Эронда Раисий вертолётининг қулаши бўйича ўтказилган тергов якунланди
Ҳалокатни тергов қилган комиссиянинг якуний ҳисоботида келтирилишича, ичида Эрон президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолётнинг қулашига «ноқулай об-ҳаво сабаб бўлган».
Эроннинг собиқ президенти Иброҳим Раисий вертолёти ёмон об-ҳаво туфайли ҳалокатга учраган. Бу ҳақда мазкур фожиани тергов қилган комиссиянинг якуний ҳисоботида сўз боради.
Бортида 63 ёшли президент Иброҳим Раисий, ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, шунингдек, Табриз масжиди имоми Сайид Муҳаммад Али ал-Ҳошим ва Шарқий Озарбойжон вилояти губернатори Малик Раҳматий бўлган вертолёт 19 май куни Эрон шимоли-ғарбида қулаб тушганди. Эрон делегацияси Озарбойжондан қайтаётган эди.
Тергов комиссияси ҳисоботида келтирилишича, ҳалокат «минтақадаги мураккаб об-ҳаво шароити туфайли» юз берган. Яъни кутилмаганда пайдо бўлган қалин туман оқибатида вертолёт тоғ билан тўқнашиб кетган.
Суд-тиббий экспертиза қурбонларнинг жасадларида «шубҳали моддалар» аниқламаган. Мутахассислар вертолётнинг техник ҳолатига оид барча ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, белгиланган меъёрий ҳужжатлар асосида таъмирланган ва текширилган деган хулосага келган. Учувчилар олдиндан белгиланган маршрут бўйлаб парвоз қилган ва берилган парвоз йўлидан четга чиқмаган.
Раисий 23 май куни ўзининг туғилиб ўсган шаҳри Машҳадда дафн қилинди. Шаҳар мэри сўзларига кўра, дафн маросимига 3 миллионга яқин одам келган. Президентнинг жасади XIII асрга оид олтин гумбазли архитектура мажмуаси бўлган Имом Ризо мақбарасига қўйилди.
30 июл куни эса Теҳрондаги Эрон парламенти биносида мамлакат сайланган президенти Масъуд Пизишкиённинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Эрон манбаларига кўра, маросимда 80 дан ортиқ давлатдан юқори мартабали меҳмонлар иштирок этган.
Мавзуга оид
00:03 / 27.10.2024
Россияда бир кунда иккита вертолёт ҳалокатга учради
19:06 / 22.08.2024
Эронда Раисий вертолёти ҳалокатига юклама ва об-ҳаво сабаб бўлгани рад қилинди
21:23 / 21.08.2024
Эронда Иброҳим Раисий вертолёти ҳалокати бўйича тергов якунланди
18:59 / 05.06.2024