Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқандда зўрланган 19 ёшли қиз воқеаси бўйича прокуратурада брифинг ўтказилди
23 май куни Паст Дарғом туманидаги текстил корхоналаридан бирида ишловчи 19 ёшли қиз иш вақтида зўрлангани, кейинроқ воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълум қилинишича, тумандаги текстил корхоналаридан бирида ишлаган 19 ёшли қиз М.Б. иш вақтида зўрланган. Қизнинг айтишича, у ўша куни тунги навбатчиликда ишлаётган бўлган. Корхона устаси келиб, ундан ташқарига чиқишни сўраган. Сўнг қўл-оёғини боғлаб, машинада корхона яқинида жойлашган қурилиши битмаган бино олдига олиб борган ва ўша ерда машина ичида зўрлаб, номусига теккан.
Мазкур ҳолат юзасидан гумондор 28 ёшли Ф.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилган.

Мазкур масала 23 июнь куни вилоят прокурори Равшан Машарипов ва сенатор Фармон Тошев бошчилигида, вилоят прокуратураси ва ИИБ раҳбарларининг соҳавий ўринбосарлари, тармоқ раҳбарлари, ИИБ терговчилари, жабрланувчи, айбланувчи, уларнинг вакиллари ва ҳимоячилари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги брифингда муҳокама қилинди.

Брифингда вилоят прокурори Равшан Машарипов мазкур воқеадан телеканаллардан бирида кўрсатилган лавҳа орқали воқиф бўлгани, ишни ўз назоратига олганини айтиб ўтди. Сўнгра жиноят иши бўйича тергов қандай ташкил этилгани масалаларига тўхталди.

Йиғилишда вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси масъул раҳбарлари мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш очилиши тафсилотлари ва гумондорни ушлаш, терговнинг кетиши борасида умумий тарзда маълумот бериб ўтишди.
Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори Зоҳид Бурҳонов ушбу жиноятни рўйхатга олиш ва тергов олиб боришда йўл қўйилган камчиликларни санаб ўтди.

Ушбу брифинг юзасидан Самарқанд вилоят прокуратураси матбуот хизмати ҳам расмий муносабатини эълон қилди.
«Айбдор аниқ бўлса-да, ҳолат ижтимоий тармоқларда ёритилганидан сўнг айбланувчига нисбатан 21 июнь куни эҳтиёт чораси танланган.
Вилоят прокурори томонидан жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини давом эттириш прокуратура органлари терговчиларига топширилиб, шаҳар ИИБ ходимларининг ҳаракатлари бўйича Ички ишлар вазири номига хизмат текшируви тайинланди ва иш прокурорнинг шахсий назоратига олинди», — дейилади муносабатда.
Аввал Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғи Дамир Султонов, сўнгра вилоят Тергов бошқармаси бошлиғи Рамазон Ашрапов ҳолат юзасидан белгиланган тартиб ва қоидалардан чиқмаган ҳолда иш олиб борилганини таъкидлаб ўтишди.


Брифингда жабрланувчига сўз берилди. У ўша кунги воқеалардан сўнг ўзининг руҳий ҳолати ёмонлашганини айтиб, воқеа одилона тергов қилинишида ёрдам сўради.

Воқеадан 27 кун ўтиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган гумондор ҳам қиз туҳмат қилмаётгани, воқеа бўлиб ўтганини тан олди. Гумондорнинг адвокати эса воқеа ОАВда бир томонлама ёритилиб, айбсизлик презумпциясига риоя қилинмагани борасида ўз эътирозини билдирди.


Ҳар икки томондан янграган эътирозларга нисбатан вилоят прокурори барча масалалар бўйича суд ўзининг адолатли баҳосини беришини тушунтирди.
«Зарафшон» газетаси бош муҳаррири, сенатор Фармон Тошев жиноят ишларини очиш ва тергов қилишда сусткашликка йўл қўйиб бўлмаслик, бу халқ ишончининг йўқотилишига олиб келиши мумкинлиги, бундай жиноятларни тергов қилиш прокуратура органларига қайтарилиши кераклиги ҳақида гапириб ўтди.

Йиғилишда оммавий ахборот воситалари ҳам жамоатчилик назорати ўрнатилишида прокуратура ва ички ишлар идораларига яқиндан ёрдам бераётгани эътироф этилди. Шунингдек, номусга тегиш билан боғлиқ жиноятларни ёритишда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмаслиги, бу ҳол жамоатчиликда бошланғич нотўғри таассурот уйғонишига сабаб бўлиши ҳам айтиб ўтилди.
Шуҳрат Шокиржонов
Мавзуга оид
12:31 / 03.03.2026
1 млрд сўмлик табиий қумни ўзбошимчалик билан қазиб олиш ҳолати аниқланди
11:13 / 02.03.2026
9 минг доллар талаб қилган прокуратура ходими ушланди
09:30 / 26.02.2026
“Ноҳақ айблашди” – Самарқандда собиқ ИИБ ходими Олий суддан адолат кутяпти
19:07 / 14.02.2026