Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мудофаа вазирлиги ҳарбий машғулотлар бошлади. Армиянинг жанговар шайлиги текширилмоқда
Афғонистоннинг қўшни давлатлар билан чегаралари яқинида вазият кескинлашуви фонида Ўзбекистон мудофаа вазирлиги ҳарбий округларида қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича амалий машғулотлар бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий округларида қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича амалий машғулотлар бошланди. Бу ҳақда Kun.uz’га Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Хусусан, мудофаа вазири раҳбарлигида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округлари ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий қисм ва бўлинмаларида режага асосан қўққисдан текширувлар бўлиб ўтмоқда. Бунда шахсий таркиб ва жанговар техникаларнинг шайлиги текширувдан ўтади.
Шунингдек, «Ангрен» ва «Термиз» умумқўшин дала майдонлари ҳудудида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонликлари тасарруфидаги ҳарбий қисм ва ҳамкорликдаги куч тузилмалари ўртасида ўзаро тажрибалар алмашиш ҳамда ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг амалий дала кўникмаларини такомиллаштириш мақсадида батальон тактик ўқувлари ўтказилиши кўзда тутилган.
«Тактик ўқувлар давомида «Тревога» сигнали берилганда шахсий таркибнинг ҳаракатлари, белгиланган йўналиш бўйича ҳимояни кучайтириши, қўйилган жанговар ўқув вазифаларини сифатли бажариш борасидаги кўникмалари синовдан ўтказилади.
Шунингдек, шартли душманнинг эҳтимолий жойлашган ҳудуди аниқланиб, кейинчалик улар томонидан олиб борилиши мумкин бўлган фаол ҳаракатларни бартараф этиш мақсадида улар жойлашган ҳудудларга авиация ҳамда артиллерия бўлинмаларининг куч ва воситалари ҳамда миномётчилар батареяси томонидан зарбалар берилади», дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этиш керакки, машғулотлар қўшни Афғонистонда вазият кескинлашуви ортидан бошланди. Бироз олдинроқ Ташқи ишлар вазирлиги жанубда Ўзбекистон чегарасини 53 нафар афғон ҳарбийлари ва қуролланган гуруҳлар кесиб ўтгани ҳақида маълум қилганди. Зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилган.












Мавзуга оид
09:05
Афғонистондан олиб кирилган 37,6 кг гиёҳвандлик воситалари фош этилди
10:50 / 12.06.2026
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида қўшимча темирйўл қурилиши мумкин
11:30 / 11.06.2026
Афғонистон–Покистон можаросига қарамай, Кобул коридорини қуриш лойиҳаси давом этмоқда
17:54 / 10.06.2026