Жаҳон | 22:24 / 24.06.2021
13165
1 дақиқада ўқилади

Нур-Султонда карантин чоралари кучайтирилди

Давлат органлари, миллий компаниялар, корхоналар маъмурий ходимларининг камида 80 фоизини масофадан ишлашга ўтказиш кўзда тутилган.

Нур-Султонда карантин чоралари кучайтирилди, деб хабар берди Tengrinews.kz.

Хабарда айтилишича, Қозоғистон пойтахти бош санитар врачи Сархат Бейсенова бу борадаги тегишли фармойишни имзолаган.

Фармойишга кўра, оммавий тадбирлар ўтказишга чеклов киритилган.

Боулинг-марказлар, компьютер ва Play Station-клублари, кинотеатрлар, бильярд ва караоке заллари, тунги клублар ҳамда ёпиқ бинодаги бошқа кўнгилочар масканларга бориш тақиқланган. Ashyq лойиҳасида қатнашувчи объектлар учун ушбу талаб истисно қилинган.

Жамоат жойлари, жамоат транспортида ниқоб тақиш ва ижтимоий масофага қатъий риоя қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари, давлат органлари, миллий компаниялар, корхоналар маъмурий ходимларининг камида 80 фоизини масофадан ишлашга ўтказиш кўзда тутилган.

Олий ўқув юртлари ва коллеж талабаларининг битирув имтиҳонлари масофавий режимда ўтказилади. 

Умумий овқатланиш объектлари кучайтирилган санитария чоралари ва ижтимоий масофа режимига амал қилган ҳолда ишлаши белгиланди.

Янги қоидалар 27 июндан кучга киради.

Мавзуга оид