ариза ёзиб мурожаат қилиши мумкин, лекин унга жарима солинади ва ҳуқуқий ҳолати тўғрилаб берилиши мумкин.
Шу билан бирга 30 сентябрдан кейин патентсиз ёки регистрациясиз юрса бўлар экан, деган фикрга бориш нотўғри. Россия полицияси кўчада хорижлик фуқарони ушлаб, унинг патентсиз ёки регистрациясиз юрганини аниқласа, уни маъмурий жавобгарликка тортишга ҳаққи бор.
Бундан ташқари, яна бир функция бор, 30 сентябргача Россиядан маъмурий чиқариб юбориш, яъни суд орқали депортация қилиш ёки бошқача ҳолатда бу давлатга киришни тақиқлаш мумкин эмас. 29 июндан кейин ҳужжатсиз юрган Ўзбекистон фуқаросига жарима солиниши мумкин, лекин суд орқали мамлакатдан чиқариб юборилмайди.
Фармон билан мигрантларга ўз фаолиятини қонуний қилиб олиш имконияти берилмоқда. Лекин ҳуқуқшуносларда бир савол пайдо бўляпти: Россия қонунчилигига кўра, илгари қилинган маъмурий ҳуқуқбузарлик бир йилдан ошса, мигрантга нисбатан жазо қўллаш мумкин эмас. Лекин Россияга киришга тақиқ қўйилиши бўйича киритилган сўнгги ўзгартиришга биноан 10 йил аввал Россия қонунчилигини бузган бўлса ҳам, Россияга киришга тақиқ қўйилиши мумкин.
Фармонда эса мигрант ўз фаолиятини қонуний қилганидан, дейлик, 6 ой–1 йил ўтганидан кейин ўша эски қилган ноқонуний ҳаракатлари учун “запрет”га тушмайди, деган гап йўқ. Муаммоли жиҳати шуки, тақиқ қўйиши ҳам, қўймаслиги ҳам мумкин.
Қувонарлиси, Ўзбекистондан келиб ноқонуний юрган 300 мингдан ортиқ мигрантга имконият яратилди. Ҳеч бўлмаганда яшириниб юрмасдан, қонуний мақом олиб, ишлаши мумкин бўлади.
– Фармонда истисно ҳолатлар ҳақида ҳам сўз кетган. Бу ҳолатда қандай бўлади?
– Озодликдан маҳрум қилиш жойларида ўтириб чиққанлар, экстремист, террорист, митингларда қатнашганлар ва шу кабилар ўша тоифага киради. Шунингдек, бандда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибини бузганлар деган жойи бор ва бу мавҳум тушунча. Бунга кўплаб ҳолатларни киритиб юбориш мумкин. Лекин амалиётда кузатиляптики, миграция қонунчилигини бузганларга бу меъёрлар қўлланилмаяпти.
– Патент олишга ариза ёзиш учун борган мигрант масаласи қанчалик ижобий кўриб чиқилади амалиётда?
– Бу албатта ижобий кўрилади, сабаби президент фармони турибди. Кўпчилик адашаётган нуқталардан бири шуки, кимда Россияга киришга суд орқали тақиқ қўйилган бўлса, улар учун бу фармон ишламайди. Ариза ёзишга борган фуқаро қидирувда бўлмаса, илгари депорт қилинмаган бўлса, фаолиятини қонунийлаштиришга монелик бўлмайди. Лекин депортация қилинган, тақиқи бўлган фуқароларга фармон ишламайди, чунки уларга амнистия эълон қилингани йўқ.
– Фармондан кейин транспорт қатнови Ўзбекистон учун тўлиқ очиладими?
– 31 декабргача фуқароларга имкон бериляптики, миграция картасида Россияга нима мақсадда (иш ёки бошқа) келишидан қатъи назар патентга топшириши мумкин. Шунингдек, келганига 30 кун тўлган бўлиши шарт эмас. Бу биз юристларда шундай салбий фикрга олиб келяптики, балки, охирги кунларда коронавирус касаллигининг кўпайганини ҳисобга олиб ҳукумат карантинга тайёргарлик кўраётган бўлиши ҳам мумкин. Ўтган йилги каби мигрантлар ҳадеб миграция марказларига бориб юрмасин, деган фикрларни ҳам уйғотяпти.
Йўллар очилиши ҳақида тайинли хабар йўқлиги билан бирга шу пайтгача транспорт очилмаганига ҳам мантиқли жавоб йўқ. Бир томондан ҳафтада бир-икки рейсларни қўйиб, шу билан бирга, мунтазам 30–40та чартер рейсларни қўйиш ўзи мантиқсизлик, чунки бемалол бориб келиняпти. Фақатгина темир йўл очилмади. Нима учун шундай бўлаётганига эса ҳозирча жавоб йўқ.
– Россиядаги ўзбек мигрантларининг пандемиядан кейинги аҳволини қандай баҳолайсиз?
– Фақат ўзбек эмас, умуман мигрантлар қадри ошиб қолди, чунки карантинда уларга бўлган эҳтиёж сезилди. Буни давлат ҳам, иш берувчилар ҳам тан олади. Пандемия Россия иқтисодиёти учун мигрантлар кераклигини кўрсатди. Айниқса, иш берувчиларнинг кўпчилиги қийналди. Шу сабаб мигрантлар ойлиги ҳам ошди. Лекин иккинчи томондан уларнинг ҳуқуқий ҳолати яхши эмас. Давлат маълум бир муддатда регистрация қилишни талаб қилади, бошқа томондан регистрация олиш мураккаб, бир–бир ярим ой ичида регистрация қилдириш мумкин. Миграция марказларида эса зарур шароит етарли таъминланмаган.
Бундан ташқари, рус тили ва Россия тарихидан имтиҳон янги кўринишда бўлиши кераклиги тўғрисида қарор чиқди. Имтиҳон бланкалари ҳали чиқмади, устига устак Россиянинг барча жойида патентга имтиҳон тўхтатилган, яъни патент ололмайди.
Ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар ҳали тўлиқ ҳал этилгани йўқ. Аслида меҳнат муҳожирлари қонуний меҳнат қилишни хоҳлайди, бироқ ижтимоий ва иқтисодий муаммолар сабаб бу имконсиз бўлиб қоляпти.
– Янги фармондан келиб чиқиб, ноқонуний ишлаб юрган ўзбекистонлик мигрантларга қандай тавсиялар берасиз?
– Россия давлат идоралари ходимларига бу фармонлар кечроқ етиб боришини ҳисобга олиб, бирданига ариза ёзишга чиқиб кетиш шартмас, деб ўйлайман. Шошилмасдан, имкон бўлса бирор ҳафта кутиб кейин миграция марказларига мурожаат қилса яхши бўлади. Айниқса, кўчада юришда эҳтиёт бўлиш керак. Яқин кунлардан бошлаб жуда катта текширувлар бошланган, балки, текширувчи фармон ҳақида билмаслиги мумкин. Шундан келиб чиқиб ҳам озроқ сабр қилиб туриш талаб этилади. Умуман олганда, қонуний юрган ҳар томонлама яхши, албатта.
Мавзуга оид
21:58
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
21:50
Россия банки рублнинг қулаши фонида 2024 йил охирига қадар валюталар харидидан воз кечди
19:07 / 26.11.2024
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
16:39 / 26.11.2024