Жамият | 11:03 / 25.06.2021
7102
9 дақиқада ўқилади

Чарлз Денс билан кутилмаган учрашув, Куала-Лумпурдаги ҳаёт – Малайзиядаги Салоҳиддинхўжа Суръатхўжаев билан суҳбат

UzbekLife чет элдаги ҳамюртларимиз билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳридаги Лимкоквинг Креатив технологиялар университети талабаси Салоҳиддинхўжа Суръатхўжаев.

Қаҳрамонимиз Тошкент шаҳрида таваллуд топиб вояга етган. Тошкент шаҳридаги «Глиер» номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабида таҳсил олган. 2018 йилдан эътиборан Малайзиянинг Лимкоквинг Креатив технологиялар университети “Коммуникациялар ва Медиа” факультети “Рақамли фильм ва телевидение” йўналишида таълим олиб келмоқда.

Жанубий-Шарқий Осиёга бир ойлик саёҳат

17 ёшимда Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларига бир ойлик саёҳатга чиққанман ва саёҳатим давомида менга энг маъқул бўлган давлат Малайзия бўлган. Шу сабабли кейинчалик ўқишни давом эттириш учун айнан Малайзия давлатини танлашга қарор қилдим.

Шинам шаҳарлар ва туристларга бой Куала-Лумпур

Малайзия халқи анчагина меҳмондўст халқ ҳисобланади. Мамлакатда кўплаб шинам шаҳарлар, туристик масканлар мавжуд. Малайзияда жуда кўп чет эллик сайёҳларни учратиш мумкин. Биргина Куала-Лумпур шаҳрига ҳар йили 13 млнга яқин сайёҳ ташриф буюради. Бу билан у дунё бўйича энг кўп сайёҳлар ташриф буюрувчи шаҳарлар индексида 11-ўринда туради. Бу эса ўз-ўзидан турли миллат вакиллари орасида маданиятлар алмашинуви жараёнига туртки бўлади. Талабалар, шунингдек, халқаро тиллар ва тажриба алмашишда ҳам кенг имкониятларга эга бўлади.

3 қитъада кампусларга эга университет

Лимкоквинг университети ҳақида гапирадиган бўлсам, университет 1991 йилда ташкил этилган. Ушбу ўқув даргоҳи Малайзияда санъат соҳасида ўз ўрнига эга етакчи университетлардан. Ҳозирги кунда университет Осиё, Европа ва Африка қитъасининг бир қанча мамлакатларида ўз кампусларига эга.

Ушбу университетга топширишдан олдин университет тарихига қизиқиб кўрганман. Ушбу ўқув масканини тамомлаган шахслар ҳақида анча маълумотларга эга бўлганман. Шундан сўнггина ушбу олий ўқув юрти мен учун мос келишини тушунганман ва унга ўқишга киришга қарор қилганман.

5.5 IELTS ёки яхши баҳолар

Университетга қабул жараёнида маълум талаблар мавжуд бўлиб, ушбу талаблар сиз топшираётган факультет ва йўналишга қараб турлича бўлиши мумкин. Лекин умумий талаблар ҳам мавжуд. Булар инглиз тилини билиш сертификати – IELTS (камида 5.5 даража)га эга бўлиш ҳамда илгари таҳсил олган мактаб, коллеж ёки лицейни яхши баҳоларга тугатган бўлиш керак.

Мен ушбу талабларга тўлиқ жавоб берардим. IELTS’дан даражам 6.5 эди. Бундан ташқари, мактабда ҳам, кейинчалик архитектура коллежида ҳам энг иқтидорли ўқувчилардан бири сифатида аъло баҳоларга ўқиган эдим.

Хорижда ўқишга қизиқиш болаликда пайдо бўлган

Дадам ўз соҳалари бўйича бир қанча хорижий мамлакатларда амалиёт ўтаб, чет элга саёҳатлар уюштирганлар. Ушбу саёҳатлар ҳақида уларнинг таассуротларини эшитиш жуда мароқли эди. Уйимизда дадамнинг чет эл мамлакатларига саёҳат манзаралари тасвирланган видеокассеталар бўларди. Ушбу видеокассеталарни такрор-такрор томоша қилардим ва мен ҳам шу жойларга бораман, деб орзу қилардим. Ёшим улғайгани сари Ўзбекистондаги ҳаёт тарзи, таълим тизимини бошқа мамлакатлар билан солиштиришга бўлган қизиқиш орта бошлади. Юқорида айтганим бир ойлик саёҳат бунинг учун зўр имконият яратиб берди. Айнан шу саёҳат ҳамда болаликдаги орзулар мени хорижда ўқиш сари етаклади.

Ҳаётда мотивация берувчи инсоним – бобом

Ўз вақтида дадамга ҳам мотивация берган, ҳозирда мени ҳам қўллаб-қувватлаб келадиган инсон – бу бобом. Ҳар доим улар билан гаплашганимда менга янгидан янги мотивациялар берадилар, бирор масала бўйича маслаҳат сўрайдиган бўлсам, ўз ишлари билан банд бўлишларига қарамай, вақтини аямасдан ўз маслаҳатларини беради. Ўқишга кирганимда ҳам энг кўп қувонган инсон бобом бўлган. Ҳар бир эришаётган ютуғимдан ўзида йўқ хурсанд бўладилар. Нимаики муваффақиятга эришган бўлсам, барчасида ота-онам билан бирга уларнинг ҳам катта ҳиссаси бор.

Малайзиядаги аҳил ўзбеклар

Ҳозирги постпандемия даврида Малайзияда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик ватандошларимиз сони бир неча юзга етади. Бир шаҳарда яшовчи ҳамюртларимиз биргаликда кечки овқатлар ташкил этишади, байрамларда бир-бириникига меҳмонга ташриф буюришади. Агарда бирор ҳамюртимиз қийин аҳволга тушиб қолганидан хабар топадиган бўлсак, тезда қўлдан келганча ёрдам беришга шошиламиз. Бир сўз билан айтганда, Малайзиядаги ўзбек диаспораси вакиллари бир-бири билан жуда аҳил-иноқ.

Нисбатан арзон нарх-наволар

Малайзияда яшаш, ўқиш билан боғлиқ сарф-харажатлар, умуман нарх-наволар бошқа давлатларга қараганда нисбатан бирмунча пастроқ ҳисобланади. Битта хорижлик талаба 1 ойда ўртача 250–400 АҚШ доллари сарфлайди. Бу миқдор транспорт, яшаш ижараси ва озиқ-овқат харажатларини ҳам ўз ичига олади. Малайзияга ўқиш учун келадиган барча талабалар тиббий суғурта олишлари мажбурий. Суғурта харажатлари, одатда, университет ўқиш тўловлари билан биргаликда ҳисобланади. Одатий тиббий кўрикдан ўтиш нархи минимал 20 доллардан бошланади ва кўрик турига қараб ўсиб боради.

Аҳолининг катта қисми малай, ҳинд ва хитойликлардан иборат

Малайзияда хилма-хил миллат вакилларини учратишингиз мумкин. Улар орасида энг кўп қисмини ташкил этувчи миллатлар – малай, ҳинд ва хитой миллатлари вакиллари. Аҳолининг 60 фоизини малайлар ташкил этади. Кейинги ўринларда ҳинд, хитой ва бошқа миллат вакиллари туради.

Малайзияда инглиз тилига бўлган талаб жуда кучли. Юқорида таъкидланган миллатлар алоқа воситаси сифатида айнан инглиз тилидан фойдаланишади. Шу сабабдан ҳам Малайзияда ишлаш учун малай тилини билиш асосий талаб ҳисобланмайди. Иш берувчининг миллатига қараб, ё малай, ё ҳинд, ё хитой тилини билиш талаб қилинади.

Орзумдаги актёрни учратиб қолганман

Уч йил давомида Малайзияда жуда кўп ва бир-биридан қизиқ ҳолатларга дуч келганман. Улардан бири ҳақида гапириб бермоқчиман. Биринчи курсни битираётган вақтимда реклама видеороликларида фрилансерлик қилишни бошлаганман. Бир нечта реклама роликларида актёр сифатида ўз маҳоратимни синаб кўрганман. Бир куни агентим Британиянинг машҳур телеканалларидан бири Малайзияда сериал тасвирга олаётгани ҳақида гапириб берди ва менга ушбу телесериалда ёрдамчи актёр ролида қатнашишни тавсия қилди. Менга бу таклиф маъқул тушди ва ролни ижро этишга рози бўлдим. Уч кун давомида суратга тушишга тайёргарлик кўрганман, репетиция қилганман. Ва ниҳоят уч кундан сўнг тасвирга олиш куни етиб келди. Барча тайёр, съёмка жараёни бошланди, актёрлар ўз ролларини ижро этишга киришиш арафасида. Шунда кутилмаганда съёмка майдонига британиялик таниқли актёр Чарлз Денс кириб келди. Мен аввалдан “Тахтлар ўйини” (“Game of thrones”) фильмини зўр қизиқиш билан томоша қилардим ва айниқса фильмда ушбу актёр жонлантирган персонаж жуда ёқарди. Мен бу актёрни Малайзияда учратаман деб ҳеч ўйламаган эдим. Тақдир тақозоси билан ўзим ҳурмат қилган актёр билан учрашишга ва ҳатто суҳбат қуришга ҳам муваффақ бўлганман.

Халқаро фестиваллардаги иштирок

Ҳозирга қадар ўз соҳам билан боғлиқ равишда бир қанча роликлар, рекламалар ва қисқа метражли фильмлар суратга олишга улгурдим. “Lost connection” номли қисқа метражли фильмим Канаданинг “Human-Environmental Care Film Festival” ва 8 йилдан бери Буюк Британияда бўлиб ўтадиган “First Time Film Maker Festival” фестивалларида қатнашди. Келажакда ўз соҳамни янада ривожлантириш, қисқа метражли фильмлар ишлашни кўпайтириш ва медиа соҳасида фаолиятимни давом эттириш ниятидаман.

Бундан ташқари, мусиқа йўналишида ҳам профессионал фаолият олиб боришни мақсад қилганман. Ҳозиргача кўплаб ижод намуналаримни яратганман. Уларни SoundСloud, Spotify ҳамда YouTube тармоқларидан топишингиз мумкин.

Ижодкор, тиришқоқ ва меҳнаткаш

Ўқишдан ташқари, меҳнат фаолиятини ҳам олиб бораман. Ҳозирги кунда “Ақлли шаҳарлар” ҳамда БМТнинг “17 барқарор ривожланиш мақсадлари” (“Sustainable Development Goals”) лойиҳаси доирасида иш юритадиган “Renexus” компаниясида ишлаяпман.

Шу ўринда қўшимча қилиб ўтишим керакки, мен айни вақтда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Малайзиядаги вакили ҳисобланаман. Ушбу ёшлар ташкилотининг хориждаги ўзбек ёшлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган турли лойиҳаларини Малайзияда татбиқ қиламан.

Келажагимни Ўзбекистонда кўраман

Келгуси режаларимни амалга ошириш ҳақида ўйларканман, ўзим кўзлаган тажрибага эга бўлганимдан сўнг ватанимга қайтиш ниятидаман. Керакли билим ва тажриба тўплагач келажагимни фақат Ўзбекистонда қураман.

Давлатбек Асадов суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид