Жамият | 21:20 / 20.06.2021
4699
2 дақиқада ўқилади

Термизда ЙПХ ходими чақирув бўйича бораётган «Тез ёрдам» машинасини ўтказмади. Ҳолат юзасидан суриштирув ўтказилмоқда

ЙПХ ходимлари томонидан Термиз шаҳрида «Ёшлар фестивали» ўтказилиши муносабати билан ёпилган кўчадан чақирув бўйича бораётган тез тиббий ёрдам машинаси ўтказилмаган. Мазкур ҳодиса юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ масъуллари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда «ГАИ ходими тез тиббий ёрдам автомобилини сабабсиз ўтказмаслиги – жиноят» сарлавҳаси остида видео тарқатилди. Унда шифокорлар ЙПХ ходимидан тез ёрдамга чақирув бўлганини ва зудлик билан айтилган манзилга етиб боришлари лозимлигини айтишган. ЙПХ ходими эса кўча ёпиқлигини айтиб, «Сабр қилинг», деб жавоб берган. Кейин эса «телефонни йиғиштиринг», деб буйруқ берган.

Маълум қилинишича, ҳодиса Термиз шаҳрида содир бўлган. Қайд этилишича, жорий йил 15-17 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида «Ёшлар фестивали» ўтказилган. Шу муносабат билан ЙПХ ходимлари хизматга жалб этилиб, айрим кўчаларда транспорт воситалари ҳаракати чекланган. ЙПХ ходимининг Тез ёрдам машинасини ўтказиб юбормаган ҳолати ана шу тадбир пайтида, Термиз шаҳар Навбаҳор кўчасида рўй берган.

Таъкидланишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъуллари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид