Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эронда президент алмашди. Мамлакатда қандай ўзгаришлар кутилади?
Эронда президентлик сайловлари кутилганидек ультраконсерватор Иброҳим Раисийнинг ғалабаси билан якунланди. Овоз бериш жараёни якунлари олдиндан маълум эди - номзодлар бирин-кетин пойгадан чиқиши ва сайловчиларнинг сайловни бойкот қилиши сайловни майнабозчиликка айлантирди. Сайлов участкаларига сайловчиларнинг ярми ҳам келмади; бу бутун Эрон тарихидаги энг паст кўрсаткич бўлди. Экспертлар бу сайлов мамлакатнинг ташқи ва ички сиёсатида деярли ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини айтишмоқда. Янги президент анча вақтдан буён мамлакатнинг ҳақиқий раҳбари - диний етакчи оятуллоҳ Хоминаийнинг вориси сифатида маълум.
Жума куни Эронда бўлиб ўтган президентлик сайловларида энг кучли номзод сифатида кўрилган ва суд тизимининг раҳбари бўлган Иброҳим Раисий 17,6 миллиондан ортиқ овоз тўплаган ҳолда ғолиб бўлди.
Мамлакат раҳбари лавозими учун 4 номзод кураш олиб борди. Амалдаги президент Ҳасан Руҳоний ўз лавозимини кетма-кет икки муддат эгаллагани боис жорий сайловларда иштирок этмади. Эронликлар бутун мамлакат бўйлаб фаолият юритган 66,8 мингга яқин ҳамда дунёнинг 133та давлатида очилган 234та сайлов участкасида овоз бериши мумкин бўлди.
Эроннинг 13-президентини аниқлаш учун сайлов қутилари жума куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 7:00да очилди ва овоз бериш жараёни ярим тунгача давом этди. Эронда агар биринчи давра сайловларида номзодларнинг ҳеч бири мутлақ кўпчиликка эга бўлмаган тақдирда бир ҳафтадан сўнг энг кўп овоз олган икки номзод ўртасида сайловларнинг иккинчи ва сўнгги босқичи ўтказилиши режалаштирилган эди. Президент лавозими учун 4 номзод кураш олиб борди. Дастлаб номзодлар сони кўпроқни ташкил қилган, бироқ охирги ҳафтада улардан кўпи сайловларда иштирок этмасликка қарор қилган.
Сайловларда мамлакатда қабул қилинувчи қарорларнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича кенгаш котиби Муҳсин Ризоий, Олий суд раиси Иброҳим Раисий, парламент раиси ўринбосари Амир Ҳусайн Қозизода Ҳошимий ва марказий банкнинг собиқ раҳбари Абдулнаср Ҳимматий иштирок этди.
Сайлов қандай кечди?
«Албатта йўқ». «Бунда маъно йўқ». «Нима учун?». Эронликларнинг кўп қисми навбатдаги президентни сайлаш учун бориш-бормаслиги ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарган. Эрон Конституция муҳофазаси кенгаши томонидан барча ислоҳотчи ва мўътадил сиёсатчилар номзодлар сафидан саралаб чиқарилгач, барчаси маълум бўлганди: рақобат даражаси нолга туширилди, фақат бир танлов қолди.
Сайлов жараёни бўйича кўпчилик эронликларнинг қарашлари ижтимоий тармоқларда жойланган видеода акс этди: унда бир неча енгил атлетикачилар стартга тайёрланаётгани, оятуллоҳга яқин бўлган номзод, Эрон Олий суди раиси Иброҳим Раисий эса олдинга ташланиб, кейин ўз қўлидаги тўппонча орқали ўз старт учун ўқ узиши, кейин рақибларини, жумладан, муддати якунланиб кетаётган президент Ҳасан Руҳонийни шу тўппонча билан отиб ташлаётгани акс этган.
Бошқа бир мемда эса сайловолди пойгасидаги барча етти номзоднинг барчаси Раисий каби кўринишда тасвирланган. Эронликлар шу мавзуда мемлар ясашда пойгалашишди, иронияли видеолар ва постлар жойлаштиришди ва «сохта сайлов»да иштирок этишни истамасликларини изҳор қилишди.
Маъқул номзод тайинланиши

«Мен буни сайлов деб ўйламайман. Бу олий раҳнамо учун керакли номзоднинг тайинланишидир, яъни уни сайлашмаяпти. Эронда у [Раисий] «1988 йил жаллоди» сифатида маълум. Хоминаий атайлаб намойишларни бостиришга қодир одамни танлади», деди 18 июнь кунги сайловлардан олдин эронлик фаол Сепидеҳ.
У навбатдаги намойишлар бошланишига шубҳа қилмаяпти. «Вазият таҳликали ва исталган вақтда портлаши мумкин», дейди у.
Сепидеҳ хориждаги мухолифат ва унинг етакчиси, қувғиндаги Эрон қаршилик ҳаракати Миллий кенгаши раҳбари Марям Ражавийни қўллайди.
Ўтган йил февралидаги парламент сайловлари ҳам ҳозирги президентлик сайловлари каби кечганди. Ўшанда ҳам ўнлаб ислоҳотчи номзодлар сиёсий жараёндан ташқарида қолганди.
Сайловолди пойгаси давомида бюллетенда фақат етти ном қолди - беш нафар консерватив ва икки нафар нисбатан мўътадил номзодлар, лекин улар халқ танимайдиган сиёсатчилар эди.
Овоз бериш жараёни бошланишига икки кун қолганида эса фақат тўрт номзод курашадиган бўлди - уч номзод ўз ихтиёрига кўра курашдан чиқди. Шанба куни, сайловнинг расмий натижалари эълон қилинишидан олдинроқ қолган уч номзод Раисийни ғалаба билан табриклай бошлади.
Май ойи охирида Конституция муҳофизлари кенгаши парламентнинг собиқ спикери Али Ларижонийни - оятуллоҳнинг яқин одамларидан бўлган, аммо анъанавий равишда ислоҳотчилар учун овоз бериб келган сайловчиларнинг овозларига эгалик қилиши мумкин бўлган сиёсатчини сайловга қўйишмади.
Ҳокимиятдагиларга содиқ бўлса ҳам Ларижонийнинг сайловга қўйилмаслиги экспертларни Эрон ҳукумати бу сафар юқори давомат ҳақида қайғурмаётгани (одатда режимнинг қонунийлиги ва халқ томонидан қўллаб-қувватланаётгани шу билан кўрсатиларди), шунчаки сюрпризлар исташмаётгани ҳақида гапиришга ундамоқда.

«Эрондаги сайловларни ҳеч қачон мутлақо шаффоф ва эркин деб атаб бўлмаган бўлса-да, барибир улар ҳамиша халқнинг қўллаб-қувватлаш даражаси ва жамоатчиликнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини баҳолашга хизмат қиларди», дейди Chatham House эксперти, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкани тадқиқ қилиш дастури директори ўринбосари Санам Вакил.
Жонс Ҳопкинс университети профессори, Яқин Шарқ бўйича эксперт Вали Наср бу сафар асосийси оятуллоҳ томонидан шахсан танланган номзод президент бўлиши кафолатланиши бўлди.
«Давомат паст бўлгани консерваторлар учун айни муддао бўлди. Муҳими улар мақсадига эришди, сайловда қанча одам қатнашгани эса аҳамиятсиз. Бу тизимнинг легитимлигини жиддий шубҳа остида қолдиради, аммо Эрон ҳукумати бунга тайёр», дейди у.
Ижтимоий тармоқларда ўзини Махта деб атаган эронлик қиз ҳукуматга бўлган ишончи сўнгги бир неча йил ичида, 2019 йилги намойишлар бешафқатлик билан бостирилгани, Эрон махсус хизматлари томонидан украинлар самолёти уриб туширилганига расмийлар билдирган реакция, шунингдек, коронавирус пандемиясига қарши ҳаракатсизлик туфайли бутунлай сўнгани ҳақида ёзади.
«Мен авваллари сайловларга борардим, аммо энди эмас. Менинг овозим барибир ҳеч нарсани ўзгартирмайди», дейди Махта.
«Одамлар шунчаки сайловлар уларнинг кундалик ҳаётини яхшилашига ёки мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий инқирозни бартараф этишига, коррупцияга, тенгсизликка ва изоляцияга чек қўйишига ишонишмайди», дея унинг фикрларига қўшилади эронлик фаоллардан яна бири Али Афшарий.
Номзодлардан ҳеч бири, шу жумладан Раисий сайловчиларнинг муаммолари қандай ҳал этилиши кўзда тутилган қандайдир сиёсий дастур тақдим эта олмади.
Бундай муаммолар эса жуда кўп. Американинг аввалги президенти Дональд Трамп томонидан жорий этилган санкциялар ва олиб борилган сиёсат туфайли иқтисодиёт янада чўкмоқда, риал янада қадрсизланмоқда, инфляция янада тезлашмоқда; Эроннинг АҚШ ва яна беш держава билан тузилган ядровий келишув ҳам қимматга тушмоқда.

«Одамлар демократия ва эркинлик ҳақида гаплашишмайди, уларга йогурт нархи қанчалиги ва нон яна қанчага қимматлагани қизиқ. Улар сиёсат ҳақида умуман қайғурмайди деб бўлмайди, аммо ҳозир уларнинг фикри хаёли қорин ғами билан банд. Одамларни муаммоларга кўмиб ташлашган», дейди The New York Times нашрининг теҳронлик собиқ мухбири, Вашингтондаги Middle East Institute вакили Назила Фатҳи.
Сўровлар ва экспертларнинг кузатувлари буни тасдиқлайди: эронликларнинг ҳафсаласи пир бўлгани ва ишончсизлиги сайловдаги рақамларда акс этди. Ўтган сафарги сайловларга овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 70 фоизи келган бўлса, бу сафарги давомат рекорд даражада паст бўлди, айрим манбаларга кўра бу кўрсаткич 40 фоиздан ҳам ошмаган, айримларига кўра эса 30 фоиз атрофида бўлган.
Сайловлар таъсир кўрсатмайдиган яна бир масала, Эроннинг Яқин Шарқдаги сиёсатидир, америкаликларнинг санкциялари эронликларнинг бу минтақадаги позицияларини заифлаштиролмади, аксинча кучли ўйинчига айлантирди, Эрон минтақадаги воқеаларга катта таъсир кўрсатмоқда - Суриядан Исроилгача.
Иброҳим Раисий ким?
Эроннинг янги президенти - консерватив қарашларга эга диний уламо ва саид - шиаларда аждодлари Муҳаммад с.а.в билан боғлиқ бўлган шахслар шундай аталади.
Қолаверса, у оятуллоҳ Хоминаий билан бир жойдан - уларнинг иккиси ҳам шиаларнинг муқаддас шаҳарларидан бири Машҳадда туғилган.
Ўзининг Ғарбга қарши кескин қарашлари билан маълум бўлган Раисий Хоминаийнинг энг яқин кишиларидан саналади.
Оятуллоҳ 82 ёшда ва кўплар айнан Раисийни унинг ўринбосари сифатида кўришади.
У 20 ёш кичикроқ. Раисий Эрондаги яна бир муҳим марказлардан бўлган Қумда Эроннинг етакчи диний уламоларидан таълим олади. У телевидениеда бўлиб ўтган мунозараларда ҳуқуқшунослик бўйича доктор эканлигини ҳам таъкидлаб ўтганди.

Раисий Эрон кўплаб ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришларни бошдан кечирган йилларда улғаяди ва инқилобда фаол рол ўйнайди.
1979 йилдаги инқилобдан кейин турли минтақаларда прокурор бўлиб ишлагач, 1985 йилда прокурор ўринбосари сифатида пойтахт Теҳронга юборилган. Эрон Ислом инқилоби раҳбарияти қарашлари доирасида мамлакат бошқарилиши учун режимга содиқ ҳолда кўп йиллар давомида хизмат қилади.
У 1988 йилда, Ироқ билан саккиз йиллик урушдан кейин минглаб маҳбуслар учун қатл ҳукмини чиқарган «ўлим комиссияси»даги тўрт судьядан бири бўлган. Бу тўртлик режимга қарши чиққан минглаб кишиларни ҳам қатлга ҳукм этган. Amnesty International маълумотига кўра, рақамлар 4 мингга яқин, осиб ўлдирилганлар орасида кўплаб аёллар ҳам бўлган. Эрон ҳукуматининг расмий позициясига кўра, ўлдирилганлар «террорчилар» ва «иккиюзламачилар» бўлган.
1989 йил ёзида Ислом инқилоби раҳбари оятуллоҳ Руҳиллоҳ Ҳумайний вафот этгач, Хоминаий Эроннинг олий диний раҳбарига айланади, шундан кейин Раисийнинг ҳуқуқ тизимидаги фаолиятида кескин кўтарилишлар кузатилади.
Раисий 1990-1995 йилларда бош прокурор этиб тайинланади.
2016 йилда эса у миллиардлаб долларларни бошқариш учун масъул бўлган мамлакатдаги энг катта хайрия ташкилотининг раҳбари этиб тайинланади. 2019 йилда Олий суд раҳбарига айланади.
2017 йилда ҳам у президентлик сайловларида иштирок этган, аммо ислоҳотчилар лагерига нисбатан яқин бўлган Ҳасан Руҳонийга ютқазган, лекин ўшанда ҳам уни 38 фоиз сайловчи қўллаганди.
Ўшанда Ҳасан Руҳоний Раисийнинг меҳнат фаолиятини қуйидагича сўзларда ифодалаганди: «У 38 йил мобайнида одамларни қатл қилди ва панжара ортига жўнатди».
Икки йил муқаддам АҚШ Раисийни санкциялар рўйхатига қўшганди. Унинг ўзи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг айбловларига изоҳ бермай келади.
Раисий июнь ойида қатнашган телевизион дастурда иқтисодий инқирозга диққатини қаратиб, коррупцияга қарши курашишга ваъда берди.
«Инфляция халқнинг энг муҳим муаммоларидан бири, айрим давлат амалдорларининг инсофсизлиги ҳам яна бир катта муаммо», деди Раисий.
Сайлов натижалари ядровий дастур бўйича музокараларга қандай таъсир кўрсатади?
Эрон учун Америка санкциялари бекор қилинишига эришиш ҳаёт-мамот масаласи, бу эса Эрон ядро келишуви бўйича музокаралар тикланиб, унда ён берилиши ҳақида ўйлашга имкон беради. Эрон нефть экспорти тикланишига муҳтож ва бу орқали бюджетларни имкон қадар бекитиш мумкин.
Мамлакат ташқи сиёсатини олий раҳнамо белгилайди, президент шунчаки унинг ғояларини амалга оширади. Бу сафар оятуллоҳ ҳам, Иброҳим Раисий ҳам АҚШ билан музокаралар тикланиши тарафдори бўлиб чиқмоқда.
Ҳасан Руҳонийнинг маъмурияти август ойига қадар ҳокимиятда бўлади, бу эса кетаётган президентда келишув учун муҳлат борлигини англатади.
«Катта эҳтимол билан ҳукмрон элита келишув Руҳоний давридаёқ бўлишини истайди. Бу ҳолатда барча муваффақиятсизликлар ва юзага келадиган камчиликлар учун айбни унга юклаш мумкин, барча иқтисодий дивидендларни (иқтисодий санкциялар ечилишининг ижобий натижаларини) Раисий номига ёзилади», дейди International Crisis Group марказининг Эрон бўйича дастурий директори Али Воиз.

Бошқа вариантга кўра, музокараларни шу йилнинг сентябридан олдинроқ бошлашнинг имкони йўқ.
Экспертлар аминки, Эроннинг янги раҳбариятининг ультраконсерватив кайфият ва Ғарбга қарши риторикаси келишувга эришилишига халал бермайди, аммо бу келишув қанчалик кенг қамровли, узоқ муддатли ва самарали бўлишига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
«Уларга ичкаридан қўллаб-қувватлов керак, бунинг учун эса ташқи сиёсатдаги позицияларни сусайтириш талаб этилади. Мамлакат ичкарисида рақиблар йўқлиги туфайли, қаттиққўл сиёсат юритиш тарафдори бўлган янги раҳбарлар учун берилган ваъдаларни амалга ошириш осонроқ бўлади», дея хулоса қилади Воиз.
Мавзуга оид
02:21 / 02.09.2024
Эронда Раисий вертолётининг қулаши бўйича ўтказилган тергов якунланди
19:06 / 22.08.2024
Эронда Раисий вертолёти ҳалокатига юклама ва об-ҳаво сабаб бўлгани рад қилинди
21:23 / 21.08.2024
Эронда Иброҳим Раисий вертолёти ҳалокати бўйича тергов якунланди
18:59 / 05.06.2024