09:27 / 02.07.2021
6489

АҚШда ўлим жазосига мораторий киритилди

АҚШ бош прокурори Меррик Гарленд федерал даражада чиқарилган ўлим жазоси ҳукмларининг ижро этилишини тақиқлаб қўйди. Ушбу қарор адлия вазирлиги ўлим жазосига ёндашувини таҳлил қилиб олгунча амал қилади.   

«Бугун адлия вазири федерал даражадаги ўлим жазосига мораторий киритиш ҳақидаги меморандумни эълон қилди. Тегишли таҳлиллар ўтказилиб бўлмагунча федерал даражада ўлим жазолари тайинланмайди», деб айтилган адлия вазирлиги хабарида.

Гарланд сенатда бош прокурор лавозимига ўз номзодининг тасдиқланиши вақтида айбсиз одамлар қатл этилиши мумкинлигидан хавотир билдирганди.

Президент Жо Байден ўз сайловолди кампанияси вақтида ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган қонунни қўллаб-қувватлашга ваъда берганди. Унинг маъмурияти ҳокимият тепасига келгач, ушбу ваъданинг бажарилишини талаб қилувчи ҳуқуқ ҳимоячиларининг тобора кучлироқ босимига учраган.

АҚШда ўлим жазоси 28та штатда татбиқ қилинади. У, шунингдек, федерал даражада ҳам қонунлаштирилган.

Маълумотларга кўра, аввалги президент Дональд Трамп муддатининг охирги ойларида АҚШда 13та ўлим жазоси ижроси амалга оширилган. Бунгача мамлакатда 2020 йил июлгача 17 йил давомида федерал даражада ўлим жазолари ижро этилмай келинган.   

Жорий йилда АҚШда 3 нафар, 2020 йилда эса 17 нафар маҳбус қатл этилган. Ўлим жазоси ҳақидаги ахборот маркази маълумотларига кўра, 2020 йил октябрда АҚШда ўлим жазоси ижросини кутаётган 2,5 мингдан кўпроқ маҳбус бўлган.

Top