Жаҳон | 20:33 / 23.06.2021
25641
7 дақиқада ўқилади

«АҚШ ва НАТО кучлари экстремизм юқори чўққига чиққан бир пайтда Афғонистонни тарк этяпти» – Ҳамид Карзай

Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай 20 йил олдин экстремизмга қарши курашиш ва барқарорликни таъминлашни мақсад қилиб келган халқаро кучлар бугунга келиб, экстремизм энг юқори нуқтага чиққан пайтда мамлакатни тарк этаётгани ҳақида гапирди.

Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай «AP news» нашрига берган интервьюсида халқаро кучларни мамлакатда вазият кескинлашиб бораётган пайтда тарк этаётганликда айблади.

«Халқаро ҳамжамият бу ерга 20 йил олдин экстремизмга қарши курашиш ва барқарорликни таъминлашни мақсад қилиб келганди. Буни қарангки, бугунга келиб, экстремизм энг юқори нуқтага чиққан пайтда, улар бунга эътибор бермасдан, мамлакатни тарк этяпти. Демак, улар муваффақиятсизликка учради. Биз афғонистонликлар сифатида барча муваффақиятсизликларимизни тан оламиз, аммо, айнан шу муваффақиятсизликларнинг олдини олиш учун келган катта кучлар ҳақида нима дейиш мумкин? Ҳозир улар бизни жуда оғир вазиятда тарк этишяпти. Бу шармандаликнинг бир кўринишидир. Улардан бизга «шармандалик ва кулфат»ли урушлардан вайрон бўлган халқ мерос сифатида қолмоқда.

АҚШ ва NATO ҳарбийлар кампанияси экстремизм ва терроризмга қарши эмас, аксинча, афғон қишлоқларидаги аҳолига қарши курашган, афғон халқини қамоқларга ташлаш асносида ўз мамлакатимизда ўзимиз учун қамоқхоналар яратди ва барча қишлоқларни бомбардимон қилди. Бу жуда нотўғри эди.

Апрель ойида президент Жо Байден қолган қўшинларни олиб чиқиб кетишини эълон қилганида, у Америка ўз мақсадларига эришган ҳолда кетаётганини айтди. «Ал-Қоида» аъзолари сони жуда камайганини ва бин Ладен ўлганини таъкидлади. Америкага террористик таҳдидларга қарши курашиш учун энди Афғонистон керак эмас эди.

АҚШ ўн йиллаб давом этган урушларни сиёсий тугатишга қаратилган битимни амалга оширмади. Улар толиблар билан 2020 йил февралида террористик гуруҳларни қоралаш ва Афғонистонни Америкага қарши ҳужумлар уюштирадиган майдон бўлишига йўл қўймаслик ҳақидаги ваъдаси эвазига ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш тўғрисида битим имзолади.

«Толибон» келишувнинг ўзига тегишли қисмини бажараётгани ҳақида камгина далиллар мавжуд. АҚШнинг ҳозирги тинчлик бўйича элчиси Залмай Халилзоднинг айтишича, бир мунча ютуқларга эришилган, аммо тафсилотлар очиқланмади. Афғон халқининг ягона истаги бутун мамлакатда тинчликка эришишдир. Ҳар иккала афғон томони ўзаро жанг қилмаслиги керак. Ўн йиллик урушларни тўхтатиш фақатгина афғон халқининг ўзига боғлиқ. Агар Покистон Афғонистонга қарши экстремизмдан ўзини чекласа, бу муносабатлар ҳар икки томон учун жуда самарали алоқаларга айланиши мумкин.

Мен бу масалада жуда аниқ ва равшан айта оламанки, иккала томон ҳам афғон халқи ҳаёти ва мол-мулки ҳақида ўйлаши керак. Кураш бу ҳалокатдир.

Ягона ечим - афғонларнинг бирлашиши. Биз бу диёр ҳаммамизнинг мамлакатимиз эканлигини тан олишимиз ва бир-биримизни ўлдиришни тўхтатишимиз керак», дея таъкидлади Афғонистоннинг собиқ президенти.

АҚШ билан зиддиятли муносабатда бўлган Ҳамид Карзай 13 йиллик ҳукмронлиги даврида халқаро қўшинларнинг чиқиб кетишини хоҳлаган.

Унинг раҳбарлиги даврида Афғонистонда аёлларга имконият эшиклари очилиб, қизлар мактабга бора бошлаган, пойтахт Кобулда янги кўп қаватли уйлар кўтарилиб, йўллар ва инфратузилмалар бунёд қилинган. Шунга қарамасдан, унинг ҳукмронлик даври кенг тарқалган коррупция, гуллаб-яшнаган гиёҳванд моддалар савдоси билан ажралиб туради.

Маълумот учун, охирги пайтларда Афғонистондаги вазият яна чигаллаша бошлади. 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва «Толибон» ўртасида имзоланган тинчлик шартномасига кўра, халқаро кучлар 14 ой давомида мамлакатни тарк этиши керак эди, бироқ турли сабабларга кўра, бу жараён кечикиб кетди. Бу эса «Толибон» томонининг кескин эътирозларига сабаб бўла бошлади.

Натижада АҚШ апрел охиридан Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлаганди. АҚШ президенти Жо Байден қўшинлар Афғонистондан 11 сентябргача тўлиқ олиб чиқилишини айтган. Бироқ экспертларнинг таъкидлашича, бу жараён анча аввал якунланиши мумкин. Айни пайтгача АҚШ қуролли кучларининг марказий қўмондонлиги (СENТСОМ) маълум қилишича, қўшинлар ва ҳарбий техникани олиб чиқиш жараёни 50 фоиздан кўпроққа бажарилган.

АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлаганидан бери «Толибон»нинг агрессив ҳаракатлари кучайди. Охирги бир неча ой ичида Афғонистонда кўплаб туманлар «Толибон» қўлига ўтди. Сўнгги бир неча кун ичида ҳукумат қўшинлари 15 дан ортиқ туманни тарк этган.

Шунингдек, Тожикистон билан чегарадаги Тоҳар вилоятининг 8 та тумани ҳам аллақачон «Толибон» томонидан эгалланган.

Аввалроқ, «Толибон» ҳаракати матбуот котиби Забиуллоҳ Мужоҳид АҚШнинг машҳур Foreign Policy журналига берган интервьюсида ҳаракатнинг 2та асосий мақсади борлигини таъкидлаган:

«Иккита асосий мақсадимиз бор. Биринчиси, барча хорижий қўшинлар Афғонистонни тарк этиши керак. Иккинчиси, бу жуда муҳим, биз барча афғонларни ўз ичига олган исломий ҳукумат тузишимиз керак. Шундай қилиб, агар чет эл кучлари кетадиган бўлса, унда бизнинг иккинчи мақсадимиз ўз ўрнида қолади ва биз бунга эришишни хоҳлаймиз. Биз ушбу мақсадга суҳбатлашиш ва музокара олиб бориш орқали эришилишини истаймиз. Агар ушбу иккинчи мақсадга эришилмаса, ўз мақсадимизга эришиш учун урушни давом эттиришга мажбур бўламиз», деган у.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Foreign Affairs журналида расмий афғон ҳукуматининг позициясини ифода этувчи мақоласида эса расмий ҳукумат ва «Толибон»нинг бирга ишлаши мумкинлигига оид муҳим далиллар келтирганди. У Афғонистонда «Толибон» хоҳлаётган «исломий давлат» тузишга эҳтиёж йўқлиги, чунки аллақачон мамлакатда ислом давлатчилиги шаклланганини айтиб ўтган. Шунингдек, у толиблар билан музокараларни давом эттиришга тайёрлигини ва бу тинчлик таъминланишига олиб келса, муддатидан олдин ваколатларини ҳам топширишга рози эканлигини билдирган.

Мавзуга оид