– Томчилаб суғориш тизимлари ҳақида кўп гапирилади, лекин тизимда деярли силжиш сезилмайди. Сув ва суғориш билан боғлиқ муаммолар қандай ҳал этиляпти?

– Балки, мен айтганим сизга ёлғон бўлиб туюлар, лекин туманларга бориб кўрсангиз, томчилаб суғориш тизими қандай йўлга қўйилаётганини кўришингиз мумкин. Сув энг танқис бўлган Қўшработ туманида боғлар мана шу усулда суғориб келиняпти.

Жомбой туманида лалми ер қолмади, қарийб 100 фоиз томчилатиб суғоришни қўллаган ҳолда ерга ишлов берилмоқда. Каттақўрғон, Пайариқ, Иштихон туманларида ҳам бу борада катта иш кетяпти. Вилоятда 5 минг гектар еримизга томчилатиб суғориш орқали сув бериляпти, бу ҳазил ер эмас. Кейинги икки йилда субсидия ажратилиши натижасида иш анча олдинга силжиди.

– Яйлов ерлар камайиб бораётгани ва чорвачилик орқага кетаётгани айтиляпти.

– Дейлик, 100 гектар ерга 100 бош қўй ва мол боқиб юрилибди. Ўша ер остида суғоришга яроқли тоза сув бор ва бир тадбиркор келиб, ўша ерга сув чиқариб, 10 минг бош қўй боқишни йўлга қўймоқчи бўлса, қайси бири фойдали бўлади? Албатта, иккинчиси.

Агар яйлов эгасиман деб даъво қилувчи фуқарода 50 йиллик ижара шартномаси бўлса, бу бошқа масала. Баҳор ойида Нуробод ҳокимияти олдига қўйлар ҳайдаб борилгани шов-шув бўлиб кетди. Кўпчиликнинг фикрича, бу қўйлар – аҳолиники, лекин аслида, текширганимизда, фермернинг қўйлари экан, унга талаб ёқмаган ва шу томошани уюштирган.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов

Ўша ерлик аҳоли билан бориб гаплашдик, мен молимни қаерда боқаман, деяпти. Қаерда боқардинг, ўша ерга боқасан, дедик. Фақат энди яйловдан фойдаланганлик учун солиқ тўланади. Қонунда солиқ тўлаш кераклиги ёзиб қўйилган.

Қишлоқларда уюшмалар тузилади ва моли бор фуқаролар унга аъзо бўлади. Дейлик, минг гектар ер, одамлар моли сонига қараб яйловдан фойдалангани учун бадал тўлаши, уюшма эса ўша пулларни давлатга ер солиғи сифати тўлаши керак. Бу – Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган низомда кўрсатилган.