Жамият | 19:46 / 01.07.2021
7518
6 дақиқада ўқилади

Алия Юнусова: “Болалар оилаларга тегишли, меҳрибонлик уйларига эмас”

Ўзбекистон интернатларидаги болаларнинг шу ёшдаги аҳолига нисбатан улуши ўртача глобал кўрсаткичдан 2 баравар юқори. Мамлакатда янги меҳрибонлик уйларини очмаслик таклиф этилмоқда.

Ўзбекистондаги интернат муассасаларида яшовчи болаларнинг улуши шу ёшдаги аҳолининг ҳар 100 минг кишисига 255 нафарни ташкил этади, бу – дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп. Дунёдаги ўртача кўрсаткич ҳар 100 минг кишига 120 нафар болани ташкил қилади.

Бу ҳақда бугун, 29 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган «Ҳар бир бола оилавий муҳитда тарбияланишини таъминлаш мақсадида ноинституционаллаштириш Миллий стратегиясини яратишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги халқаро конференцияда маълум қилинди.

Болалар омбудсмани матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон ноинституционаллаштириш сиёсатини ишлаб чиққан ва тегишли ҳаракатлар режасини қабул қилган; бироқ йирик интернат муассасалари сўнгги чора эмас, балки муқобил парваришнинг энг асосий кўриниши бўлиб қолмоқда. Институционлаштириш даражаси юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусованинг айтишича, институтлаштириш болаларнинг соғлиғи ва ривожланиши (руҳий ва жисмоний ривожланиши)га салбий таъсир кўрсатади. Бу салбий таъсир болалар муассасалари барча талабларга жавоб берган ва яхши молиялаштирилган тақдирда ҳам, кузатилиши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, институтлаштиришнинг яна бир салбий томони – тажовузлар хавфининг юқорилиги.

“Кўпгина тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Меҳрибонлик уйларида тарбияланган барча ёшдаги болалар жуда кўп тажовузларни бошдан кечиришади. Жумладан, улар жисмоний ва жинсий зўравонлик, ғамхўрликнинг йўқлиги, шунингдек, одам савдоси ёки эксплуатациянинг бошқа кўринишларидан азият чекиш хавфи остида бўлишади.

Болалар муассасаларида жамият кўзидан панада содир бўлаётган ҳолатлар устидан доимий назорат ва кузатув олиб бориш деярли имконсиз. Меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчалари бино ҳамда ҳудудларининг видеокузатув камералари билан жиҳозланиши юзаки чоралар ҳисобланади.

Муаммони фақатгина васийликнинг оилавий шакллари ҳамда тутинган ота-оналарни қўллаб-қувватлаш хизматлари йўли билан ҳал этиш мумкин.

Институционализация битирувчиларга балоғатга етганидан кейин ҳам муаммоларни келтириб чиқаришда давом этади. Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг тўсатдан катта ҳаётга ўтиши қийин кечади. Уларнинг ижтимоий яккаланиб қолиши, уйсиз ва ишсиз бўлиб қолиши, жиноятчига айланиши, руҳий саломатлигининг бузилиши ва улар ҳаттоки, ўз жонига қасд қилишгача бориши мумкин.

Кўплаб оилаларда болалар одатда овқат тайёрлаш, кир ювиш, озиқ-овқат ва кийим-кечакларни сотиб олиш ҳамда бошқа шу каби майда-чуйда ишларни ўзлари қиладилар ва бу борада мустақил қарор қабул қила олади, бироқ болалар уйларида бу каби ишларни бошқалар улар учун қилиб берганлари сабабли уларда боқимандалик кайфияти пайдо бўлади. Мустақил ҳаёт кўникмалари мавжуд бўлмагани натижасида улар жамиятдаги мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган ҳолда чиқарилади.

Яна бир ҳолат. Болалар уйлари давлат бюджетига жуда қимматга тушади. Иш ҳақи жамғармаси, коммунал хизматлар ва болалар уйининг биноларини сақлаш харажатлари. Молиявий харажатлар бир тараф, лекин маънавий зарарни таққослаш қийин. Болалар уйлари жамиятга жуда қимматга тушади, чунки биз ёпиқ муассасаларда болалар уйлари тарбияланувчиларининг руҳиятини ва ривожланишини бузмоқдамиз.

Агарда етимхоналардан аста-секинлик билан воз кечилиб, «озод қилинган» инсоний ва молиявий ресурсларни профессионал васийлик ва ҳомийликни ривожлантиришга йўналтирсак, болаларни оилаларга тарбиялаш учун жойлаштириш орқали бюджетдан солиқ тўловчиларнинг пуллари камроқ сарфланган бўларди.

Болалар уйларини ёпиш зарурлиги ҳақида гап кетганида, биринчи навбатда оилаларнинг ажралиб кетишига барҳам берадиган ижтимоий хизматларни ривожлантириш ҳамда ўз оилалари билан яшай олмайдиган болаларга муносиб муқобил таклифларни тақдим этиш зарур.

Иккинчидан, инсоний ва молиявий ресурсларни қайта йўналтирган ҳолда болаларни босқичма-босқич муассасалардан уларнинг эҳтиёжларига кўпроқ мос келадиган васийликнинг оилавий шаклларига ўтказиш зарур. Энг асосийси, етимлик оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг олдини олиш, ҳимояга муҳтож оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш ҳамда инклюзив (уйғунлашган) ривожланишга кўмаклашиш зарур”, – деди Алия Юнусова.

Тадбирда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде ҳам сўз олди.

“Ўз оилалари ва қариндошлари болаларга ғамхўрлик қилганида улар гуллаб-яшнаши ҳамда институционаллаштириш нақадар зиёнли экани ҳақида ЮНИСЕФ ишончли маълумотларга эга. Болалар ҳамжамиятларда улғайса, уларнинг барча ривожланиш натижалари сезиларли даражада яхшироқ бўлишини биламиз.

Институционал парваришни қўллашни сўнгги чора деб биладиган ҳамда энг муҳтожлар, жумладан уч ёшдан кичик ва ногиронлиги бўлган фарзандларни ўстираётган оилаларга қаратилган ижтимоий хизматларнинг кенг кўламини яратишни назарда тутадиган болалар парваришининг замонавий тизимини барпо этишда ҳукуматни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, – деди ЮНИСЕФ расмий вакили.

Қайд этилишича, халқаро даражада болаларни парвариш қилиш соҳаси катта муассасалар ўрнига оилавий ва жамоатчилик асосида бир қатор хизматлар кўрсатиш сари ўзгармоқда.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда ноинституционллаштириш жараёнини тезлаштириш бўйича тавсиялар берди.

Мавзуга оид