15:31 / 25.06.2021
12787

Тарихий шаҳар Жонжуга саёҳат (фото)

Яқинда турмуш ўртоғим ва фарзандим билан Жанубий Кореянинг Чолла-Пукто вилоятидаги тарихий Жонжу шаҳрига саёҳат қилдик, дея ҳикоя қилади UzbekLife колумнисти Феруза Авазова.

Бибимбапнинг ватани

Жонжу Кореяда яшайдиган чет элликлар орасида у қадар машҳур эмас. Сабаби, бу унинг жойлашуви ва Сеуль, Инчон, Бусан каби шаҳарларга ўхшаб жуда ҳам ривожланмаганидадир. Аммо бу шаҳар ўзининг тарихийлиги билан Ўзбекистоннинг Хива, Бухоро, Самарқанд шаҳарларини эслатади.

Барча ерда тарихий корейс сериаллари каби "ханок" услубидаги уйчалар, қадимий саройлар, миллий либос кийган чиройли жуфтликларни учратиш мумкин. Агар сиз «Жумонг», Тангэм («Сарой жавоҳири») каби сериалларни мухлиси бўлсангиз, Жонжудаги ажойиб муҳит сизларни ўша даврларга тушириб қўяди.

Жонжу – Кореянинг энг мазали ва тансиқ таоми бибимбапнинг ватани ҳам ҳисобланади. Бу ерда тайёрланадиган бибимбап таъми бошқа ерлардаги одатийлардан мутлақо бошқача. Бунга ўзим ҳам яна бир бор амин бўлдим. Маҳаллий аҳолидан бу ҳақида сўраганимда, улар Жонжу аҳолиси ота-боболарининг таом тайёрлаш сирини бир неча даврлардан бери ўзида сақлаб қолганлигини айтишди.

Саёҳат давомида Ханок қишлоғини пиёда сайр қилиб, Корея кўҳна тарихига назар солиш мумкин. Қишлоқда жойлашган 700-800 дан ортиқ миллий-анъанавий уйчалар ҳозирда туристларнинг энг севимли масканларидан. Бу ерда сиз нафақат сайр қилишингиз, корейс миллий либоси бўлган ханбокда суратга тушишингиз, балки бир кечага ханок уйларида тунаб қолсангиз бўлади.

Биз ҳам мана шундай миллий услубда қурилган ханок меҳмонхонасида қолдик. Бу биз ва фарзандимиз учун унутилмас тажриба бўлди.

 Шунингдек, Жонжуда жуда ҳам кўп қизиқарли тадбирлар, машғулотларда иштирок этиш имкони бор. Масалан, миллий ўйинлар ўйнаш, анъанавий қўшиқ куйлаш дарсларида қатнашиш, таэквондода ўзингизни синаб қўришингиз мумкин. Биз таниқли ҳунарманд аёлдан корейс миллий қоғозидан ажойиб ёритгич ясашни ўргандик.

Феруза Авазова

UzbekLife’нинг Жанубий Кореядаги колумнисти

Top